Jump to content

Гагҳара жанги

Координаталари: 25°48′Н 84°48′Э / 25.8°Н 84.8°Э / 25.8; 84.8
From Ziyosfera
Гагҳара жанги
Бобурийлар давлати

Саналар 1529-йил 6-май
Уруш ери Ғоғра дарёси, Ревелганж (ҳозирги Биҳар, Ҳиндистон)
Натижа Бобурийлар ғалабаси
Рақиблар
Бобурийлар давлати Шарқий Афғон конфедерацияси
Бенгалия султонлиги
Қўмондонлар
Бобур
Ҳумоюн
Байрамхон
Аскарий Мирзо
Муҳаммад Замон Мирзо
Султон Жалол уд-Дин Шерки
Султон Жунайд Барлос
Устод Али Қули
Мустафо Румий
Шершоҳ
Султон Нусрат Шоҳ
Султон Маҳмуд Лўдий
Султон Жалол уд-Дин Лоҳани †
Баезид
Бибан
Фатеҳ Хон Ширвоний †
Шоҳ Муҳаммад Маъруф †
Бҳактуддин Айбек
Ҳакам Хон
Кучлар
Нома’лум Бутун қўшин[1]

Гагҳара жанги — 1529-йилда бўлиб ўтган, Бобурийлар империясининг Ҳиндистонни забт этишидаги муҳим жанглардан бири[2]. Ундан олдин 1526-йилда Биринчи Панипат жанги ва 1527-йилда Кҳануа жанги бўлиб ўтган эди. Шаклланаётган Бобурийлар империяси ҳукмдори Бобур қўшинларига ҳинд иттифоқчилари ҳам қўшилиб, султон Маҳмуд Лўдий бошчилигидаги Шарқий афғон иттифоқчилари ҳамда Султон Нусрат Шоҳ бошчилигидаги Бенгалия султонлиги қўшинларига қарши жанг қилганлар[3].

Тарихи

Маҳмуд Лўдий Деҳли тахтини эгаллашга интилган. Ғарбий афғон иттифоқчилари уни Деҳли султонлигининг қонуний вориси деб э’лон қилган, Ражпут иттифоқчилари эса уни қўллаб-қувватлаган эди. Бироқ 1527-йилдаги Кҳануа жангида мағлубиятга учрагач, у қочишга мажбур бўлди ва Гужаратдан бошпана топди. Шарқдаги қариндошлари билан алоқа ўрнатишга бир неча бор уринганидан сўнг, ниҳоят, улар сафига қўшилишга муваффақ бўлди. Шарқий афғон иттифоқчиларига бошчилик қилган Маҳмуд Лўдий Биҳарни эгаллади.

Бобурнинг Чандерига юришидан бир мунча вақт ўтиб, янги сулолага мансуб, Биҳарнинг Пуштун ҳукмдори султон Муҳаммадшоҳ Лоҳа вафот этди. Унинг ўрнига вояга етмаган ўғли султон Жалолиддин Лоҳани тахтга ўтирди. Шундан сўнг, ҳеч бўлмаганда Биҳарда давлат ишларини асосан шаҳзоданинг онаси Дуду ва шу вақтга келиб катта обрў қозонган Фаридхон (кейинчалик Шершоҳ номи билан машҳур бўлган) бошқара бошлади. Мамлакатда ёш ҳукмдорнинг қариндошлари бўлган Лоҳани зодагонлари, катта та’сир кучига эга Бабан ва Баязид, Шершоҳ ҳамда бошқа амирларнинг тахтга да’вогарлиги туфайли низолар авж олган эди. Бу гуруҳлар ўртасидаги низолар, шунингдек, аввалги юришларда пуштун қўшинларининг Бобур лашкарларидан мағлубиятга учрагани оқибатлари ёш шаҳзодани охир-оқибат Бенгалия султони ҳудудидан бошпана излашга мажбур қилди[4].

Бундай вазиятда Жаунпур ва умуман Ҳиндистондаги афғонлар ўз ишларининг бутунлай барбод бўлишига йўл қўймаслик ҳамда имкон қадар барча манфаатларни бирлаштириш мақсадида, илгари Рана Санга кўмагида Деҳли тахтини эгаллашга уринган султон Маҳмуд Лўдийни чақиришга қарор қилдилар. Бу уринишда мағлубиятга учрагач, у Гужаратга чекинган эди. Кейинчалик Бунделкҳанддаги Паннага йўл олиб, у ерда вазиятнинг қулай томонга ўзгаришини кутиб қолди. Энди эса Биҳар ва Жаунпур тахтига ўтириш ҳақидаги таклифни қабул қилди. Кўп ўтмай, унга турли ҳудудлардан ватандошлари қўшилди ва у деярли бутун Биҳарнинг қаршиликсиз эгалланишига эришди. Энг ҳайратланарли жиҳати шундаки, бу қадар кенг кўламли фитна ва ҳаракатлар қандай қилиб сир сақланган ҳолда муваффақиятли амалга оширилганидир. Буни, эҳтимол, ҳар бир пуштуннинг умумий муваффақиятдан чуқур манфаатдор бўлгани, шунингдек, қабила а’золарининг ўз бошлиқларига ва бир-бирларига садоқат билан муносабатда бўлиши билан изоҳлаш мумкин.

Бу хабарни олган куннинг эртасига Бобур Аграга қайтиб келди ва у ерда ўз кенгашига шарқий қўшинларга зудлик билан ўзи қўмондонлик қилишини ма’лум қилди. Қўл остида мавжуд бўлган қўшинларни олиб, 1529-йил 2-февралда йўлга чиқди. Доаб ҳудудидан ўтиб, 1529-йил 27-февралда Даккакида Ганг дарёсининг ўнг соҳилига етиб келди. Бу ерда уни ўғли Ҳумоюн, генерал Аскарий ва дарёнинг нариги томонидан келган бир неча саркарда кутиб олди. Улар билан қуйидагича келишиб олди: Бобурнинг қўшини дарёнинг ўнг соҳили бўйлаб қуйи оқим томон ҳаракатланар, уларнинг қўшини эса чап соҳил бўйлаб юриб, ҳар сафар Бобур қўшини қаршисидаги соҳилда қароргоҳ қурарди.

Бу ерда олган ма’лумотлари унчалик ҳам кўнгилдагидек эмас эди. Ҳарбий ва сиёсий устунлигини қайта тиклаш учун бор кучини ишга солаётган пуштунлар Султон Маҳмуд Лўдий атрофида тўпланиб, уларнинг сони 100 минг кишига етган эди. Султон Бабан ва Шайх Баезидни катта қўшин билан Сирварга юборган, ўзи эса Маҳмуд томонига ўтган, Султон Жалолиддин Лўдий ҳамда Султон Иброҳим Лўдийнинг кетма-кет вазири бўлган ва худди аввалги ҳукмдорига хиёнат қилгани каби энди Бобурга ҳам хиёнат қилиб, унинг хизматидан кетган Фатеҳхон Ширвоний билан бирга Ганг дарёсининг Биҳар соҳилида қолиб, Чунар томон юраётган эди. Бобур бир қанча парганаларни ҳадя қилиб, унга қўмондонлик вазифасини топшириш орқали илтифот кўрсатган Шершоҳ ҳам исёнчиларга қўшилган, Ганг дарёсидан ўтиб, Банорасни эгаллаган эди. Бобур номидан шаҳарни бошқариб келган, мамлакатнинг аввалги сулоласидан келиб чиққан Султон Жалолиддин Шерқий амалдорлари Шершоҳ яқинлашгач, шаҳардан қочиб кетган эди[3][5].

Шу тариада Шарқий ёки Шерқий қироллиги тахтига уч нафар да’вогар бор эди:

  • Султон Жалолиддин Шерқий — Султон Сикандар Лўдий мамлакатни забт этишидан олдин уни бошқарган қадимги подшоҳлар сулоласининг вакили эди. У яқинда Бобурга таслим бўлиб, ундан ҳимоя сўраган эди. Унинг тахтга бўлган да’волари анча аввалги аҳамиятини йўқотган бўлса-да, бу даврда улар қайта жонлангандек кўринди ва, афтидан, муайян амалий мақсадни кўзлаган Бобур томонидан ҳам тан олинди.
  • Султон Жалолиддин Лоҳани — отаси ва бобоси Султон Иброҳим Лўдийга қарши қўзғолонга бошчилик қилган эди. Уни Биҳардаги кўплаб афғон зодагонлари қўллаб-қувватлаган, бироқ яқинда иттифоқчиси бўлган Бенгалия султони ҳузуридан паноҳ излашга мажбур бўлган эди.
  • Султон Маҳмуд Лўдий — марҳум Султон Иброҳим Лўдийнинг укаси ва Деҳлидаги Лўдийлар сулоласининг вакили эди. Афғонларнинг асосий қисми эндиликда уни нафақат Биҳар, балки Деҳли тахтига ҳам да’вогар сифатида қўллаб-қувватлаш учун бирлашган эди.

Бобур вазиятнинг асл ҳолатидан хабардор бўлгач, Ганг дарёси соҳиллари бўйлаб юришини давом эттирди. Каррадан ўтаётиб, у Султон Жалолиддин Шерқий томонидан дабдабали кутиб олинди. Бобур тахтга да’вогарлигини қўллаб-қувватлаган бу шаҳзодага ўз қўшинининг бир қисмини номинал бошқариш ваколатини топширди. Шаҳардан бир-икки кунлик йўл босиб ўтгач, унинг ҳаракатлари натижаси кўзга ташлана бошлади. Бобур Султон Маҳмуд Лўдий яқинда Чунарга етиб бориб, ҳатто унга ҳужум уюштирган бўлса-да, император яқинлашаётгани ҳақида аниқ хабар олиши биланоқ ваҳимага тушиб, қамални тўхтатгани ва тартибсиз равишда чекинганини билди. Шершоҳ ҳам худди шундай Банорасни тарк этиб, дарёнинг нариги соҳилига шошилинч равишда қайтиб ўтган, бу жараёнда эса унинг иккита қайиғи чўкиб кетган эди.

Император қўшини Ганг дарёси ва Ямуна дарёси қўшиладиган Аллоҳободга етиб келгач, 1529-йил 10-мартда Ямуна дарёсидан Приаг томон ўта бошлади. Бобур у ердан Чунар, Банорас ва Ғазипур орқали юриб, эндиликда Сон дарёси ортида мудофаа мавқейини эгаллаган Султон Маҳмудга ҳужум қилишга шошилди. Ғазипурда нуфузли афғонлардан бири Маҳмуд Хон Лоҳани Бобур ҳузурига келиб, унга таслим бўлди. Бобур ҳали шу ҳудудда экан, қувғинга учраган шаҳзода ва Биҳар тахтига да’вогарларидан бири Султон Жалолиддин Лоҳани, келажакда Деҳли ҳукмдорига айланадиган Фаридхон (Шершоҳ) ҳамда бошқа нуфузли афғонлар ҳам ўз итоатларини билдириш учун элчилар юбордилар. Бу Биҳар Лоҳанийлар сулоласининг барҳам топишини англатарди. Эндиликда фақат Султон Маҳмуд Лўдий ва унинг тарафдорларигина қаршилик кўрсатишда давом этарди.

Шундан сўнг Бобур Карманаса дарёсидан ўтиб, Чауса (кейинчалик ўғлининг бошига тушган фалокат билан машҳур бўлган) ва Баксара ёки Буксардан нарида қароргоҳ қурди. У ердан йўлини давом эттириб, қўшини кундан-кунга аскарларнинг ундан юз ўгириши сабабли заифлашиб бораётган Султон Маҳмуднинг яқин атрофда атиги 2 минг кишилик қўшин билан турганини, бироқ император қўшинининг илғор бўлинмаси яқинлашгач, шошилинч равишда чекинганини билди. Унинг ортидан қувиб борилган ва аскарларидан бир нечтаси ўлдирилган эди. Маҳмуд, шунингдек, эҳтимол унга ёрдам бериш мақсадида Ганг дарёсидан ўтган Бенгалия қўшинидан паноҳ топди.

Бобур Ганг ва Сон дарёлари қўшиладиган жой оралиғида жойлашган Биҳардаги Ари вилоятига йўл олди. У ерда Муҳаммад Замон Мирзони Биҳар ҳокими этиб тайинлади ва вилоятдан олинадиган солиқ миқдорини белгилади. Император эндиликда шимоли-шарқдан Ганг дарёсига қуйиладиган Гагҳара дарёси (айрим манбаларда Гогра деб ҳам аталади) қаршисига етиб келган эди. Афтидан, дарёнинг чап соҳилида Бенгалия қироллиги бошланарди. Бу ерда у Султон Маҳмуд Лўдий афғонлар гуруҳи билан икки дарё қўшиладиган жойдаги Бенгалия қароргоҳида эканини билди. Маҳмуд ва унинг тарафдорлари оилалари ҳамда юкларини бошқа жойга кўчирмоқчи бўлганларида, бенгалликлар бунга рухсат бермаган эдилар. Эҳтимол, улар афғонларни гаровда ушлаб қолишни кўзлаган эдилар.

Бобурга яқинда ўз итоатини билдирган Маҳмуднинг рақиби Султон Жалолиддин Лоҳани ҳам худди шундай қароргоҳдан кетишига тўсқинлик қилинган эди. Шу сабабли у бенгалияликлар билан тўқнашиб, тарафдорлари билан Ганг дарёсидан ўтиб, Биҳарга йўл олди ва император қўшинига қўшилиш учун ҳаракатлана бошлади. Шунинг учун Бенгалия қўшинининг жойлашуви ва унинг раҳбарлари хатти-ҳаракатларини бетарафликка зид деб ҳисоблаган император уларни жавобгарликка тортишга тайёргарлик кўрди. Бенгалия султони Нусрат Шоҳ Деҳли султонлиги қулаганидан кейин патхонлардан илгари бой берган айрим ҳудудларини қайтариб олган эди[3].

Яна қаранг

Манбалар

  1. ↑ Роух, Жеан Паул. Ҳистоире дес грандс могҳолс : Бабур (фр). Парис: Фаярд, 1986 — 370-бет. ИСБН 2-213-01846-4. 
  2. ↑ О’Бриэн, Дерек. Тҳе Пуффин Фаcтфиндер (эн). Пенгуин УК, 2011-12-15. ИСБН 978-81-8475-878-8. 
  3. ↑ 3,0 3,1 3,2 Жоши, Рита. Тҳе Афгҳан Нобилитй анд тҳе Мугҳалс: 1526-1707 (эн). Викас Публишинг Ҳоусе, 1985. ИСБН 978-0-7069-2752-8. 
  4. ↑ Рой, Манабендра Натҳ. Тҳе Радиcал Ҳуманист (эн). Манибен Кара, 1986. 
  5. ↑ Боокс, Л. Л. C.. Лоди Дйнастй: Баттле оф Гҳагҳра, Сикандар Лоди, Баттле оф Панипат (эн). Генерал Боокс ЛЛC, Септембер 2010. ИСБН 978-1-158-27228-0. 

Адабиётлар

  • Публиc Домаин Эрскине, Wиллиам. А Ҳисторй оф Индиа Ундер тҳе Тwо Фирст Совереигнс оф тҳе Ҳоусе оф Таимур, Бáбер анд Ҳумáюн. Лонгман, Броwн, Греэн, анд Лонгманс, 1854. 


25°48′Н 84°48′Э / 25.8°Н 84.8°Э / 25.8; 84.8