Адл (араб. – одиллик, тўғрилик) – ислом динида Аллоҳ сифатларидан, „илоҳий адолат“га эътиқод қилиш – ислом ақидавий талабларидан бири. Мўтазилийлар Аллоҳнинг инсонларга одиллиги ҳақидаги тасаввурдан келиб чиқиб, инсон иродасининг эркинлиги ҳақидаги фикрни илгари сурган. Шиаликда – Адл сўзи расман қабул қилинган бешта ақидадан бири, инсон тақдирини белгилашдаги Аллоҳнинг адолатли ҳукми мазмунида қўлланади. Ҳозирги замон ислом илоҳиётида Адл – жамиятнинг барча аъзоларига нисбатан „илоҳий адолат“, уларнинг „Аллоҳ олдида тенглиги“ деб талқин этилади. Шариатда Адл ислом диний қонунларининг „илоҳий адолат“га асосланганлигини ифодалайди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил