Тошкент вилояти
|
| ||
| вилоят | ||
|---|---|---|
| Маъмурий маркази | Нурафшон | |
| Ҳоким | Зоир Мирзаев[1] | |
| ЙАИМ | 18 Млрд $ (2-ўрин) | |
| Расмий тили | О'збек | |
| Аҳоли (2024 Июн) |
3 080 109 (8.3 % , (6-ўрин) | |
| Зичлиги | 201.2 киши./км² | |
| Миллатлар таркиби | О'збек,Қозоқ,Тожик | |
| Динлар таркиби | мусулмонлар | |
| Майдони |
15,300 км² (3.4 %) | |
| Вақт минтақаси | УТC+5 | |
| Код ИСО 3166-2 | УЗ-ТО | |
| Расмий сайти | https://toshvil.uz/ | |
| Харитада | ||
|
| ||
|
| ||
Тошкент вилояти — Ўзбекистон Республикаси таркибидаги вилоят. Республиканинг шимоли-шарқида. 1938-йил 15-январда ташкил қилинган. Шимолий ва шимоли-ғарбдан Қозоғистон Республикаси, шимоли-шарқдан Қирғизистон Республикаси, шарқдан Наманган вилояти, жанубидан Тожикистон Республикаси, жануби-ғарбдан Сирдарё вилояти билан чегарадош. Майдони (Тошкент шаҳри майдонисиз) 15,3 минг км². Аҳолиси (Тошкент шаҳри аҳолисиз) 3.080 миллион кишидан зиёд (2024). Вилоят таркибида 15 та туман (Бекобод, Бўка, Бўстонлиқ, Зангиота, Оққўрғон, Оҳангарон, Паркент, Пискент, Чиноз, Юқори Чирчиқ, Янгийўл, Ўрта Чирчиқ, Қибрай, Қуйи Чирчиқ), 17 шаҳар (Ангрен, Бекобод, Бўка, Дўстобод, Келес, Олмалиқ, Оққўрғон, Оҳангарон, Паркент, Пискент, Тошкент, Тўйтепа, Чиноз, Чирчиқ, Янгийўл, Янгиобод, Ғазалкент), 18 шаҳарча (Алимкент, Бўзсув, Гулбаҳор, Зафар, Искандар, Красногорск, Нуробод, Олмазор, Салор, Туябўғиз, Чиғириқ, Чорвоқ, Эшонгузар, Янгибозор, Янги чиноз, Янгиҳаёт, Ўртаовул, Қибрай), 146 қишлоқ фуқаролари йиғини бор. Маркази — Нурафшон шаҳри.
Табиати
Вилоятнинг шимолий ва шимоли-шарқий қисмлари Ғарбий Тяншан тоғлари ва унинг тармоқлари (Қурама, Писком ва Угом тоғлари) билан банд. Энг баланд жойи Писком тизмасидаги Манас тоғи (4484 м). Чатқол ва Қурама тоғлари орасида Оҳангарон дарёси кесиб ўтган, Оҳангарон платоси жойлашган. Вилоят ҳудудининг катта қисми Сирдарё томон қияланиб борадиган тоғ олди текислиги (Чирчиқ-Оҳангарон водийси)дан иборат. Оҳангарон дарё водийси, Қурама тоғи, Ангрен-Олмалиқ атрофида фойдали қазилмалардан мис, полиметалл рудалари, олтин, кумуш, қўрғошин, алюминий хом ашёси, қўнғир кумир, молибден конлари, плавик шпати ва дала шпати, турли хил қурилиш материаллари бор. Термал ва минерал сув захиралари кўп. Вилоят кучли сейсмик зонада жойлашган. Айниқса, Чирчиқ ва Оҳангарон ҳавзаларида аниқ сезиладиган зилзилалар бунинг ифодасидир. Жуда кучли зилзила 1868-йилда Тошкентда бўлиб ўтди ва 1966-йилда такрорланди. Турли интенсивликдаги ер ости силкинишлар вақти вақти билан ҳозирги кунда ҳам давом этмоқда.[2]
-
Тошкент вилояти Бо'стонлиқ тумани Урунг'оч давлат табиат ёдгорлиги
-
Тошкент вилояти Бо'стонлиқ тумани
-
Угом-Чотқол давлат табиат миллий боғи флора олами
-
Угом-Чотқол давлат табиат миллий боғи, гидрографик обект
Иқлими кескин континентал. Қиши нам, нисбатан илиқ, ёзи узоқ, иссиқ ва қуруқ. Январнинг ўртача температураси — 1,3°, −1,8°, энг паст температура −34° (текисликда), −38° (тоғ этакларида), июлнинт ўртача темпатураси 26,8°, энг юқори температура 43-47°. Текислик қисмида йилига 250 мм, тоғ олдиларига 350–400 мм, тоғларда 500 мм ёғин ёғади. Ёғиннинг кўп қисми баҳор ва қишда ёғади. Қор тоғлардагина узоқроқ сақланади. Вегетация даври текислик қисмида 210 кун. Дарёлари Сирдарё ҳавзасига мансуб (Сирдарё — ўрта оқими, уз. 125 км ва унинг ирмоқлари — Чирчиқ, Писком ва Оҳангарон). Булар Тяншан тоғларидан бошланади ва сувидан электр энергия олишда ва суғориш ишларида фойдаланилади. Суғориш каналлари: Бўзсув, Қорасув, Далварзин, Тошкент ва бошқа Туябўғиз сув омбори („Тошкент денгизи“), Чорвоқ сув омбори, Оҳангарон сув омборлари бор.
Тупроқлари: текисликда бўз тупроқ, тоғ этакларида (500–600 м баландликкача) типик бўз тупроқ, ундан баландроқда чимқўнғир, юқорироқда ўтлоқи дашт тупроқ, дарё террасаларининг қуйи қисмида, ер ости суви юза жойларда ўтлоқи ва ботқоқ тупроқ, дарё водийларида аллювиал тупроқлардан иборат. Тошкент вилоятининг текислик қисми тўла ҳайдалган, Сирдарё бўйларида кичик тўқайлар (терак, тол, жийда, ҳар хил буталар) мавжуд. Тоғ этаклари ва тоғларда (1200–1400 м баландликкача) тоғ даштлари, юқорирокда сийрак арчазорлар, 2000 м дан баландда субалп ва алп ўтлоклари бор. Дарё водийларида терак, тол; тоғ этаклари ва тоғларнинг ўртача баландликларида олмазор ва ёнғоқзорлар учрайди, тоғолча ўсади. Текисликларда сарик. юмронқозиқ, қўшоёқ, калтакесаклар, чул тошбақалари, қалқонтумшуқ илон ва бошқа, Сирдарё тўқайларида чиябўри, толай қуёни, қобон; тоғ этаклари ва тоғларда айиқ, тулки, тоғ қўйи, жайра, бўрсиқ, каклик, тўрғай, арча болтатумшуғи ва бошқа, тоғ дарёлари ва жилғаларда қора балиқ, осман, лаққача учрайди. Вилоят ҳудудида „Чимён“, „Бурчмулла“, „Боғистон“, „Хумсон“, „Оқтош“ каби болалар оромгоҳлари, иқлимий курорт ва дам олиш уйлари бор. Тошкентдан 20 км узоқликда „Тошкент минерал сувлари“ балнеологик курорти жойлашган. Тошкент вилоятида УгомЧатқол миллий боғи (майдони 574 минг га) ташкил этилган. Бошқизилсой бўлимида метеорология стяси (1956-йилдан) фаолият кўрсатади.
Тошкент вилояти қадимдан Буюк ипак йўлидаги илм-фан, ҳунармандчилик, маданият тараққий этган маконлардан бири бўлган. Хўжакент яқинидаги ғордан топилган тош даврига мансуб одам суягининг қолдиклари ва қоялардаги суратлар бу воҳада қадимда ибтидоий одамлар яшаганлигидан далолат беради.
Ҳудудий бўлиниши

| Туман номи | Туман маркази | |
|---|---|---|
| 1 | Ангрен шаҳри | |
| 2 | Бекобод шаҳри | |
| 3 | Олмалиқ шаҳри | |
| 4 | Оҳангарон шаҳри | |
| 5 | Нурафшон шаҳри | |
| 6 | Чирчиқ шаҳри | |
| 7 | Янгийўл шаҳри | |
| 8 | Бекобод тумани | |
| 9 | Бўка тумани | |
| 10 | Бўстонлиқ тумани | |
| 11 | Қибрай тумани | |
| 12 | Қуйи Чирчиқ тумани | |
| 13 | Оққўрғон тумани | |
| 14 | Оҳангарон тумани | |
| 15 | Паркент тумани | |
| 16 | Пискент тумани | |
| 17 | Тошкент тумани | |
| 18 | Зангиота тумани | |
| 19 | Ўрта Чирчиқ тумани | |
| 20 | Чиноз тумани | |
| 21 | Юқори чирчиқ тумани | |
| 22 | Янгийўл тумани |
Вилоятни иккига бўлиш таклифи
Шавкат Мирзиёев 2021-йил 19-март куни Нурафшон шаҳрида ўтказилган Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Тошкент вилоятини иккига бўлишни таклиф қилди. Бунга сабаб қилиб, вилоятда бирлик йўқлигини, агар иккига бўлинса 2 та ихчам вилоят бўлишини қайд этган:
Тошкент вилоятини иккига бўлмоқчиман. Бирлик йўқ бу вилоятда, агар бўлсак ихчамгина иккита вилоят бўлади. Лекин кўп ўйлаяпман янги ҳокимга имкон бераман. Мен бу ерга вилоят аҳолисининг шарт-шароитини яхшилашга келганман.
Шавкат Мирзиёев вилоят иккига бўлинса, қанақа ном беришни ҳам ўйлаб қўйганини маълум қилган:
Хафа бўлманглар, аммо сизда шу хусусият йўқ. Ангрендаги оқсоқолнинг гапи Бекободга тўғри келмайди. Бекободнинг гапини Чиноз олгиси келмайди. 22 та ҳудудни бирдан бошқаришни валломат ҳоким ҳам эплай олмаяпти. Ҳозирча бу фикрни ўзимда ушлаб турибман. Мана ҳозир Ҳидоятовни сизга раҳбар сифатида тавсия этяпмиз. Яна бир марта имкон бериб кўрмоқчиман. Тошкент вилоятида 150 мингта иш ўрни яраца бўлади. Ўзидаги ишсизлар тугул, бошқа вилоятлардан келадиганларни иш билан таъминлаш мумкин. Ё ҳозир бирлашиб, вилоятни кўтаришга бирдамлик билан ҳаракат қиласиз, ёки бошқа қарор қабул қиламиз. Очиғини айтаман, вилоятни иккига бўлсак, қанақа ном беришни ҳам ўйлаб қўйганман[3].
Воҳанинг иқлим шароити, серсувлиги, дарё бўйи ва тоғ олди минтақаларининг ёввойи ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсига бойлиги қад. тош давридаёқ одам яшаши учун қулай имконият яратган. Тошкент вилоятининг қадимий аҳолиси тўғрисида мил. ав. V—II асрларга оид Юнон, Хитой ва бошқа Шарқ, манбаларида баъзи маълумотлар сақланиб қолган. Ўлкани археологик жиҳатдан XIX асрда Н. И. Веселовский, А. А. Диваев, Н. П. Остроумов, Е. Т. Смирнов ва бошқа ўргандилар. 1920-30 йилларда М. В. Воеводский, Г. В. Григорев, В. Д. Жуков ва А. И. Тереножкинлар, 1941-йилдан М. Е. Массой раҳбарлигида Ўрта Осиё университети археология кафедраси аъзолари, 1950-йилдан Ўзбекистон Фанлар академиясининг археолог олимлари Я. Ф. Ғуломов, Ў. Исломов ва Р. Ҳ. Сулаймоновлар вилоят ҳудудида текширув ишлари олиб бордилар. 1958-йилдан Тошкент вилоятининг ўрта аср шаҳарлари ва қад. конларини Ю. Ф. Буряков, 1966-йилдан Тошкент шаҳрини В. А. Булатова раҳбарлигидаги гуруҳ илмий равишда ўрганган.
Кўп йиллик тадқиқотлар натижасида Тошкент вилояти археологик харитасига 760 та қад. манзилгоҳ, шаҳар ва қишлоқ харобаси, қад. конлар, қабристонлар, мудофаа ва ирригация иншоотлари туширилди. Тошкент вилоятида ибтидоий одамлар қолдирган дастлабки излар палеолит даврига тўғри келади. Бу даврга оид одамлар яшаган горлар ва очиқ манзилгохлардан бири Кўлбулоқ маконидир. Кўлбулоқ яқинидаги Қизилолмасой ва Қўшсойдан қад. тош қуроллар ясалган устахона топилган. Мусте даврига оид манзилгоҳлар Обираҳмат ғори, Хўжакент қишлоғи яқинидан, Чирчиқ воҳасида эса Қорақамиш ва Шўралисойдан топилган. Янги тош даври (неолит)га оид ашё Тошкент шаҳрининг ғарбида Қўшилиш деган жойдан топилган. Бу даврда қуроллар майдалашган ва сони кўпайган. Тошкент вилоятининг жез даври (мил. ав. 2минг йиллик) топилмалари Андроново, Тозабоғёп маданиятига оиддир. Тош ва тўкма тупроқдан қилинган қабристон қўрғонлар Чирчиқ ва унинг ирмоқлари бўйида, Обираҳмат, Бурчмулла (қаранг Бурчмулла хазинаси) қишлоқлари, Искандар шаҳарчаларида очилган. Қабрлардан Андроново маданиятига хос қўлда ясалган сопол идишлар, билагузук, марварид ва маржонлар топилган. Жез давридан бошлаб рангдор ва қимматбаҳо металлар тоғ ён бағридаги конлардан қазиб олина бошлаган. Темир даврида вилоят ҳудудида скиф қабилаларнинг сакмассагет иттифоқига кирган элатлар яшаган. Уларга тегишли ёдгорликлар мил. ав. VI—IV асрларга оиддир. Бу давр қабристонларидан (Бурчмулла яқинида) тирнаб безалган сопол идишлар, тош ва кумушдан ясалган зебзийнат буюмлари топилган. Чирчиқ водийсида Бурганлисойдан темир даврига оид сопол, металл, тошдан ясалган уй-рўзғор буюмлари, жумладан, чойнаксимон тумшуқли ва қулоқли қозонлар ва меҳнат қуроллари топилиб ўрганилган. Идишлар думалоқ шаклда бўлиб, сиртига ангоб бўёғи берилган. Мил. ав. 1 — мил.нинг I асрларида Тошкент вилояти ҳозирги ҳудуди Қанғ давлати таркибига кирган. Тошкент вилояти ўтроқ халқларининг маданияти қўшни кўчманчи чорвадор халқлар маданияти билан чамбарчас алоқада бўлган. Кўчманчи чорвадор халқлар ёдгорликларидан Қовунчитепа яхши ўрганилган. Оҳангарон дарёсининг қуйи оқимида жойлашган Қанқа (қаранг Харашкат) харобаси энг қад. шаҳарлардан бири бўлган. Шаҳар мил. ав. 3-2 асрларда вужудга келган. I асрга оид шаҳарлар Сирдарё водийсида Банокат, Оҳангарон Оққўрғон оралиғида Киндиктепа ва Қовунчитепалар бўлган. Бу ерлардан Тошкент ҳокимлигининг биринчи танга пуллари топилган. Бу даврда ҳамма майда шаҳар ва қўрғонлар Шош (Чоч) ва Илоқ (Элоқ)қа бирлашган. VII асрда қалъалари ва майда шаҳарчалари кўплиги учун Шошни минг қалъали давлат деб таърифлаганлар. Шулардан бири Тошкентнинг шимолида (ҳозирги шаҳар ҳудудида) жойлашган Оқтепа қўрғони бўлиб, у мустаҳкам мудофаа деворлари билан ўралган. Илк ўрта аср шаҳарларининг арки ва шаҳристони бўлган.
Шаҳарларда ҳукумат уйлари, савдо ва ҳунармандчилик расталари тартиб билан жойлашган. Уларнинг майдони 20 га дан 65 га гача етади. Атрофдаги тоғлардан олтин, кумуш, мис қазиб олиш натижасида ҳунармандчилик юксалган. Кулолчилик ва чорвачилик ривожланган. Шош ва Илоқ давлатлари ўз номларидан танга пуллар зарб қилган. Тангаларнинг юз томонига ваҳший ҳайвоннинг расми (силовсин ёки барс), орқа томонига паншахага ўхшаш тамға туширилган.
Илк ўрта асрларда аҳоли ўртасида оташпарастлик кенг ёйилган. Оссуарийга одам суяклари солиб кўмилган қабрлар Тўйтепа, Қорахитой ва Туябўғиздан (қаранг Туябўғизтепа) топилган. Оссуарийлар тухумсимон шаклда бўлиб, қопқоғига ҳайвон суратлари солинган.
IX—X асрларда Тошкент вилояти Сомонийлар давлати таркибига кирган. Бу даврда шаҳарлар ҳар томонлама ривожланган. X аср араб географлари Истахрий, Муқаддасий ва бошқа кўрсатишича, Хуросон ва Мовароуннаҳрда Шош вилояти энг кўп шағарли (40 тага яқин) ўлка бўлган. Энг йирик шаҳарлардан вилоят пойтахти Бинкат, Илоқ (Элоқ) давлатининг пойтахти Тункат ва йирик савдо-ҳунармандчилик марказлари Харашкат, Шутуркат, Нужкат бўлган.
Қадимги шаҳар харобаларида ўтказилган қазилмалар шаҳарларнинг пайдо бўлиши, ривожланиши ва кенгайиши ҳар хил тарзда кечганлигини кўрсатади. Шаҳарлар пойтахт бўлгани, карвон йўллари устига жойлашгани, конлардан яхши фойдалангани ва чорвадор кўчманчи халқлар билан алоқада бўлгани учун ривожланган. Шаҳарларнинг майдони 20 га дан 200 га гача бўлган. Тошкент вилояти ҳудудидан ўтган 2 машҳур карвон йўлининг биринчиси Сирдарё, Бинкат, Харашкат, Худойкат орқали, иккинчиси бир оз шим.рокдан Чинозкат, Шутуркат, Дафниганкат, Исфижоб орқали ўтган. IX—X асрларда кончили к ишлари, металл эритиш, кулолчилик ва тўқимачилик тараққий этган. X аср географларининг маълумотларига кўра, Шош, Илокдан ҳар хил матолар, гиламлар, теридан ишланган ашёлар, ҳарбий қуроллар, эгарлар, металл буюмлар, чорвачилик маҳсулотлари ва ғалла ташқарига чиқарилган.
Тошкент ҳунармандлари томонидан ясалган ҳунармандчилик ва заргарлик буюмлари, қурол-аслаҳалар бутун шарқда шуҳрат қозонган.
Тошкент воҳаси ўз тарихида тақдирнинг кўп синовларини, шаҳар ва қишлоқларни вайронага айлантирган мўғуллар босқини каби оғир даврларни бошидан кечирган. Тарихий воқеалардан маълум бўлишича, фақат Амир Темур даврига келиб, воҳада қайтадан ривожланиш бошланган. Кўплаб шаҳар қишлоқлар янгидан қад ростлаб, обод бўлган. Вилоят ҳудудидаги машҳур Зангиота мажмуаси Амир Темур томонидан қурилди. Бу ёдгорлик мажмуининг қуриб битказилиши кейинчалик Мирзо Улуғбек томонидан охирига етказилган.
Тарихдан маълумки, соҳибқирон Амир Темур Тошкент ш. ва Тошкент воҳасига кўп марта ташриф буюрган. Сирдарё бўйидаги мўғуллар вайрон қилган Банокат шаҳрини қайта тиклаб уни ўғли Шоҳрух номига Шоҳрухия деб атаган.
Аҳолиси
Тошкент вилоятидаги аҳолининг зичлиги ўртача 1 км² га 157 кишини ташкил этади, асосан, ўзбеклар (60,9 %), шунингдек, рус (8,1 %), қозоқ (14,3 %), татар (2,5 %), тожик (5,0 %), корейс (2,8 %), украин ва бошқа миллат (турк, қирғиз, уйғур, немис ва бошқа жами 80 миллат) вакиллари яшайди (2004). Чорвоқдан тортиб Сирдарёгача вилоят аҳолиси зич жойлашган. Айниқса, бир қанча йирик шаҳарлар занжиридан ташкил топган. Тошкент агломерациясида аҳоли жуда кўп. Тошкент вилоятидаги кўпчилик шаҳарлар пойтахтни улкан шода шаклида ўраб олган.
Иқтисодиёти
Тошкент вилояти мамлакатнинг саноати юқори даражада ривожланган вилоятлардан биридир. Унинг географик ўрни иқтисодиётининг равнақ топишига имкон беради. Вилоят хўжалик комплекси, асосан, пойтахт хўжалик комплексини тўлдиради. Айни пайтда вилоят республика саноат маҳсулотининг 20 %ни, электр энергиясининг 45 %ни, кўмирнинг 98 %ни, сементнинг 43 %ни, пўлат ва металл прокатининг 100 %ни, рангли металларнинг асосий қисмини ишлаб чиқаради. Вилоятда 190 та саноат, 160 дан ортиқ қўшма, 20 мингдан ортиқ кичик ва ўрта бизнес субектлари фаолият кўрсатади. Энг муҳимлари: „Ғиштчи“ (Ангрен), „Агат ва Фарҳод“ (Бўстонлиқ тумани), „Металлурфемонт“ (Бекобод), „Орион“ (Қибрай тумани).
Саноатининг етакчи тармоқлари — энергетика, машинасозлик, металлургия, кўмир, кон металлургияси, кимё саноати, поябзал, пахта тозалаш, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш.
Вилоятда саноат корхоналаридан Бекободдаги Ўзбекистон металлургия, Олмалиқдаги кон металлургия, Янги Ангрен, Тошкент иссиқлик электр стялари ҳамда Чирчиқдаги ўтга чидамли ва қийин эрийдиган металлар комбинати ишлаб турибди.
Чирчиқдаги „Электркимёсаноат“, Олмаликдаги „Аммофос“ ва Ангрендаги „Ўзбекрезинатехника“ ишлаб чиқариш бирлашмалари Республика кимё саноатидаги йирик корхоналардан ҳисобланади. Бу корхоналарда қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқдар учун азотли ва фосфорли ўғитлар, аммиакли селитра, капролактам ишлаб чиқарилади. „Ўзбеккимёмаш“, „Чирчиқ қишлоқ хўжалиги машинасозлиги“, „Трансформатор“ корхоналарида қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган пахта сеялкалари, култиваторлар, подборшчиклар ва эҳтиёт қисмлар ва бошқалар ишлаб чиқарилади.
Вилоятдаги „Тошкенттибтехника“ (Қибрай тумани), „ЎзБМЗ“ (Тошкент тумани), „Гидравлика“, „Ускуна қурувчи“ (Зангиота тумани), Далварзин таъмирлаш заводи (Бекобод тумани), Тоғ транспорти ускуналарини таъмирлаш заводи, „Ангренгазмаш“ (Ангрен ш.,) корхоналари йирик корхоналардан ҳисобланади.
Вилоятда, шунингдек, „Оҳангаронсемент“, „Сантехқуйма“, „Оҳангароншифер“, „Оҳангаронлинпласт“, „Бекободсемтаъмир“, „Ғазалкентойна“ каби қурилиш материаллари ишлаб чикарадиган ва қайта ишлайдиган корхоналар ҳам мавжуд бўлиб, уларда семент, шифер, керамика, ойна, ғишт, линолеум, темирбетон конструксиялари каби маҳсулотлар тайёрланади.
Озиқ-овқат саноати ҳам ривожланган. Бунда, асосан, маҳаллий хом-ашёдан маҳсулот тайёрланади. Бу саноат гўшт-сут, ёғ-мой, ун-қандолат, вино-арақ, тамаки ва бошқа тармоқларни ўз ичига олади.
Озиқ-овқат саноати пахтачилик маҳсулотлари, боғдорчилик, токчилик, сабзавотчилик, чорвачилик ва бошқаларга асосланади. Вилоятда 4 ун зди, консерва, пиво, арақ, нон ва нон маҳсулотлари заводлари, шоли тозалаш корхоналари бор. Янгийўл ш. вилоят озиқ-овқат саноатининг марказларидан бири. Бу ерда ёғ, консерва, вино ва спирт здлари, қандолат фабрикалари мавжуд. Чирчиқ, Олмалиқ, Ангрен шаҳарлари, Бекобод, Қибрай, Зангиота, Тошкент, Бўстонлиқ туманларида ҳам озиқ-овқат корхоналари кўп.
Қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқлари: пахтачилик, боғдорчилик, токчилик, пиллачилик; тоғ этакларида лалмикор деҳқончилик (асосан, буғдой ва арпа етиштирилади). Айниқса, мустақиллик йилларида соҳада иқтисодийтнинг кўп тармокли турлари шаклланиб бораяпти. Тошкент вилоятида 50 мингдан ортиқ деҳқон хўжалиги ва 7,5 мингдан ортиқ фермер хўжалиги фаолият кўрсатади. Бугунги кунда деҳқон ва фермер хўжаликларининг ялпи маҳсулотдаги салмоғи 72 % ни ташкил этади (2004).
Сўнгги 10 йилда пахта уруғчилигини ривожлантиришга эътибор ортиб бораяпти. Вилоят пахта селексияси ва уруғчилик соҳасида илмий изланишлар натижасида жаҳон талабларини қондирувчи тола, юқори ҳосилли ва тез пишар навлар яратилмоқда.
Тошкент вилояти 1990-йилларгача СССРда каноп етиштириладиган ягона регион эди. Сирдарё ва Чирчиқ соҳилларида шоли етиштирилади. Кейинги йилларда вилоятда қишлоқ хўжалиги экинлари структурасини ўзгартиришга алоҳида аҳамият бериляпти. Пахтачилик, ғаллачилик асосий ўринларни эгаллайди. Тошкент вилоятида шунингдек, картошка, мева ва резавор мевалар, узум етиштириш ҳам йил сайин ортиб бораяпти. Пиллачилик билан шуғулланилади. Чорвачилик ривожланган. Тошкент вилоятида 168 ширкат хўжалиги, 8 паррандачилик фабрикаси бор. Чорвачилик гўшт сутга ихтисослашган.
Тошкент вилоятидаги барча жамоа ва хусусий хўжаликларида 425,5 минг бош қорамол (шу жумладан, 190,3 минг сигир), 20,2 минг чўчқа, 446,1 минг қўй ва эчки, 4018,2 минг парранда бор (2003).
Чирчиқ — Оҳангарон водийси обикор деҳқончиликнинг асосий ўрнидир. Вилоятдаги барча экин майдони 315 минг га, шу жумладан, ернинг 108,0 минг гектарига пахта, 135 минг гектарига бошоқли дон экинлари, 5,8 минг гектарига техника экинлари, 17,4 минг гектарига картошка, сабзавот ва полиз, 39,7 минг гектарига емхашак экинлари экилади. Боғ, токзор 30,8 минг га ва 8,5 минг га ўрмонзорлар билан банд, пичанзор ва яйловлар 198,5 минг гектарни эгаллайди (2003). Экинларни суғоришда, асосан, Чирчиқ дарёси, қисман Оҳангарон ва Сирдарёдан фойдаланилади.
Тошкент вилояти республика пойтахти аҳолисига сут, гўшт, тухум, мевасабзавот етказиб беради. Картошка ва сабзавот, асосан, Тошкент, Чирчиқ, Янгийўл, Ангрен шаҳарлари атрофидаги хўжаликларда экилади. Зангиота ва Қибрай туманлари Тошкент ш. аҳолисини картошка ва сабзавот билан таъминлашга ихтисослашган. Вилоятда токчилик ва боғдорчилик ҳам яхши ривожланган. Боғларда асосан, нок ва олма ўстирилади. Боғларнинг асосий қисми Бўстонлиқ, Қибрай, Янгийўл, Паркент, Оҳангарон, Зангиота, Тошкент, Қуйи Чирчиқ туманларида жойлашган. Шарқий тоғли ва тоғ этакларидаги туманларда, асосан, қўй ва эчкилар боқилади. Эчкиларнинг 40 % ангор эчкилари, қўйлар эса ҳисор ва жайдари қўйлардир.
Вилоятда Қуйи Чирчиқ „Балиқчи“ тажриба намунавий балиқчилик бирлашмаси, Зангиотада Дамачи баликчилик кти, Янгийўл балиқ чавоқлари етиштириш давлат хўжалиги, Ихтиопатология маркази (Тошкент) ва бошқа бор.

Транспорт
Тошкент вилоятидаги темир йўл узунлиги 354,2 км. Вилоят ҳудудидан Ўрта Осиёдаги мустақил давлатларни Шарқий Европа шаҳарлари билан боғлайдиган темир йўл линияси (шу жумладан, Москва — Тошкент — Туркманбоши) ўтади. Ангрен ш. ва Чорвоқ шаҳарчаси йўналишидаги темир йўл тармоқлари Тошкентдан бошланади. Тошкент атрофидаги темир йўл электрлаштирилган. 2004-йилдан бошлаб Тошкент — Самарқанд йўловчилар ташувчи электр поезди қатнай бошлади. Вилоятда автомобил йўлларининг тармоғи зич. Вилоят аҳамиятидаги автомобил йўлларининг умумий узунлиги 6,6 минг км (шу жумладан, қаттиқ қопламалиси — 5,9 минг км). Муҳим автомобил йўллари: Катта Ўзбекистон тракти, Тошкент-Андижон-Ўш- Қашқар автомобил йўли.
Маданий маориф, соғлиқни сақлаш ва спорт
2003-2004-ўқув йилида вилоятда 897 умумий таълим мактабида 519,8 мингга яқин ўқувчи таълим олди, 2 та меҳрибонлик уйи (264 тарбияланувчи) фаолият кўрсатди.
Вилоятда кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида янги таълим тизими шаклланмоқда. 2000-йилда вилоятнинг 45 нафар ўқувчиси „Умид“ жамғармаси орқали чет эллардаги нуфузли олий ўқув юртларига жўнатилди. 2004-йилда Бўстонлиқ туманидаги 38-мактаб қошида АҚСҲ УСАЖД ташкилотининг Ўрта Осиё ва Қозоғистонда спорт ва соғломлаштиришни тарғибот қилиш дастури асосида мактаб ўқувчилари билан спорт ҳафталиги ўтказилди. Тошкент вилоятининг барча шаҳарларида ҳамда Қибрай, Пискент туманларида „Боғчамактаб“ мажмуалари ташкил этилган. Бу мажмуаларда болаларга чет тили, компютер саводхонлигини ўргатиш, алифбосиз ўқишга эътибор берилган. „Меҳр ва мурувват йили“ муносабати билан Олмалиқ шаҳридаги 80-сонли махсус интернат мактаби биносини мукаммал таъмирлаш учун Олмалиқ тоғ металлургия комбинати томонидан 350 млн сўм миқдорида маблағ ажратилиб, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 1998—2003-йилларда янги қурилиш ва қайта таъмирлаш ҳисобига 29 та касбҳунар коллежи, 4 та академик лицей фойдаланишга топширилди. Тошкент вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси тасарруфида 4 та академик лицей ва 67 та касб-ҳунар коллежи мавжуд бўлиб, улардан 57,4 мингга яқин ўқувчи таълим олмоқда. 2004-йилда Тўйтепа шаҳрида ижтимоий иқтисодий касб-ҳунар коллежи фойдаланишга топширилади.
Академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини ўқув лаборатория жиҳозлари ва ускуналари билан таъминлаш, турли мавзуларда илмий амалий семинар ўтказиш лойиҳалари бўйича танловлар ташкил қилиш борасида Жанубий Корея, Германия давлатлари билан ҳамкорлик қилинмоқда.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими бўйича 2003-йилда Америка ҳамкорлик ташкилоти (АКСЕЛС) томонидан „Аъло таълим учун мукофот“ дастури асосида лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари директорлари, инглиз тили ўқитувчиларининг тақдимот семинарлари ўтказилди.
2004-йилда 757 ўқувчи ўқишни имтиёзли диплом билан тугатди. Вилоятда 2 олий ўқув юрти (Тошкент аграр университети, Тошкент вилоят педагогика институти) бор. Уларда 10,1 минг талаба таълим олади (2004).
Тошкент вилоятида энг йирик илмий тадқиқот институтлари, боғдорчилик, токчилик ва виночилик, ғўза селексияси ва уруғчилиги, пахтачилик, чорвачилик, ипакчилик ва ўрмон хўжалиги, суғориш техникаси илмий тадқиқот институтлари, қишлоқ хўжалигигина механизациялаш ва электрлаштириш Ўрта Осиё институти, Ўрта Осиё рангли металлургия лойиҳалаш, Шоликорлик илмий тадқиқот институти ва бошқалар жойлашган.
Тошкент вилоятида 4 та ўлкашунослик музейи, 501 та оммавий кутубхона (7141,6 минг нусха асар), 169 та клуб муассасаси, 35 та болалар мусиқа ва санъат мактаби (6323 ўқувчи), маданият уйлари, 746 бадиий ҳаваскорлик жамоалари, 3 та маданият ва истироҳат боғи бор. Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридан Тўйчи ҳофиз, Зокировлар, Ражабовлар сулолалари, акаука Шожалиловлар; Ўзбекистон халқ ҳофизлари: Муҳаммаджон Каримов, Фахриддин Умаров, Очилхон Отахонов; Ўзбекистон халқ артистлари: Турғун Алиматов, Ориф Алимаҳсумов, Нуриддин Ҳайдаров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тошпўлат Маткаримов ва бошқа етишиб чиқдилар. Вилоятда халқ ҳунармандчилиги ривожланган.
Соғлиқни сақлаш Тошкент вилоятида 10361 ўринли 96 та касалхона муассасаси, 42 та дорихона, вилоят тез тиббий ёрдам маркази бўлимлари, 334 та амбулаторияполиклиника муассасаси ишлаб турибди. Шулардан 174 қишлоқ врачлик пункта, 43 та қишлоқ врачлик амбулаторияси, 11 стоматология поликлиника, талабалар поликлиникаси ва 195 та фелдшеракушерлик пункти ва бошқа тиббиёт муассасалари фаолият кўрсатади.
Тошкент вилоятида ўтган 1996—2003-йиллар мобайнида 174 та қишлоқ врачлик пунктлари барпо этилди, 119 та қишлоқ, шифокорлик амбулаторияси ва фелдшеракушерлик пунктлари қишлоқ шифокорлик пунктларига айлантирилди. 1999-2003-йилларда вилоятда 150 ўринли вилоят клиник шифохонаси, 170 ўринли вилоят туғруқ мажмуаси, 90 ўринли вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, 60 ўринли наркология диспансери, 120 ўринли вилоят руҳий асаб касалликлари диспансери, 100 ўринли вилоят силга қарши кураш диспансери, аёллар репродуктив саломатлигини тиклаш маркази, Юқори Чирчиқ туманида 40 ўринли „Нуроний“ шифохонаси, Бекобод, Тошкент, Ўрта Чирчиқ, Қибрай туманларида янги туғруқ мажмуалари ишга туширилди. Улар замонавий тиббиёт аппаратлари, асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Тошкент вилоятидаги барча тиббий муассасаларда 5032 дан зиёд врач, 22106 ўрта тиббий ходим ишлайди. Вилоят ҳудудида 95 та болалар оромгоҳлари, 5 та дам олиш зоналари, 10 санатория, 14 та санатория профилактика, 3 дам олиш уйлари, 7 та пансионат, 2 болалар санаторийси фаолият кўрсатади. Тошкент шаҳридан 90 км шим.шарқда Чотқол тоғ ёнбағирларида „Чимён“ дам олиш зонаси жойлашган.
Спорт
Вилоятдан спортнинг футбол, баскетбол, волейбол, сув полоси, мини футбол, қўл тўпи, шахмат ва бошқа бўйича спортчилар мамлакат мусобақаларида иштирок этиб келмоқдалар. Тошкент вилоятида 49 та стадион, спорт мажмуаси, 16 та сузиш ҳавзаси, 38 та теннис корти, отчопар, велотрек, 624 та спорт зали, 45 та отиш тири, 683 та баскетбол, 994 та волейбол, 359 та қўл тўпи, 667 та футбол майдони бор. Бугунги кунда 1701 та жисмоний тарбия ва жамоаларида 600 мингга яқин киши жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланади.
Ўтган давр мобайнида вилоятда ўнлаб жаҳон, Осиё, республика чемпионлари етишиб чиқди. Д. Мансуров эркин кураш, Р. Саидов ва И. Алборовлар бокс, Э. Акбаров, С. Зокиров, А. Бобожонов ва М. Каликуловлар дзюдо, М. Иноятова стол тенниси, Д. Турчин, М. Тарасов, Ю. Борзова. Д. Стрижковлар байдарка ва каноэ, В. Смирнов енгил атлетика, С. Сой сузиш бўйича Афина 2004 Олимпиадасига йўлланмаларни қўлга киритишди. Қатар давлати пойтахти Доха шаҳрида бўлиб ўтган стол тенниси бўйича Осиё чемпионатида А. Дюгай олтин медалга сазовор бўлди. 2004-йил май ойида Доғистоннинг Махачқала шаҳрида ўтказилган йирик халқаро турнирида Д. Мансуров 1-1-1-ўринни эгаллади. Вилоят жамоаси республика миқёсида улоқ, енгил атлетика, бокс, дзюдо, стол тенниси, қўл тўпи, волейбол ва бошқа спорт турлари бўйича 1 ва совринли ўринлар соҳиблари бўлишди.
Вилоятда спорт турлари орасида футбол тобора оммавийлашмоқда. Футбол бўйича мамлакат чемпионатининг олий лигасида „Дўстлик“ (Тошкент вилояти), „Металлург“ (Бекобод), „Кимёгар“ (Чирчиқ), „Семурғ“ (Ангрен) жамоалари вилоят шарафини ҳимоя қилмоқдалар. „Дўстлик“ командаси икки бор мамлакат чемпиони ва бир марта биллур соврини соҳиби бўлди.
Тошкент вилоятида халқаро тоифадаги спорт усталари, спорт усталигига номзодлари, 1-тоифадаги спортчилар тайёрланди.
Адабиёти
Тошкент воҳаси Шарқ адабиётининг қадимий марказларидан. Шайх Аҳмад Тарозийнинг Мирзо Улуғбекка бағишлаб ёзилган асарида Мавлоно Лутфийнинг она ватани Тошкент бўлган, деган фикр илгари сурилган. XIV—XVI асрларда шоир Бадриддин Чочий, машҳур тарихчи, ҳуқуқшунос, таржимон Кўҳакий, XVI асрда Зайниддин Восифий Т.да яшаб ижод қилганлар. Хожа Аҳрор таклифи билан Тошкентда Жомий ҳам бўлган ва улуғ мозоротларни зиёрат қилган. Тошкентлик тарихчи ва геофаф олим Муҳаммад Солиҳ „Тарихи жадидаи Тошканд“ асарини ёзди. Дилкаш, Гулшан, Алмаий, Камий каби шоирлар воя га етди. Авлоний, Нозимахоним, Мирмухсин Шермуҳамедов, Сидқий Хондайлиқий (Шавкат), Хислат, Мискин, Тавалло каби истеъдодлар етишиб чиқди. Шоир Акмал етук олим сифатида ҳам ном чиқарган. Дилафгорнинг тошбосмада девони чоп қилинган, Элбек туркологтилшунос, таржимон ва журналист сифатида ижод қилди. XX асрнинг 20-30-йилларидаги Тошкент адабий ҳаётида Абдулла Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом. Боту, Зиё Сайд, Ойдин, Зулфия, Ғайратийларнинг ўрни катта. Тошкент вилоятида В. Ғафуров, А. Убайдуллаев, Музайяна Алавия, М. Самадов, Усмон Умрзодалар ижод қилдилар. Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи, ёзувчи Ҳ. Султанов, шоирлар Абдулла Шер, Ш. Салимова, М. Тоиров, О. Отахоновлар Тошкент вилоятида туғилиб камол топган адабиёт намоёндаларидир. Матбуот, радио ва телевиденияси.
Тошкент вилоятида 2 та вилоят („Тошкент ҳақиқати“, „Ташкенцкая правда“), 16 туман, 9 шаҳар газета чиқади. Вилоятда, шунингдек, 17 тармоқ, 7 жамоат газета ва 1 журнали нашр этилади. 38 матбаа корхонаси фаолият кўрсатади.
Тошкент вилоятида (Тошкент шаҳрида) тажриба радио эшиттиришлар дастлаб 1926-йил бошланган. 1927-йил 11-февралда қуввати 2 кВт бўлган оммавий радиостансия ишга туширилиб, мунтазам радио эшиттиришлар олиб борилган. 1929-йилдан бошлаб мунтазам радиогазета эшиттиришлари берилган. 1930-йилдан қуввати 20 кВт бўлган РВ радиостансияси ишлай бошлаган.
Республика миқёсидаги эшиттиришлардан ташқари, Тошкент шаҳар ва вилоят радио тингловчилари учун ҳар куни Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят радио эшиттириш бош таҳририяти тайёрлаган эшиттиришлар берилади (1971-йилдан). Шунингдек, „Ориат Доно“, „Ориат ҒМ“ радиостансиялари фаолият кўрсатади.
Телевизион эшиттиришлар 1956-йил 5-ноябрдан бошланган. 1971-йилдан рангли телевизион кўрсатувлар берилмоқда. Тошкент ш. ва Тошкент вилояти учун мўлжалланган кўрсатувлар бош таҳририяти „Ўзбекистон“ ахборот дастури, „Шаҳар юмушлари“, „Давра суҳбати“, „Мулоқот“, „Ҳамшаҳарлар“, „Шаҳар портрети“, „Оила“, „Мезон“, „Олтин бешик“, „Баҳс“ каби кўрсатув туркумларини тайёрлайди. Вилоятда, шунингдек, „Олмалиқ-ТВ“, „Пўлат“, „Чирчиқ-ТВ“, „Бекобод ойнаи жаҳон“, „Орбита ТРК“ телестудиялари ишлаб турибди.
Меъморий ёдгорликлари. Вилоят ҳудудида илк ўрта асрларда бунёд этилган шаҳар, кўшк ва саройлар хароба ҳолида тупроқ остида қолиб кетган. Ўрта асрларга оид йирик меъморий биноларнинг аксари кисми Тбшкент шаҳрида бунёд этилган. Улардан XIV—XIX асрларда қурилган мақбара ва мадрасаларнинг айримларигина ҳозиргача сақланган.
Зангиота мажмуаси Тошкент вилоятидаги энг машҳур, Ўрта Осиёдаги ноёб меъморий ёдгорликдир. Зангиота қишлоғида жойлашган мазкур ёдгорлик 15- XX асрлар давомида қурилган. Зангиота мақбараси, пештоқли айвон, зиёратхона, гўрхоналардан иборат. Мажмуа таркибида Анбар биби мақбараси ҳам бор.
Бекобод туманида Қизилмозор мақбараси жойлашган. Тошкент вилоятидаги туман марказларида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасига, жумладан Чирчиқ шаҳрига кираверишда, Бўзсув канали соҳилида, Янгийўл шаҳрида, Паркент шаҳридаги ёдгорликлар ўрнатилган.
Табиати
Ҳар бир вилоят, туман, ҳар қайси шаҳар ва қишлоқ-ҳаммасининг ўзига хос қиёфаси, файз-у таровати бор. Шулар орасида Тошкент вилояти алоҳида ажралиб туради. Тошкент вилояти деганда, инсон кўз ўнгида Чотқол, Угам, Курама, Чимён каби сервиқор тоғлари, серҳосил далалари, улкан саноат корхоналари, замонавий шаҳарлари, файзли ва тароватли қишлоқлари, сўлим боғ-у роғлари бўлган гўзал бир воҳа намоён бўлади.
Бу тўқима гап эмас. Юқоридаги фикрлар юртбошимиз Ислом Каримов томонидан 1999-йил декабр ойида вилоят сайловчилари билан бўлган учрашувда билдирилган.
Президент Тошкент вилояти ҳақида сўз юритар экан, бу воҳанинг Буюк ипак йўлидаги илм-фан, ҳунармандчилик, маданият тараққий этган маконлардан бири бўлганлигига алоҳида эътибор каратди.
Дарҳақиқат, Хўжакент яқинидаги ғордан топилган тош даврига мансуб одам суягининг қолдиқлари ва қоялардаги суратлар бу ҳодиса аждодларимиз жуда узоқ замонлардан бери яшаб келганидан далолат беради.
Буни буюк аллома Муҳаммад ал-Хоразмий, машҳур тарихчи ат-Табарий, жуғрофия олими ал-Истахрий ва бошқалар қолдирган муҳим маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Бу ерда ясалган ҳунармандчилик ва заргарлик буюмлари, қурол-аслаҳалар бутун Шарқда шухрат қозонган. Бизгача етиб келган „Худуд ал-олам“ номли тарихий китобда: „Чоч — бу катта вилоят, халқи жанговар ва сахийдир. У ерда камон ва ўқ-ёй ясалади“, — деган сўзлар битилгани ҳам буни яққол исботлайди.
Бу муқаддас замин ўз тарихида тақдирнинг кўп-кўп синовларини, шаҳар ва қишлоқларни вайронага айлантирган мўғуллар босқини каби бало-қазоларни ҳам бошидан кечирган.
Зангиота тарихий манбаларнинг шохидлик беришича, фақат соҳибқирон Амир Темур даврига келиб, ҳодисада қайтадан ривожланиш бошланган. Кўплаб шаҳар-қишлоқлар янгидан қад ростлаб, обод бўлган.
Шу маънода вилоят ҳудудидаги машҳур сўфий аллома Ойхўжа ибн Тошхўжа Зангиота мақбарасининг бунёд этилиши билан боғлик ибратли тарихий воқеалар теран рамзий маънога эга, десак ҳеч қандай муболаға бўлмайди.
Маълумки, бобомиз Амир Темур ҳазрат Яссавийга мақбара қуриш ҳаракатини бошлаганида, нима учундир, иш ҳа деганда юришавермаган. Бу ҳолнинг сабабини билолмай, ҳайрон бўлиб юрганида, у бир кечаси туш кўради. Тушида нуроний бир зот Яссавийга макбара қуришдан аввал Зангиотанинг қабрини обод қилиш лозимлигини соҳибқирон бобомизга аён қилади.
Шунда Амир Темур Зангиота руҳини шод этиш учун мақбара қуришга киришади. Бу муҳташам ёдгорлик мажмуининг қурилиши кейинчалик Улуғбек Мирзо томонидан охирига етказилади.
Бутун ислом дунёсида маълум ва машҳур Зангиота мажмуининг кейинги йилларда тубдан қайта таъмирланиб, гўзал ва обод бир зиёратгоҳга айлантирилгани вилоят ахлининг савобли ишларидан биридир.
Яна бир мисол. Тарихдан маълумки, буюк соҳибқирон Амир Темур мамлакатимиз пойтахтига, Тошкент вилоятига жуда кўп ташриф буюрган. Чиноз, Оккургон туманларида буюк зотнинг муборак излари кўрилган. ҳатто Оққўрғон туманида Баникент номли шаҳарни қайта тиклаб, уни севимли фарзанди Шохрух номига „Шохрухия“ деб атаган.
Ҳозирги Оққўрғон туманида жойлашган бу азим гўша, жахонгир бобомиз бунёд этган шаҳар — Шохрухияда Амир Темур боғи барпо этилган.
Бу мисоллар ушбу заминнинг нақадар муқаддаслигидан далолат беради.
Бу муқаддас заминда муборак излари қолган Хўжа Ахрор Валий, Шайх Умар Боғистоний, Абу Бакр Шоший, Абу Сулаймон Банокатий, Хофиз Куйкий каби зоти шарифларнинг ҳар бири ҳақида узоқ гапириш мумкин.
Тошкент вилояти улкан ва ноёб салоҳиятга эга. Бу ердаги беҳисоб имкониятлар, ривожланган коммуникация тармоқларини оласизми, шаклланган инфра тузилмани оласизми, сув таъминоти ёки юксак малакали кадрларни оласизми — уларнинг барчаси Тошкент вилоятида мавжуд.
Бугунги кунимиз ва эртанги ҳаётимизнинг тараққиёти устида ишлаётган, илм-у фан ва маърифат соҳасига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган кўплаб ташкилотларнинг хизматини алоҳида таъкидлаш лозим.
Вилоят ҳудудида биргина қишлоқ хўжалиги муаммолари билан шуғулланувчи ундан ортиқ илмий текшириш институти, нуфузли тадбир марказлари ишлаб турибди.
Бу ерда ўсимликлар генетикаси, шоликорлик, картошка ва сабзавотчилик пахтачиликка ихтисослашган бир қатор илмий марказ институтлари, Шредер номидаги Узумчилик ва боғдорчилик илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси, республикамизнинг барча вилоятларига мутахассислар тайёрлаб бераётган, мамлакатимизда ягона бўлган Аграр университет фаолият кўрсатмоқда.
Шу нуқтаи назардан Тошкент вилояти халқ хўжалиги соҳасида пайдо бўлаётган барча янгилик ва ихтироларни синаб кўрадиган катта бир тажриба майдони, деб ном олган бўлса, бу ҳам табиий бир хилдир.
Бунёдкорлик воҳаси деб ном олган вилоятнинг файз-у таровати ва бошқа ўзига хос хусусиятлари яна нимада намоён бўлади?! Яхшиси, шу ҳақида:
Тошкент вилояти Ўзбекистон Республикасининг шимолий-шарқида жойлашган. Майдони 15.3 минг кв.км. Вилоятда 15 та туман, 16 та шаҳар, 18 та шаҳар қўрғони ва 146 та қишлоқ фуқаролари йиғинлари мавжуд. Мамлакат пойтахти — Тошкент шаҳри бир вақтнинг ўзида вилоятнинг маъмурий маркази ҳамдир.
Йирик шаҳарлари: Ангрен, Чирчиқ, Олмалиқ, Бекобод, Янгийўл ва Оҳангарондир.
Вилоятда 2,4 млн киши истиқомат қилади ва аҳоли сони жиҳатидан республикада учинчи ўринда туради. Аҳоли зичлиги жиҳатидан ҳар бир кв.км.га 155 киши тўғри келади. Аҳолининг миллий таркиби: ўзбеклар, руслар, қозоқлар, тожиклар, қирғизлар, уйғурлар, татарлар, корейслар, украинлар ва бошқа 80 га яқин миллат ҳамда элатлардан иборат.
Вилоятнинг шимолий-шарқий ва шарқий қисмини Чотқол, Қурама, Писком ва Угам тизма тоғлари ташкил қилади. Ҳудудининг катта қисми жануб ва жанубий ғарбга томон Сирдарёга қия тушган тоғолди текислигидан иборат. Вилоят юқори сейсмик зонада жойлашган. Ик/1ими континентал. 1 қиши нам, нисбатан юмшоқ, ёзи иссиқ ва қуруқ. Январнинг ўртача ҳарорати — 1.3 С дан — 1.8 С гача, июлники 26.8 С. Йилига текисликларга 250 мм, тоғолдиларига 350–400 мм, тоғпарга 500 мм. ёғин тушади. Қор қоплами фақат тоғларда турғун. Вегетация даври текисликларда қарийб 210 кун. Асосий дарёлари: Сирдарё (Тошкент вилоятида узунлиги 125 км) ва унинг ирмоқлари, Чирчиқ; (Пеком билан бирга) ҳамда Ангрен ҳисобланади.
Текисликда бўз тупроқ, тоғолдиларида (500–600 м. баландликкача) — типик бўзтупроқ, ундан юқорида чимли-қўнғир, ўтлоқи — дашт тупроқлар тарқалган. Дарё терассаларининг қуйи қисмида, шунингдек ер ости сувлари ер юзасига яқин жойларда, дарё водийларида аллювиал тупроқ/иап бор. Текислик қисми ҳайдалиб, экин экилади. Фақат Сирдарё соҳилларида тўқайзорлар бор. Тоғлар 1200–1400 м. баландликкача тоғдаштлари, ундан юқорида арчазорлар, 2000 метрдан юқорида субалп ва алп ўтлоқлари учрайди.
Манбалар
- ↑ „„Яхшироқ номзод бўлса, кўриб чиқишга тайёрман“. Президент Тошкент вилояти ҳокимлигига Зойир Мирзаев номзодини таклиф қилди“. Бугун.уз. 2023-йил 8-февралда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2022-йил 22-сентябр.
- ↑ "Тошкент вилояти" ЎзМЕ. Т-ҳарфи[сайт ишламайди] Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- ↑ „«Бирлик йўқ бу вилоятда, агар бўлсак ихчамгина иккита вилоят бўлади». Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятини иккига бўлиш таклифини билдирди“. Бугун.уз. 2021-йил 5-августда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2021 йил 19 март.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |