байроқ

Адигея Республикаси– Кавказ тоғ тизмасининг шимолий ён бағрида, Кубан атрофидаги текисликда жойлашган. Россия Федерацияси Краснодар ўлкаси таркибига киради. Майдони- 7,6 минг км². Аҳолиси – 450 минг кишидан ортиқ (1999). Пойтахт— Майкоп шаҳри.

ll
Адигей миллий либоси

Табиати

Ер юзасининг аксарияти Шимолий Кавказга хос ўрқирли текисликдан иборат, жанубидаги тоғларнинг баландлиги 3238 м (Чугуш тоги). Газ, нефт конлари, маъданли булоқлар бор. Семент, оҳак, ойна ишлаб чиқариш учун хом ашё захираларига эга. Тоғларда кошинкорлик ва безакбоп тошлар кўп. Майкоп тупроғининг хусусиятлари ноёб. Адигея ҳудудининг қарийб 40%ни ўрмонлар ишғол қилади. Тоғ ва водийларда дуб, бук, қайин, шумтол, заранг, кавказ пихтаси, шарқ арчаси, қарағай, терак, самбит, қайрағоч, липа (жўка) ўсади. Адигеяда 60 турдаги сут эмизувчи ҳайвон, 200 хил парранда яшайди. Иқлими – мўтадил илиқ. Январнинг ўртача температураси 193-2°, июлда 22° атрофида. Йилига 700 мм гача ёғин ёғади. Асосий дарёси – Кубан; унинг ирмоқлари – Лабой, Белой ва бошқалар. Тупроғи— асосан қоратупроқ. Кавказ қўриқхонасининг аксарияти Адигея ҳудудида жойлашган. Аҳолисининг кўпчилиги адигейлар ва руслар. Адигейларнинг тахминан 82% ўз тарихий ҳудудида яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км² га 58,8 киши тўғри келади. Шаҳар аҳолиси 54%ни ташкил этади.

Тарихи

Тахминан ХИИИ асрда ғарбий адигей қабилалари адигей элати бўлиб таркиб топа бошлади (антик ёзувчиларнинг далолат беришича, меотлар, синдлар ва бошқа уларнинг аждодлари бўлган). ХИИИ асрда адигейларни Олтин Ўрда ўзига бўйсундириб олган. ХВИ асрда турк султонлари ва Қрим хонлари адигейларни қарам қилиш учун ҳужум уюштирган. 1557-йилдан Адигея Россия таркибида. 1918-йил Майкопда шўро ҳокимияти эълон қилинди, май ойида адигейлар яшовчи ҳудуд Кубан Қора денгиз совет республикаси таркибига киритилди. 1922-йил Черкасия мухтор вилояти тузилди, у 1928-йилда Адигея мухтор вилояти деб аталди. Иккинчи жаҳон уруши вақтида 1942-йил августда немис-фашист босқинчилари Адигея ҳудудини босиб олдилар. 1943-йил озод қилинди. 1991-йил Адигея мухтор вилояти Адигея республикаси бўлди. 1995-йил мартда Адигея конституцияси қабул қилинди.

Хўжалиги

Адигея халқ хўжалигида саноат етакчи ўрин олади. Унинг асосий тармоқлари – озиқ-овқат ва қайта ишлаш саноати. Энергетикаси иссиқлик электр стансиялари ва гидроресурсларга таянади. Консерва, виночилик, Ёғ-мой, тамаки, қанд-шакар, сут заводлари бор. Ўрмон, ёғочсозлик, Машинасозлик саноати корхоналари мавжуд. Асосий саноат маркази Майкоп шаҳри. Адигеяда асосий экинлар буғдой, маккажўхори, шоли, кунгабоқар, қанд лавлаги, зиғир, тамаки, чой, эфир мойли ўсимликлар. 250 минг га ҳайдаладиган ер бор. Паррандачилик қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи ҳисобланади. Қорамол, қўй ва эчки боқилади. Йилқичилик ва асаларичилик ривожланган. Асосий транспорт тури – темир йўл. Автомобил ва ҳаво транспорти ривожланган. Кубан дарёсида кемалар қатнайди. Адигеядаги машинасозлик, ёғочсозлик, енгил саноат корхоналари маҳсулотлари – станоклар, турли типдаги редукторлар, мебел, картон, озиқ-овқат, шунингдек қора металлар, мойли экинлар уруғи жаҳондаги 17 мамлакатга чиқарилади. Майкоп шаҳрида ишлаб чиқариладиган юксак даражада тозаланган инсулин чет элда кенг тарқалган.

Маданияти

Адигеяда ўрта умумий, ҳунар-техника ва олий таълим ривожланган. Адигеяда университет, Майкоп давлат технология институти, Адигея халқаро ФА, тарих-ўлкашунослик музейи, оммавий кутубхона, клуб муассасалари бор. Қадим замонлардан мардлик эпоси, қаҳрамонлик қўшиқлари, оғзаки тарихий ҳикоялар кенг ёйилган. Адабиёт ва санъат арбоблари – шоирлар Л. Куэк, Р. Хочемизова, рассомлар П. Амосян, В. Долгов, В. Мехед, Ф. Петуваш, Т. Кат, М. Тугуз, З. Гучев, М. Гогуноковлар машҳур. Жез давридан қолган олтин ва кумуш идишлар, ҳайвонлар тасвирланган ҳайкалчалар маълум, илк темир даврида заргарлик буюмлари ва керамика пайдо бўлган. Амалий нақш санъатининг анъанавий турлари: кумушга гул солиш, зар ва кумуш ип билан кашта тикиш ривожланган. Ҳозирги даврда дастгоҳ тасвирий санъати урф бўлди. Ўрта асрларда Европа билан Осиёни боғловчи Буюк Ипак йўли республика ҳудудидан ўтган. Адигейларнинг аждодлари жаҳон археологиясида машҳур бўлган Майкоп маданиятини яратганлар, маҳобатли тош сағаналар барпо этганлар. Адигеяда симфоник оркестр, камер театри, халқ чолғу асбоблари оркестри ишлаб турибди. Майкопда Шарқ халқлари санъати Давлат музейининг филиали очилган[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил