Адвор (араб. — айланалар, туркумлар; бирлиги — давр) — Ўрта ва Яқин Шарқ мусиқа назариясида мазмунан универсал, шаклан тугал ва мунтазам такрорланувчи жараёнларни ифодалайдиган бадиий-эстетик қонуниятлар ва илмий-назарий қоидалар тизими. Адвор тушунчаси Ўрта Осиё маданиятида қадимги даврлар (тахминан милл.авв. бир минг йиллик)да вужудга келади. Дастлаб у умумий космогоник мазмунга эга бўлиб, табиат жараёнларидаги (мас, йил фаслларининг алмашуви, мучал-буржлар ва осмон жисмларининг ҳаракат доиралари ва ҳоказо) мунтазам такрорланувчи ҳолатлар билан боғлиқ деб фараз этилмиш бадиий-эстетик қонун-қоидаларга таянади. Адвор илк бор Киндий (801—879)нинг мусиқий рисолаларида махсус илмий-мусиқий атама сифатида "ритмик доиралар" маъносида, Фаробий асарларида мусиқа асарларининг муваққат-фазовий (ритмик, шаклий) нисбатларни, "Ихво-нус-сафо" (Х аср) рисолаларида эса универсал-эстетик тушунчаларни ҳам ифодаловчи атама сифатида қўлланади. ХИИ—ХИИИ асрларда Адворнинг маъно доираси янада кенгайиб, унда туркум (Ўн икки мақом, навбат, амал ва бошқалар), алоҳида ижро этиладиган мусиқа асарларининг тузуклари (парда ва товуш-қаторлар тизими) ва ритмик доиралари (усул ва зарблар) акс эттирилган. Ушбу универсал мусиқий маънолардаги Адвор атамаси ХИИИ—ХВ асрларда, айниқса, ал-Урмавийнинг "Китобул-адвор" ("Айланалар китоби") асаридан кейин мусиқа истилоҳида "мақом" атамасига тенг маънода муҳим ўрин эгаллаган. Урмавийнинг мазкур асари ва ундан кейин ёзилган бошқа рисолаларида Ўн икки мақом куй тузуклари ва усуллари муайян нисбатлар асосида ўзаро мутаносиб айланалар шаклида ифода этилган. Ўрта асрлар мусулмон Шарқи мусиқа илмида ритмик вақт бирлиги ҳамда ушбу бирликлардан ташкил этилган ритмик тузилма (усул)лар ҳам давр ёки Адвордеб аталиб, рисолаларда айлана шаклида ифода этилган. Ад.: Ражабов И., Мақомлар масаласига доир, Т., 1963.

Адабиётлар

  • Назаров, Абдуманнон. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил