Денгиз тошбақалари (Челониидаэ) — тошбақалар оиласи. Суйри шаклидаги косаси мугуз қалқонлар билан қопланган бўлиб, 80 см дан 1,4 м гача, оғирлиги 600 кг га яқин, боши ва калта бўйни косаси остига тўлиқ жойлашмайди. Оёклари сузгич куракка айланган, ичкарига тортилмайди; эшкаксимон (1—2 тирноқли) олдинги оёклари орқа оёқларидан узунроқ бўлиб, ҳаракатланиш вазифасини бажаради. 6 тури (4 уруғи) тропик ва субтропик денгизларда тарқалган. Тез сузади, чуқур шўнғийди. Озиқ ва кўпа-йиш жойини қидириб юзлаб ва минглаб км йўл босади. Фақат тухум қўйиш учун урғочиси қуруқликка чиқади, 200 ва ундан кўпроқ терисимон пўстли тухум қўяди. Моллюска, балиқ ва сув ўтлари билан озиқланади. Энг йирик яшил, яъни шўрвалик тошбақа (Челониа медас)нинг уз. 1,4 м, оғирлиги 600 кг гача. Гўшти, тухуми, косаси учун овланади. Кўп овланиши туфайли сони камайиб кетган. Йирик Д. т.га логгерхед, яъни бошли тошбақа (Cаретта Cаретта) косасининг уз. 1 м гача, зайтун тошбақаси, яъни тинч океан тошбақаси (Лепидочелйс оливаcеа) косасининг уз. 80 см гача, атлантика ридлеяси (Л. Кемпи) ҳам киради. Д. т.га биссани, баъзан терили тошбақа (Дермочелус сопасеа)ни ҳам киритишади. Терили тошбақа косаси 2 м гача, оғирлиги 600 кг гача бўлади. Барча турлари Халқаро қизил китобга киритилган.
Адабиёт
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил