Агрофон (юн. агрос — дала, лот. фундус — муҳит) — тупроқнинг физик ва кимёвий хоссалари, унумдорлиги жиҳатидан агрономия талабларига мос ҳолати; тупроқнинг агрономик хоссалари мажмуи. Ҳар бир участканинг Агрофонини билиш қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил етиштириш учун агротехника ҳамда мелиоратив тадбирлар мажмуини тўғри ва табақалаб амалга ошириш имконини беради. Агрофон паст даражада бўлиши мумкин. Экинларни тўғри алмашлаб экиш, маҳаллий ва минерал ўғитлардан унумли фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш технологиясига тўғри амал қилиш йўли билан юксак Агрофон барпо этилади. Масалан, юксак Агрофон шароитларида ғўза серҳосил, соғлом ўсади, касаллик ва ҳашаротларга чидамли бўлади, тола ва чигит сифати яхшиланади. Агрофон ишларида тадқиқот мақсадларига қараб Агрофон сунъий яратилади. Селексионер олимлар янги нав яратишда ва уруғчилик ишларида махсус тайёрланган Агрофонларда иш олиб борадилар.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил