Лутфи Саримсоқова
| Лутфи Саримсоқова | |
|---|---|
| Таваллуди |
8-май 1896-йил Оқер қишлоғи, Риштон волости, Қўқон уезди, Фарғона вилояти (Россия империяси) |
| Вафоти |
14-январ 1991-йил (94 ёшда) Тошкент, Ўзбекистон ССР, СССР |
| Фуқаролиги |
|
| Касби | Актриса, қўшиқчи |
| Фаолият йиллари | 1928—1977-йиллар |
| Мукофотлари |
|
Лутфихоним Саримсоқова (1896.8.5, Фарғона вилояти Риштон тумани – 1991.14.1, Тошкент) – актриса, хонанда. СССР халқ артисти (1967) . Ўзбекистон ССР халқ артисти (1937). Ижодий фаолиятини 1924-йил Қўқон хотин-қизлар ҳаваскорлик тўгарагида бошлаган. Қўқон (1926—28), Андижон (1928—31), Марғилон (1931 – 34) театрларида, Ўзбек давлат мусиқа театрида (1934—39), Муқимий театрида (1940—73) ишлаган. Ўзбекистон давлат филармонияси қошидаги дуторчи хотин-қизлар ансамблининг ташкилотчиси ва бадиий раҳбари (1939—40). Халқ санъатига хос бўлган соддалик ва мукаммаллик, ўткир ҳажв ва заковат, самимият ва қудрат, мазмундорлик ва таъсирчанлик каби ҳислатлар С. ижодий услубининг асосини ташкил кидали. С. ҳам лирик, ҳам фожиавий, ҳам ҳажвий актриса бўлиб, халқ қўшиқларининг моҳир ижрочиси, ҳозиржавоб аскиячи, уста раққоса ва яхшигина дуторчи сифатида ҳам танилган. Қўқон театрида саҳналаштирилган „Аршин мололон“ (У.Ҳожибеков) мусиқали комедиясида дастлаб Зебо, кейинроқ Жаҳон хола, Гулчеҳра, „Лайли ва Мажнун“, „Фарҳод ва Ширин“ (Хуршид) спектаклларида Лайли ва Ширин образларини яратган. Туғма истеъдод, шижоат, ўз касбига муҳаббат, ҳаракатчанлик натижасида Аделма (К. Гоцси, „Маликаи Турандот“), Смералдина (К.Голдони, „Икки бойга бир малай“), Турсун (В.Ян, Чўлпон, „Ҳужум“) каби образларни маҳорат билан яратди. Актриса ижодида, асосан, 2 йўналиш етакчилик қилди: бири лироэпик тарздаги муштипар оналар образи бўлса, иккинчиси салбий ва сатирик роллардир. Иккала йўналишда ҳам С. чинакам маҳорат чўққиларини эгаллади. Ойсара (К.Яшин, „Гулсара“), Она (Ғ. Зафарий, „Ҳалима“), Ёсуман (Хуршид, „Фарҳод ва Ширин“) роллари бунга мисоддир. С, айниқса Ёсуман образини халқ санъати воситалари ёрдамида юксак бадиий умумлашма даражасига кўтарди. Уни ёвузлик, разиллик, макрҳийла тимсоли сифатида гавдалантирди. „Майсаранинг иши“ (Ҳамза) комедиясидаги Майсапа образида ўз имкониятларини аёл эрки ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга қаратган бўлса, „Паранжи сирлари“даги Мастура сатанг образида, аксинча, ақл-идроки ва куч-қудратини аёлларнинг ҳуқуқ ва туйғуларини поймол қилишга сарфлайди. Халча хола („Қурбон Умаров“), Хайри хола („Офтобхон“), Жамол опа („Олтин кўл“), Рисолат чевар („Муқимий“), Хадича хола („Фарғона тонг отгунча“) каби муштипар, мунис оналарнинг ранг-баранг образлари билан ўзбек театри ва актёрлик санъати ривожига катта ҳисса қўшган. Айниқса, С. ижросидаги Кимё („Нурхон“) образи ўз жигарбандининг эркин нафас олиши учун ҳар қандай қийинчиликларга бардошли, оқ кўнгил оналар образининг мумтоз намунаси бўлиб, ижроси соддалиги, гўзаллиги билан ажралиб туради.
С. ўзбек кино санъати тараққиётига улкан ҳисса қўшган. Унинг кино роллари саҳна фаолиятининг давоми бўлиб, бу ерда ҳам меҳрибон, мунис, жафокаш ўзбек оналари образини яратган. Она („Қасам“), Шарофат („Опасингил Раҳмоновалар“) ва бошқа образларда актриса ўзига хос қиёфа касб этди. С. энг кичик ролни ҳам ниҳоятда моҳирлик билан ижро этиб, унга улкан мавзу ва ҳаётий ҳақиқатни мужассамлаштирган, мустақил ва йирик образ ярата олиш мумкинлигини телба аёл („Фарзандлар“) роли билан исботлади. Актрисанинг кино санъатидаги ҳақиқий истеъдоди ва маҳорати Меҳринисо („Маҳаллада дув-дув гап“), Фотима опа („Сен етим эмассан“) образларида тўла намоён бўлди. Меҳринисо образи орқали оддий оналарнинг феъл-атвори ва руҳиятини табиий бўёқлар билан ифодалаган бўлса, Фотима опа образида 14 етим болани ўз бағрига олиб тарбиялаган ўзбек аёлининг оқ кўнгил, куюнчаклиги, саховати, одамийлиги ва буюк иродасини юксак маҳорат билан етказа олди. С. хонанда сифатида „Кулинг“, „Ўзганча“, „Ёр-ёр“, „Ҳаккалакам ўйнасам ман“, „Жамбилхон“, „Ёргинам“, „Омон бўлайлик“, „Қилпиллама“ каби ўзбек хотин-қизларининг халқ ашула, қўшиқ ва лапарларини маромига етказиб ижро этган.
С. ҳаёти ва ижодига бағишланган „Ая“ (1976), „Лутфихон ая“ ҳужжатли филмлари суратга олинган. Вафотидан сўнг "Буюк хизматлари учун" ордени билан мукофотланган (2001).[1]
Биографияси
Лутфихоним Саримсоқова 1896-йил 8-майда Фарғона вилояти, Қўқон уезди, Риштон туманида[2][3] камбағал деҳқон оиласида туғилган.
Касб танлашда сайёр театр труппаси Ҳамзанинг 1920-йилларда Риштонда „Бой ва меҳнаткаш“, „Майсаранинг найранглари“, „Бурқа сирлари“ спектаклларидаги чиқишлари катта таъсир кўрсатди.
Биринчи рус инқилоби кейинги йилларда – ҳаваскор театр томошаларида иштирок этди. 1925-йили Қўқонда профессионал саҳнада чиқиш қила бошлайди. 1926—1928 йилларда – Қўқон театри актрисаси (1927-йилдан – Фарғона тумани давлат труппаси, собиқ Ҳамза, ҳозир Қўқон шаҳар мусиқали драма театри), 1928—1931-йилларда – Андижон театри (кейинчалик – Йўлдош Охунбобоев номидаги Андижон вилоят мусиқали драма ва комедия театри, ҳозир – З. М. Бобур номидаги), 1931—1934-йилларда —— Фарғона театри (ҳозирги Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги Фарғона ўзбек драма театри) (бошқа маълумотларга кўра – Марғилон театрида[3])да фаолият олиб боради. 1934—1939 ва 1940—1973-йилларда – Тошкентдаги Ўзбек мусиқали драма театри (1939-йилда ажралиб чиққандан кейин – Муқимий номидаги Ўзбек мусиқали драма ва комедия театри) актрисалик қилади.
1939—1940-йилларда – Тошкентдаги Ўзбекистон Давлат филармонияси қошидаги – дутор аёллар ансамбли ташкилотчиси ва бадиий раҳбари.
Қўшиқчилик фаолияини ҳам олиб борган[4].
Манбалар
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- ↑ Болшая совецкая энсиклопедия. Гл. ред. А. М. Прохоров, 3-э изд. Т. 22. Ремен – Сафи. 1975. 628 стр., илл.; 37 л. илл. и карт.
- ↑ 3,0 3,1 „Лютфиханум Сарымсакова“. 2015-йил 12-майда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2015-йил 18-май.
- ↑ „Лутфихоним Саримсоқова - Википедия“. 2019-йил 17-апрелда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2015-йил 18-май.
Ҳаволалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Актёр ёки актриса ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |
- 8-майда туғилганлар
- 1896-йилда туғилганлар
- Қўқон уездида туғилганлар
- 1991-йилда вафот этганлар
- 14-январда вафот этганлар
- Тошкентда вафот этганлар
- Буюк хизматлари учун ордени соҳиблари
- Ленин ордени соҳиблари
- Октабр Инқилоби ордени соҳиблари
- Меҳнат Қизил Байроқ ордени соҳиблари
- СССР халқ артистлари
- Ўзбекистон ССР халқ артистлари
- Чиғатой қабристонига дафн этилганлар
- Ўзбекистон фаоллари
- Совет Иттифоқи Коммунистик Партияси аъзолари
- Совет актрисалари
- Ўзбекистонлик аёл қўшиқчилар
- Ўзбекфилм кишилари
- Ўзбекистон кино актрисалари
- Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг 5-чақириқ депутатлари
- Ўзбекистон ССР Олий Советининг 6-чақириқ депутатлари
- Алифбо бўйича сиёсатчилар
- Алифбо бўйича қўшиқчилар
- Актёрлар ҳақидаги чала мақолалар