Adabiy til
Адабий тил — муайян умумхалқ тилининг қайта ишланган ва меъёрлаштирилган тил ҳисобланади. Мазкур тил сўзлашувчи халқнинг маданий эҳтиёжларига хизмат қилувчи шаклдир. „Қайта ишланган“ тушунчаси нисбий (тарихан турли даврларда, турли халқларда адабий тил ўзгариб турган). Ҳатто айрим бир халқда ҳам Адабий тил турли даврда турлича бўлган (мас, қадимги туркий адабий тил, ҳозирги ўзбек адабий тили). Баъзи даврларда бир халқ учун бошқа бир халқ тили Адабий тил вазифасини ўтаган. Масалан, форс ва туркийлар учун мумтоз араб тили, японлар учун мумтоз хитой тили; баъзи Европа халқлари учун лотин тили ва бошқа Адабий тил бўлган. Адабий тилнинг икки — оғзаки ҳам ёзма кўриниши мавжуд. Ҳар қандай Адабий тил халқ оғзаки нутқи асосида шаклланиб, шу халқ тилига хос шеваларни умумлаштиради ва барча шева вакиллари учун тушунарли шакл олади. Ривожланган Адабий тилсиз бой маданиятга эга халқ бўлиши мумкин эмас. Шу маънода Адабий тил жамиятнинг долзарб муаммоларидан ҳисобланади. Адабий тил деганда баъзан уни турли кўринишлари билан қориштириб юборадилар. Хусусан, ёзма Адабий тил ва оғзаки Адабий тил ҳамда бадиий адабиёт тили билан Адабий тилни айни бир деб бўлмайди. Адабий тил ўз мезонларини эгаллаган шу тилда сўзлашувчилар барчаси учун бирдек ҳисобланади. У ҳам ёзма, ҳам оғзаки шаклларда амалда қўлланади. Бадиий асар (ёзувчи) тили ҳам Адабий тил меъёрларига бўйсунса-да, 181 кўплаб хусусийлик ҳамда умум эътироф этмаган жиҳатларни ўзида мужассамлаштиради. Турли халқларда ҳамма даврларда ҳам Адабий тил билан бадиий асар тили бир тахлитда бўлмаган. Адабий тил билан миллий тил ўртасида ҳам фарқ бор. Миллий тил шу тилнинг эгаси бўлган халқ миллат бўлиб шаклланганда юзага келади. Миллий тил Адабий тил вазифасини ўтайди, лекин ҳар қандай Адабий тил дарҳол миллий тилга айлана олмайди. Адабий тил билан шевалар ўртасидаги муносабат алоҳида муаммони ташкил этади. Шевалар тарихан қанчалик барқарор бўлса, Адабий тил учун шеваларнинг вакилларини лингвистик нуқтаи назардан умумлаштириш шунчалик муракка-блашади. Ҳозирги кунда кўпгина мамлакатлар (масалан: Италия, Индонезия ва бошқалар)да шевалар Адабий тил билан тенг суратда қўлланмоқда. Адабий тил тушунчаси одатда тил услублари тушунчаси билан боғланади. Аммо бу боғланиш бир томонлама. Чунки тил услубиятларининг ўзи Адабий тил кўринишлари ҳисобланади. Улар тарихан шаклланган, муайян белгилар мажмуидан иборат бўлади. Мазкур белгиларнинг бир қисми бошқа услубларда такрорланиши мумкин. Лекин, бу такрорий белгиларнинг маълум шаклда бирикиши ва вазифасининг ўзига хослиги бир услубнинг иккинчи услубдан фарқини белгилайди.
Яна қаранг
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |