Чумолихўрлар (Мйрмеcопҳагидаэ) – чала тишлилар туркумига мансуб сут эмизувчилар оиласи[1]. 3 уруққа мансуб 3 тури бор: катта чумолихўрлар (гавдаси 100– 120 см, думи 60–90 см, оғирлиги 18–23 кг), тамандуа (гавдаси 55 см ча, оғирлиги 3–5 кг), кичик чумолихўрлар (гавдаси 18 см, думи 20 см, оғирлиги 0,5 кг). Катта Ч.нинг елкаси ва думидаги туклар жуда узун (40 см), тумшуғи найсимон, тишлари йўқ; олдинги оёқларидаги тирноғи мустаҳкам, илмоқсимон қайрилган. Тамандуа ва кичик чумолихўрларнинг думи туксиз. Чумолихўрлар оқшомда ва тунда фаол. Асосан, чумоли ва термитлар уясини бузиб, уларни ёпишқоқ узун (60 см) тили билан тутиб ейди. Йилда битта бола туғади. Чумолихўрлар Мексикадан Боливиягача бўлган жойларда, Бразилия ва Шим. Аргентинанинг тропик ўрмонлари ҳамда бутазор даштларида тарқалган. Катта чумолихўрлар камайиб кетгани учун муҳофазага олинган.
Манбалар