Афония (юнонча а – инкор қўшимчаси ва пҳоне – овоз) – шивирлаб гапириш қобилияти сақлангани ҳолда овоз чиқмай қолиши. Афония турли касалликлар: ҳиқилдоқ, нерв системаси, шунингдек организмнинг умумий касалликлари белгиси бўлиши мумкин. Чин паралитик функсионал ва спастик хиллари бор. Овоз бойламларининг етарли юмилмаслиги ёки тебранмаслиги билан кечадиган касалликларда (яллиғланиш, рак ва ҳоказо) чин Афония рўй беради. Ҳиқилдоқ нерви фаолиятининг бир томонлама бузилиши (қалқонсимон без операцияси ва бошқалар), нерв касалликлари паралитик афонияга сабаб бўлиши мумкин. Одатда, асабий беморларда овоз бойламларини ҳаракатлантирувчи нерв механизмларининг вақтинча тормозланиши, руҳий изтироб, қўрқиш ва бошқа натижасида функсионал Афония юзага келади. Ҳалқум ва ҳиқилдоқ шиллиқ қаватига ўювчи кимёвий моддалар таъсир этиши ва бошқа спастик афонияга сабаб бўлади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент 2000-йил

Ҳаволалар