Кўҳна Урганч
Кўҳна Урганч | |
|---|---|
| шаҳар | |
| 42°19′31″Н 59°9′27″Э / 42.32528°Н 59.15750°Э | |
| Мамлакат | Туркманистон |
| Вилоят | Дашогуз вилояти |
| Ҳукумат | |
| Расмий тил(лар)и | Туркман тили |
| Аҳолиси (2010) |
191 400 |
| Миллий таркиб | ўзбеклар, туркманлар |
| Конфессиявий таркиб | мусулмонлар |
| Вақт минтақаси | УТC+5 |
|
| |
Кўҳна Урганч (туркманча: Кöнеüргенç کؤنهاۆرگنچ — форсча: کهنه گرگانج Куҳне Гургāнж, форсча: کُهنه اورگَنج Куҳне Урганж) — Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятидаги шаҳар (1986-йилдан). Кўҳна Урганч раёнининг маъмурий маркази. Тарихий манбаларда Урганж ёки Гурганж дея таърифланади.
Хўжайли темир йўл стансиясидан 35 км, Тошҳовуз шаҳридан 105 км шимолий ғарбда. Аҳолиси 31,4 минг киши (2000). Кўҳна Урганчда пахта тозалаш, сут, ёғ-экстраксия заводлари, Тошҳовўз гилам фабрикасининг филиали, алоқа бўлими, савдо, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ишлаб турибди. 7 умумий таълим мактаблари, мусиқа, болалар спорт мактаби, соғломлаштириш мажмуаси, кутубхона, маданият уйи, касалхона, сил касалликлари диспансери мавжуд.
Кўҳна Урганч 10 — XIV асрларда Хоразмшоҳлар давлатининг пойтахти бўлиб, Хоразмшоҳлар ва Мовароуннаҳрда энг катта шаҳарлардан бири эди. Асл номи Гурганж, араб географлари асарларида Журжония деб тилга олинади. Милоддан аввал I аср Хитой солномасида Юе-Ган ёки Юе-Сзян шаклида қайд қилинган. X асрнинг 2-ярмида маркази Гурганжда бўлган мустақил амирлик вужудга келиб, у Кат шаҳридаги хоразмшоҳлар билан рақобат қила бошлади. 995 йилда Гурганж амири Маъмун ибн Муҳаммад Катдаги хоразмшоҳлар сулоласини тугатиб, ўзини Хоразмшоҳ деб эълон қилди (995–997). Ўша вақтдан Гурганж Хоразмшоҳлар давлатининг ягона пойтахти бўлиб қолди ва 11 — XII асрларда бу ерда маданият ва санъат равнақ топди. Ўша даврда шаҳар мустаҳкам қалъа деворлари билан ўраб олинди. Баъзи шаҳар дарвозаларининг номлари тарихий қўлёзма асарларда кўрсатиб ўтилган, бўлар: Хажжаж, Кобилон. Гурганч (Урганч)да „Маъмун академияси“га асос солган (қаранг Хоразм Маъмун академияси). Ўрта Осиё, Шарқ мамлакатларининг бир қанча аллома, шоир ва ёзувчиларини ўз атрофига тўплаган. Маъмун Ибн Маъмун Абул Аббос Урганчда бир қанча йирик бинолар қурдирган. Маҳмуд Ғазнавийнинг Хоразмга қилган юриши (1017) натижасида бу ердаги олимларнинг кўпчилиги Ғазнага мажбуран олиб кетилган, шаҳар инқирозга юз тутган.[1]
1221-йилда Чингизхон қўшинлари шаҳарни 6 ой қамал қилиб ололмагач, Амударёни тўсиб турган тўғонни бузиб, шаҳарни сувга бостирди. Мўғуллар барча ҳунармандларни ажратиб олиб Мўғулистонга ҳайдаб олиб кетдилар, қолган аҳолини қириб ташладилар ва бу инсоният тарихидаги энг қонли қирғинлардан бири ҳисобланади. Ўша давр форс тарихчиси Жувайний ёзишича, 1221-йилда Гурганжнинг миллиондан зиёд нуфуси бўлган ва 50 минг мўғул аскарига ҳар бирига йигирма тўрттадан Гурганжликни қатл этиш вазифаси юкланганин, яъни 1,2 миллион Гурганжликни мўғуллар қиличдан ўтказган.
XIV асрнинг бошларида Олтин Ўрда таъсирида бўлган шаҳарда бинокорлик ишлари жонланди. 1333-йилда Гурганжга келган машҳур араб сайёҳи Ибн Баттута бунинг гувоҳи бўлган.
1373-йилда Темур Хоразмга ҳужум қилади ва унинг ҳукмдори Сўфийлар сулоласидан бўлган Юсуф Сўфи Темурга таслим бўлади. 1379-йилда Юсуф Сўфи Урганчни талон-торож қилган Темурга қарши исён кўтарди ва Юсуф Сўфи ўлдирилди. 1388-йилда Урганчдаги сўфийлар сулоласи яна Темурга қарши исён кўтарди; бу гал Темур Урганчни ер билан яксон қилди ва аҳолисини қатлиом қилди, шаҳарнинг суғориш тизимини вайрон қилди, шаҳар турган ерга арпа экиб, фақат битта масжид қолди. Бу Амударё оқимининг кескин ўзгариши билан бирга Кўҳна-Урганчнинг таназзулга юз тутишининг бошланиши бўлди. ХВИ асрда Хива Хоразм пойтахти сифатида алмаштирилиб, охир-оқибат ташлаб кетилган.
XV—XVI асрларда шаҳарнинг маданий ва иқтисодий ривожланишида бир оз турғунлик рўй беради. 1646-йилда Хива хони Абулғозий Баҳодирхон (1643–1664) ҳозирги Урганч шаҳрига асос солди. Шундан кейин қад. шаҳарнинг номи Кўҳна Урганч бўлиб қолди. Хива хони Муҳаммад Аминхон (1846-55) Кўҳна Урганчда бўлиб Хоразм пойтахтини ўша ерга кўчиришга қарор қилди. Лекин, унинг 1855-йилда Сарахсда туркманлар билан бўлган жангдаги фожиали ўлими бу ишга барҳам берди.
Кейинчалик бу ҳудудда XIX асрнинг бошларидан бошлаб туркманлар яшаган, аммо улар, асосан, эски шаҳардан ташқарида яшаган ва эски шаҳарда қабристон сифатида фойдаланган. Аммо, ҳозир шаҳарнинг эски қисмини қабристонга айлантириш тўхтатилди.
1924-йилда Кўҳна Урганч Туркманистон таркибига киритилди. Шаҳарнинг қадимий қисми 1985-йилда Давлат тарихий-маданий музей-қўриқхонаси деб эълон қилинди. Кўҳна Урганчдаги бир неча меъморий ёдгорликлар УНЕСCО ташкилотининг рўйхатига олинди. Шаҳарда ўлкашунослик музейи фаолият кўрсатади. Шаҳарнинг туристик инфраструктурасини вужудга келтириш, археологик қазишмалар, тарихий ёдгорликларни консервация қилиш ва таъмирлаш ишларини фаоллаштириш мақсадида 1997-йилда Туркманистон ҳукумати нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда „Кўҳна Урганчнинг маданий сферасини ривожлантириш“ лойиҳасини амалга оширишга киришди.
Кўҳна Урганчда 12– XIV асрлар меъморий ёдгорликларидан Эл Арслон, Такаш, Тўрабекхоним, Нажмиддин Кубро мақбаралари, Қутлуғ Темур (жоме масжиди) минораси ҳамда карвонсарой қолдиқлари, XVI аср ёдгорликларидан Султон Али мақбараси, XX аср бошидаги ёдгорликларидан Тошмасжид мадрасаси ва бошқа сақланган. Кўҳна Урганчнинг энг қадимий қисми ҳисобланган Қирқмулла тепалигида 1989–92 йилларда олиб борилган археологик қазишмалар натижасида у милоддан аввалги V—IV асрларда вужудга келганлиги аниқланди.
Тарихда Кўҳна Урганч (Гурганж) ўша ерда яшаб, ижод этган ва фаолият кўрсатган машҳур кишилар (Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Маъмун академиясининг буюк алломалари Беруний, Ибн Сино, Абу Сахл Масиҳий, Абул Ҳайр Ҳаммор ва бошқалар) билан дунёга танилган.[1]
Манбалар
Адабиёт
- Гулямов Я. Г., История орошения Хорезма, 1957;
- Толстов С. П., Работи Хорезмской экспедиции 1949–1953 гг. ТХАЭЭ, т.2 М., 1958;
- Бартолд В. В., Сочинения, т. З. М., 1965;
- Буниятов З. М., Государство Хорезмшахов-ануштегинидов, М., 1986;
- Юсупов Х., Три факта из истории Кёнеургенча, Известия АН Туркменистана, Серия гуманитарних ваук № 2, 1992;
- Юсупов Х., Сердсе древнего Хорезма, Ашхабад, 1993;
- Нуржонов К., Кўҳна ва Янги Урганч, Урганч, 1993;
- Халимов Н., Памятники Ургенча, Ашхабад, 1991;
- Мамедов М. А., Мурадов Р. Г., Средневековиэ писменниэ источники о Древнем Ургенче, Ашхабад, 2000.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |