Jump to content

Дадаали Соатқулов

From Ziyosfera
(Redirected from Soatqulov Dadaali)

Википедияда исми Дада ва фамилияси Соатқулов бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.
Файл:Дадаали Соатқулов.жпг

Дадаали Соатқулов (1917, Поп тумани – 1985, Тошкент) – композитор, созанда (най), мусиқа жамоат арбоби. Ўзбекистон халқ артисти (1967). Тошкент консерваториясини тугатган (1953). Отасидан най чалишни ўрганган. Тўйчи ҳофиз, Юнус ва Ризқи Ражабий, И. Икромовлардан ўзбек мусиқа меросини ўзлаштирган. Чует – Поп туманлараро колхоз – совкоз театрида (1930— 1933), Қўқон театрида созанда, мусиқа раҳбари (1934—1940). Ўзбекистон радиоси халқ чолғулари оркестрида созанда, дирижёр ва бош дирижёр (1940— 1953). Ўзбек давлат филармониясида директор ва бадиий раҳбар (1953—1959, 1960—1963, 1969—1970), Ўзбек радиосида бадиий раҳбар (1959—1960), бош муҳаррир (1971—1972), Муқимий театрида директор (1963—1969). Ижодида ўзбек мусика мероси (Фарғона йўллари)га таянган. „Зарафшон қизи“ (1960, янги тахрири, 1963), „Гули сиёҳ“ (1964), „Маҳтумқули“ (1966, Б. Гиенко билан ҳамкорликда), „Фарғона тонг отгунча“ (1967), „Ошиклар“ (1973), „Юсуф ва Зулайҳо“ (1979) каби мусиқали драмалар, „Пахтакорлар —тинчлик учун“ кантатаси (1953—54), най ва халқ, чолғулари оркестри учун „Чўли Ироқ“ поэмаси (1950), „Сайилга юриш“ каби сюиталар, „Фарғонача квартет“, қўшиқлар („Моҳигул“, „Чўпон қиз“) ва романслар („Айлади“, „Зебосидан“, „Кўк чашмаси“, „Навбаҳор“, „Гул боққа“, „Гулистоним менинг“) яратган, шунингдек, „Стадионда учрашамиз“ (Г. Мушел билан ҳамкорликда) каби кинофилм ва радиопостановкаларга мусиқа ёзган[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил