Jump to content

Лаванда

From Ziyosfera
Revision as of 20:21, 7 August 2026 by Programmer (talk | contribs) (Oʻzbekiston Milliy Ensiklopediyasi (OʻZME) loyihasidan 100% asl holatida import qilindi.)
(diff) ← Older revision | Latest revision (diff) | Newer revision → (diff)

Лаванда (лотинча: Лавандула) — лабгулдошлилар оиласига мансуб бута ёки доим яшил чала буталар туркумга кирувчи, эфир мойли ўсимлик. Ўрта Денгиз соҳилларида 25 дан ортиқ тури учрайди. Асосан, Франсия, Италия, Испания, Венгрия, Молдова, Қрим, Россиянинг Краснодар ўлкасида энсиз баргли лаванда(лаванда ангустифолиа) тури етиштирилади. Лаванданинг янги тўпгулида 1,2 — 2,3% эфир мойи мавжуд. Парфюмерия, озиқ-овқат саноати, тиббиётда қўлланади. Лаванда ёруғсевар, қурғоқчиликка чидамли ўсимлик бўлиб 30° совуққа ҳам чидайди. Қаламчасидан кўпайтирилади. Илдизи 40—50 та узун ипсимон илдизчалардан иборат. Тупроққа 2 м чуқур кириб боради. Сершох, бир тупида 400—800 та поя ҳосил қилади. Меваси қўшалоқ, 4 та ёнғоқчадан иборат, ранги сариқ — жигарранг. Экилган кўчатлардан 2-йилдан бошлаб 20—25 йилгача ҳосил олинади. Ҳар 6—7 йилда лавандазорлар ёшартирилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил