Адажио (италянча: „адагио“ – секин, вазмин) ёки ададжо — 1) асарни оғир, вазмин ва секин сур’атда ижро этиш белгиси[1][2]. Андантедан секин, лекин ларго, лентолардан жонли ижро этилади;

2) шу ижро услубида яратилган мусиқий асар ёки туркумли шакл қисми. Баъзи мумтоз симфониялар муқаддимаси адажио сур’атида ёзилган (И. Гайдн, В. Моцарт, Л. Бетховен ва бошқалар) Ўзбекистон композиторлари ижодида адажио кўп учрайди. М. Тожиевнинг камер оркестри учун „Адажио“ 3-симфониясидаги 1-қисмининг бошланғич бўлаги, 4-симфониясининг 4-қисми адажио сур’атида;

3) балетда оҳангдор, майин таралувчи мусиқа жўрлигида, кўпинча, оҳиста ҳаракатлардан тузилган, бир ёки икки кишилик нафис лирик рақс[1][2]. Баъзан мустақил рақс парчаси (па-де-дё, па-де-труа, па дак-сон, гран па); Икром Акбаровнинг „Орзу“ балетида катта адажио, Мухтор Ашрафийнинг „Севги тумори“ балетида адажио қисмлари мавжуд;

4) асосан мувозанатни сақлашга ёрдам берадиган оҳиста, секинлаштирилган машқлардан иборат европача мумтоз рақс машғулотининг бир қисми[3].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 И. А. Акбаров. Музика луғати. Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1987. 
  2. ↑ 2,0 2,1 И. А. Акбаров. Мусиқа луғати. Тошкент: Ўқитувчи нашриёти, 1997 — 384-бет. ИСБН 5-645-02422-2. 
  3. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Адажио“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (А-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.