Абдуддор (арабча: بنو عبد الدار‎‎ – Бани Абд ад-Дор) – Қурайш қабиласининг асосий уруғларидан бири.

Тарихи

Абдуддор арабча сўз бўлиб, дорнинг қули – жоҳилият давридаги араблар эътиқодида машҳур бўлган Дор исмли бутнинг қули деган маънони англатади. Макка фатҳигача Каъба хизматлари, ҳожиларга сув тарқатиш, байроқдорлик ҳамда „Дор ан-надва“ни бош­қариш ҳуқуқига эга бўлган уруғ бўлиб, Пайғамбарнинг катта боболари Қусайнинг катта ўғли исмидан олинган. Манбаларда Абдуманоф ўғилларининг боболари меросини қайтариб олиш ҳаракатида Абдуддорга қарши чиққанлари ҳамда улар ўртасида тузилган шартномага биноан Каъба хизматлари, байроқдорлик ва Макка раҳбарлиги Абдуддорнинг ваколатида қолгани қайд этилган.

Ал-Абдий, ал-Ибодий, ал-Абдарий ка­би нисбатлар билан номланган Абдуддор қабиласи Каъбанинг таъмир ишларида қатнашиб, баъзи қабилалар билан биргаликда Ҳижр қисмидаги деворни қурадилар. Зам-зам қудуғи қазилмасидан олдин қабила учун Умму Аҳрад номи берилган қудуқ қазиганлар. Ҳабашистонга қилинган илк ҳижратда Абдуддор ўғилларидан беш эркак ва бир аёлнинг қатнашгани, мусулмонларга қарши тузилган ҳужжат матни шу қабила вакили Мансур ибн Икрима томонидан ёзилгани ва Қур’ондан таълим бериш учун Мадинага юборилган Мус’аб ибн Умайр ҳам мазкур қабилага мансублиги маълум.

Қурайш байроқдори ҳисобланган Абуддор ўғиллари Уҳуд жанггида Абу Суфён ва унинг рафиқаси Ҳинднинг қистови билан бирин-кетин уруш майдонига чиқади ва уларнинг кўпчилиги ўлдирилади. Макка фатҳидан кейин пайғамбар Каъбанинг калитига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини мазкур уруғдан бўлган Усмон ибн Талҳага топширганлар[1].

Адабиётлар

  • Ибн Ҳишом. Ас-Сӣра. – Қоҳира: 1936. И, 132, 136, 138, 140, 157, 341, 376;
  • Ибн Касир. Ас-Сӣра. – Қоҳира: 1964-66. И, 100, 101, 259; ИИ, 216, 259;
  • Каҳҳола. Му’жам қабāил ал-’араб. – Байрут: 1982. ИИ, 723;
  • Аҳмет Лüтфи Казанcи. „Абдüддâр“ (Бенî Абдüддâр)". ТДВ İА. – İстанбул: 1988. И, 177.

Манбалар

  1. ↑ Ислом энциклопедияси (ўзбекча,), 2020-йил. ИСБН 978-9943-59-267-4.