Jump to content

Қовунчитепа

From Ziyosfera

Қовунчитепа — археологик ёдгорлик (милоддан аввалги VI аср — милодий VIII аср ва 15— XVI асрларга оид шаҳар харобаси). Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳридаги Куркулдак каналининг чап соҳилида жойлашган. Археолог Г. В. Григорев қазиш ишлари олиб борган (1934— 37), бу ердан кулолчилик ва қурилиш муҳандислигига мансуб буюмлар топилган. Кейинчалик Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти (Ю. Ф.Буряков раҳбарлигида) томонидан ўрганилган (1970, 1976, 1978). Майдони 25 га. Қ. баланд арк (50×50 м), тўғри тўртбурчакли шаҳристон (150×100 м) ва рабоддан иборат. Маданий қатламлар (4—12,5 м қалинликда) Бурганли маданияти ва Қовунчи маданиятига оид меъморликқурилиш қолдиқларидан ташкил топган. Аркнинг остки қатламларида ертўлалар, кулхона, қўлда ясалган дағал сопол идишлар Бурганли даври (милоддан аввалги 6—3асрларга)га тегишлидир. Қазиш натижасида туби юмалоқ, тумшуқли қозонлар, ярим юмалоқ тоғорачалар, юза косалар, туби текис хумчалар топилган. Айрим идишларга қизил, жигарранг ангоб билан кенг чизиқ ёки ромб шаклида нақшлар берилган. Қовунчи даври 2 босқичга бўлинган. Милоддан аввалги II аср — милодий II асрда хом ғишт ва пахсадан истеҳком ҳамда турар жой бинолари қурилган. Милодий 3—VIII асрларда шаҳар ва рабодда ҳаёт анча ривожланган. Моддий маданиятга Сирдарёнинг қуйи қисмида яшаган қад. аҳолининг маданияти катта таъсир қилган. VIII асрнинг 1-ярмида арабларнинг Чочга қилган босқинчилигидан сўнг Қ. ташландиқ ҳолга келган. XV—XVI асрга келиб, унда ҳаёт қайта тикланган.