Jump to content

Oʻzbek sovet ensiklopediyasi

Ушбу мақола яхши мақолалар сарасига киради.
From Ziyosfera
(Redirected from OʻzSE)
„Ўзбек совет энсиклопедияси“
Файл:Узбек Совиэт Энcйcлопедиа лого.пнг
Ўзбек совет энсикопедиясининг логотипи
Асл номи Ўзбек совет энциклопедияси (ЎзСЭ)
Муҳаррир(лар) Иброҳим Мўминов
(1-9-жилдлар)
Комилжон Зуфаров
(10-14-жилдлар)
Тил ўзбекча
Қисмлар 14 жилддан иборат
Жанр(лар)и энсиклопедия
Нашриёт „Ўзбек совет энсиклопедияси“нинг Бош редаксияси
Ўзбек тилида нашр этилган санаси 1971-1980

„Ўзбек совет энсиклопедияси“ (Ўзбек совет энсиклопедияси) — Ўзбекистон ССРда чиқарилган 14 жилдли универсал энсиклопедия. Ўзбек совет энсиклопедияси ўзбек тилида ёзилган биринчи кенг қамровли энсиклопедия[1]. Энсиклопедия кирилл ёзувида ёзилган. Ўзбек совет энсиклопедияси „Ўзбек совет энсиклопедияси“нинг Бош редаксиясида чоп этилган. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин чиқарилган „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“даги аксар мақолалар Ўзбек совет энсиклопедиясидан олинган.

Ўзбек совет энсиклопедиясининг барча 14 жилди 1971-йилдан 1980-йилгача чиқарилган. 1—9-жилдларга Ўзбекистон ССР Фанлар академияси аъзоси, фалсафа фанлари доктори Иброҳим Мўминов бош муҳаррирлик қилган. 10-14- жилдларга академик Комилжон Зуфаров бош муҳаррирлик қилган.

Ўзбек совет энсиклопедияси кенг оммага мўлжаллаб ёзилган. Энсиклопедия совет даврида ёзилгани учун ундаги мақолаларнинг аксари коммунистик мафкуранинг таъсири остида ёзилган. Бунга қарамасдан энсиклопедияда ижтимоий ва табиий фанлар бўйича мукаммал маълумот берилган.

Жилдлар

Жилд Нашр йили Жилддаги мақолалар қамрови
1 1971 А — Аҳқар
2 1972 Б — Вақф
3 1972 Вақфнома — Деҳли
4 1973 Деҳнав — Индустрия
5 1974 Индустриялаш — Конкуренсия
6 1975 Конкурс — Мармар
7 1976 Мармар оникси — Никелин
8 1976 Никеллаш — Помир
9 1977 Помирдарё — Синдикат
10 1978 Синдлар — Текислик
11 1978 Текислик — Фазлий
12 1979 Фазо — Шашка
13 1979 Шашмақом — Қавс
14 1980 Қавчин — Ҳуқуқ

Тарихи

Ўзбек совет энсиклопедиясини нашр қилиш ташаббусини ЎзССР Фанлар академияси таклиф қилган. Бу ташаббусни 1965-йил 28-апрелда Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий комитети ва ЎзССР Министрлар совети маъқуллаб қарор чиқарган.

1967-йил 5 жилдли Ўзбек совет энсиклопедияси сўзлиги лойиҳаси ва 1-жилд макети нашр қилинган. Булар Улуғ Октабр социалистик револуциасининг 50 йиллигига бағишланиб нашр қилинган. Шу сўзлик ва макет бўйича тўпланган тақриз ва мулоҳазаларга таяниб луғат сўзлиги қайта ишланган.

1968-йил 18-январда Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий комитети ва ЎзССР Министрлар Совети "„Ўзбек совет энсиклопедияси“ни нашр этиш тадбирлари ҳақида"ги қарорида 14 жилдли универсал энсиклопедия ёзиш учун умумий йўналишни белгилаб берилган. Шу қарор бўйича „Ўзбек совет энсиклопедияси“ Бош редаксияси ташкил этилган. Бош редаксия зиммасига Ўзбек совет энсиклопедиясини тайёрлаш ва кейинчалик бошқа энсиклопедиялар ва луғатлар тузиш вазифаси юкланган.[2]

Ўзбек совет энсиклопедиясининг барча 14 жилди 1971-йилдан 1980-йилгача чиқарилган. 1-9- жилдларга Ўзбекистон ССР Фанлар академияси аъзоси, фалсафа фанлари доктори Иброҳим Мўминов бош муҳаррирлик қилган. 10-14- жилдларга академик Комилжон Зуфаров бош муҳаррирлик қилган.

Энсиклопедияда ёзилган материалга таяниб 1981-йил рус тилида „Ўзбекистон ССР“ номли қўлланма (справочник) чоп этилган. Шу қўлланма 1988-йил ўзбек тилида ҳам нашр қилинган.

Тузилиши

Файл:УзСЕ фирст волуме титле паге.ЖПГ
"Ўзбек совет энсиклопедияси" 1-жилдининг титул бети

Ўзбек совет энсиклопедиясининг ҳар бир жилди 50,000 нусхада чоп этилган.[3] Ҳар бир жилднинг ўртача ҳажми 105 нашриёт қоғозини ташкил этади. Жилдларда ўртача 3,000 дан ошиқ мақола бор. Энсиклопедиянинг ҳар бир жилди охирида мақола муаллифлари рўйхати берилган.

Ўзбек совет энсиклопедиясида мақолалар алифбо тартибида берилган. Мақола номлари қора катта ҳарфлар билан берилган. Мақола номларида урғу билан айтиладиган унли товушларга урғу қўйилган. Мақола номларининг кўпчилиги бирлик сонда берилган. Одатда кўплик сонда ишлатиладиган атамалар (масалан, МИНЕРАЛЛАР) кўплик сонда берилган.

Энсиклопедияда айрим сўзларнинг этимологияси ёзилган. Чет тилидан кириб келган сўзларнинг қайси тилдан кириб келгани ва қандай маънони англатиши берилган. Биологик гуруҳлаш номларининг лотинча номланиши мақола номидан кейин қавс ичида берилган.

Мақола номидан кейин тегишли тушунчанинг бошқа синонимлари мавжуд бўлса улар мақола номидан кейин кичик ҳарфлар билан ажратиб ёзилган. (Масалан, АВТОНОМИЙА, м у х т о р и й а т.)

Ўзбек совет энсиклопедиясида шахсиятлар ҳақидаги мақолаларда кишиларнинг фамилияси аввал ёзилган. Масалан, АБДУЛЛАЕВ Ҳабиб Муҳамедович. Аммо шахс тахаллуси ёки исми ва фамилияси билан машҳур бўлса, мақола ўша тахаллус ёки исм билан аталган. Масалан, АЛИСҲЕР НАВОИЙ. Кишилар ҳақидаги мақолаларда шахсият исмидан кейин қавс ичида ўша шахснинг туғилган ва вафот этган санаси араб рақамлари билан йил, кун, ой тартибида берилган.

Жойни тежаш учун мақолалар ичидаги матнда мақола номи қисқартириб ёзилган. Масалан, ТЕМИР ЙЎЛ мақоласи ичида „темир йўл“ ўрнига „т.й.“ деб ёзилган.

Ўзбек совет энсиклопедиясида курсив билан ёзилган сўзлар шу мавзуда энсиклопедияда алоҳида мақола борлигини билдиради. Энсиклопедия бўйлаб бир тушунчани англатувчи сўзлардан асосий атамага йўналтиришлар берилган. Муҳим мақолалар охирида адабиётлар рўйхати кичик шрифтда берилган.

Ўзбек совет энсиклопедиясида мақолалар билан бирга рангли ва рангсиз расмлар, хариталар ва бошқа безаклар бор.

Қамрови

"Ўзбек совет энсиклопедияси"нинг барча жилдлари

Ўзбек совет энсиклопедияси кенг оммага мўлжалланган бўлиб, унда кўп мавзуда чуқур маълумот берилган. Энсиклопедиядаги аксар мақолалар „Катта совет энсиклопедияси“дан олинган. Ўзбеклар ва Ўзбекистон ССР ҳақидаги мақолалар эса бутунлай янгидан ёзилган. Ҳар бир жилдни ёзиш учун ўрта ҳисобда 800 муаллиф қатнашган. Ёзувчилар орасида СССР Фанлар академияси ва ЎзССР Фанлар академияси аъзолари бўлган.

Танқиди

Ўзбек совет энсиклопедияси совет даврида ёзилгани учун ундаги мақолаларнинг аксари коммунистик мафкуранинг таъсири остида ёзилган. Ўзбек совет энсиклопедиясида шу энсиклопедиянинг ўзи ҳақидаги мақолада "„Ўзбек совет энсиклопедияси“ (Ўзбек совет энсиклопедияси) — ўзбек халқининг биринчи марксча-ленинча энсиклопедияси", — деб ёзилган.[3] Энсиклопедия муқаддимасида бўлса:

Ўзбек совет энсиклопедиясига кирадиган мақолалар марксча-ленинча методологияга амал қилиб тайёрланади. Буржуа тузумини ёқловчилар, антикоммунизм тарғиботчилари, ўнг ва „сўл“ ревизионистларнинг ғайри илмий назариялари қомус саҳифаларида илмий асосда танқид қилинади,[2]

— деб ёзилган.

„Ўзбек совет энсиклопедияси“да Аҳмад Яссавий каби суфий файласуфлар ижоди умуман олганда ижобий ёритилган.[4] Абдурауф Фитрат ва Чўлпон каби ёзувчилар бўлса миллатчилик ва пантуркизмда айбланиб танқид қилинган. Гласност йилларида ва мустақил Ўзбекистонда бундай танқидлар бетараф эмас деб қарала бошланди.[5]

Ўзбек совет энсиклопедиясида кўп мақолалар марксист қарашда ёзилган бўлса-да, энсиклопедияда ижтимоий ва табиий фанлар бўйича мукаммал маълумот берилган. Қомусда ССРИ ва Ўзбекистон ССР ҳақида жуда чуқур маълумот берилган. Совет Ўзбекистонидаги ҳаётнинг ҳар бир қирраси яхши ёритилган. Хусусдан, Ўзбекистон ССРнинг тарихи, иқтисоди, илми, санъати ва маданияти тўлиқ ёритилган. Ўзбек совет энсиклопедиясида Ўзбекистондан ташқарида танилмаган ўзбек фан ва санъат намоёндаларининг ҳаёти ва ижоди ҳақида мукаммал маълумот берилган.

Ўзбек совет энсиклопедияси ва ЎзМЕ

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин чиқарилган „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“даги аксар мақолалар Ўзбек совет энсиклопедиясидан олинган. Кўплаб мақолалар Ўзбек совет энсиклопедиясидан ЎзМЕга ҳеч бир ўзгартиришсиз олинган. Баъзи ҳолларда олинган мақолаларга кичик ўзгартиришлар киритилган. Масалан, қўшимчалар, қисқартмалар ўзгартирилган, иложи бўлса русча атамалар ўзбекчага ўгирилган, баъзи ҳолларда ЎзМЕда Ўзбек совет энсиклопедиясидагига қараганда янгироқ маълумот берилган. Масалан, Нигериядаги Аба шаҳри ҳақидаги ва диод ҳақидаги мақолаларда шу кичик фарқларни кузатиш мумкин. Аммо, Ўзбек совет энсиклопедияси ва ЎзМЕдаги мақолалар умуман олганда бир-бирига жуда ўхшаш:

Ўзбек совет энсиклопедиясидан ЎзМЕдан
АБА — Нигериянинг жанубидаги шаҳар. Аба дарёси бўйида, Порт-Харкорт — Энугу темир йўл ва автомобил йўли кесишган жойда. Аҳолиси 131 минг (1963). Ёғли палма маҳсулотлари сотиладиган жой. Совун ва пиво заводлари, ёғ, трикотаж корхоналари бор.[6] АБА — Нигерия жанубидаги шаҳар. Аба дарёси бўйида, Порт-Харкорт — Энугу темир йўл ва автомобил йўли кесишган жойда. Аҳолиси 264 минг (1991). Мойли палма маҳсулотлари сотиладиган жой. Совун ва пиво заводлари, ёғ, тўқимачилик корхоналари бор.[7]
Диод — [юнон. ди — икки марта ва (электр)од)] — икки электродли электрон лампа. Бир томонлама ўтказувчанлик хусусиятига эга. Вакуум ва яримўтказгич Д.лар бўлади. В а к у у м Д. анод ва катоддан иборат. Ток бериб, катод қиздирилса, электронлар оқими анодга қараб йўналади ва анод токи ҳосил бўлади. Катод билан анод орасидаги потенсиаллар фарқи кичик бўлса, лампа ичидаги электронларнинг бир қисми катодга айланади. Бундай ҳодиса т ў й и н м а г а н р э ж и м деб аталади. Потенсиаллар фарқи катта бўлганда Д. тўйинган режимда ишлайди. Бунда электронлар ҳаракати деярли сезилмайди. Й а р и м ў т к а з г и ч Д.да икки хил ўтказгич чегарасида ҳосил бўлган потенсиал тўсиқ токни фақат бир йўналишда ўтказади. Д. токни тўғрилаш, токни чегаралаш ва частотани ўзгартириш учун қўлланади.[8] Диод — [ди… ва (электр)од)] — икки электродли электрон лампа. Бир томонлама ўтказувчанлик хусусиятига эга. Вакуум ва яримўтказгич Д.лар бўлади. Вакуум Д. анод ва катоддан иборат. Ток берилиб, катод қиздирилса, электронлар оқими анодга қараб йўналади ва анод токи ҳосил бўлади. Катод билан анод орасидаги потенсиаллар фарқи кичик бўлса, лампа ичидаги электронларнинг бир қисми катодга айланади. Бундай ҳодиса тўйинмаган режим деб аталади. Потенсиаллар фарқи катта бўлганда Д. тўйинган режимда ишлайди. Бунда электронлар ҳаракати деярли сезилмайди. Яримўтказгич Д.да икки хил ўтказгич чегарасида ҳосил бўлган потенсиал тўсиқ токни фақат бир йўналишда ўтказади. Д. токни тўғрилаш, токни чегаралаш ва частотани ўзгартириш учун электр аппаратлар ва радиоаппаратларда қўлланади.[9]

Манбалар

  1. ↑ (рус.) „ЎзСЕ“. Катта энсиклопедик луғат (2000). Қаралди: 31-май 2012-йил.
  2. ↑ 2,0 2,1 Мўминов, Иброҳим, эд (1971). "Муқаддима". „Ўзбек совет энсиклопедияси“. 1. Тошкент. 5 б. 
  3. ↑ 3,0 3,1 Зуфаров, Комилжон, эд (1979). "„Ўзбек совет энсиклопедияси“". „Ўзбек совет энсиклопедияси“. 13. Тошкент. 490 б. 
  4. ↑ (ингл.) Рамет, Сабрина. Религион анд Натионалисм ин Совиэт анд Эаст Эуропеан Политиcс. Дуке Университй Пресс, 1989 — 215-бет. 
  5. ↑ (ингл.) Кара, Ҳарим (2002). „Реcлаиминг Натионал Литерарй Ҳеритаге: тҳе Реҳабилитатион оф Абдурауф Фитрат анд Абдулҳамид Сулаймон Чолпан ин Узбекистан“. Эуропе-Асиа Студиэс. 54-жилд, № 1. 123-142-бет. {{cите магазине}}: Ункноwн параметер |монтҳ= игноред (ёрдам)
  6. ↑ Мўминов, Иброҳим, эд (1971). "Аба". „Ўзбек совет энсиклопедияси“. 1. Тошкент. 9 б. 
  7. ↑ "Аба". „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“. Тошкент. 2000-2005. 
  8. ↑ Мўминов, Иброҳим, эд (1973). "Диод". „Ўзбек совет энсиклопедияси“. 4. Тошкент. 51 б. 
  9. ↑ "Диод". „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“. Тошкент. 2000-2005. 

Ҳаволалар