Jump to content

Ксеродерма

From Ziyosfera
Revision as of 20:20, 7 August 2026 by Programmer (talk | contribs) (Oʻzbekiston Milliy Ensiklopediyasi (OʻZME) loyihasidan 100% asl holatida import qilindi.)
(diff) ← Older revision | Latest revision (diff) | Newer revision → (diff)

Ксеродерма, пигментли ксеродерма (юнонча: „херос“ – қуруқ ва дерма) — терининг наслдан-наслга ўтадиган туғма касаллиги; дерматозларта киради. Бунда тери қуёш нури (ултрабинафша нур)га ўта сезгир бўлади. Асосан, бола ҳаётининг биринчи йилларидаёқ намоён бўлади. Офтоб баданнинг очиқ жойларига (юз, қўл-оёққа) тушганидан кейин, у ерда эритематоз (қаранг Эритема) ва пигментли доғлар пайдо бўла бошлайди: тери қуруқшаб, қазғоқлайди, бора-бора тери юпқа тортиб, буришади (бурун қирралашиб, оғиз тортишиб қолади), конъюнктивит, кўз қовоқларининг қайрилиб қолиши ва ҳоказолар кузатилади. Боланинг ёши катталашган сайин (8—10 ёшларда) терисида сўгалсимон ёки папилломатоз ўсимталар пайдо бўлиб, эпителиомалар (рак, базалиома, меланома ва бошқалар) га айланиши мумкин (қаранг Папиллома). Беморга кортикостероидлар, витаминлар, рентгентерапия буюрилади, баъзан жарроҳлик усули қўлланади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил