Аҳмад Иналтегин (форсча: احمد نیالتگین ‎‎) (шунингдек, Йиналтигин) туркий қўмондон, дастлаб Ғазнавий ҳукмдорларга хизмат қилган, бироқ кейинчалик уларга қарши қўзғолон кўтарган. Аҳмад султон Маҳмуд Ғазнавийнинг, кейин эса унинг ўғли Масъуд Ғазнавийнинг хазиначиси бўлган. Султон Мас’уд уни 1033-йилда Панжоб ҳокими этиб тайинлаган. Аҳмад Иналтегин кичик қўшин билан Варанасига юриш уюштирган, сўнгра Панжобга қайтган[1].

Фаолиятининг дастлабки даврида Аҳмад Ғазнавий ҳукмдор Маҳмуднинг хазиначиси лавозимида хизмат қилган ва у билан яхши муносабатда бўлган. 1030-йилда Маҳмуд вафот этгач, ўрнига ўғли Муҳаммад Ғазнавий тахтга ўтирган. Бироқ кўп ўтмай, Муҳаммад ўзидан қобилиятлироқ укаси Масъуд Ғазнавий томонидан тахтдан туширилган. Мас’уд отасининг хизматкорларини ёқтирмагани сабабли Аҳмадни тўплаган бойликларини топширишга мажбур қилган[манба керак].

Аҳмад ҳарбий тажрибага эга бўлмаса-да, 1031-йилда Ҳиндистондаги қўшин бош қўмондони этиб тайинланди ва Лаҳорга жойлаштирилди[2]. Унинг асосий вазифаси Ҳиндистон ҳукмдорларидан хирож йиғиш эди. Бироқ фаолияти давомида кўрган ёмон муносабатлар учун қасос олиш мақсадида Марказий Осиёдан туркий ёлланма аскарларни жалб эта бошлади. 1033-йилда Варанасига юриш қилди, аммо кўп ўтмай, Мас’удга қарши қўзғолон кўтарди[3]. Мас’уд тез орада унга қарши қўшин юборди. Бироқ Аҳмад бу қўшинни қийинчиликсиз мағлуб этиб, ҳатто рақибнинг қўмондонини ҳам ўлдирди. Шундан сўнг Мас’уд исломни қабул қилган ҳинд сиёсатчиси Тилак бошчилигида яна бир қўшин юборди. Тилак қўшини Аҳмад Иналтегинни тор-мор қилди. Аҳмад Тилакдан қочиш мақсадуда Ҳинд дарёсидан ўтишга уринган пайтда чўкиб кетди[2][4].

Яна бошқа манбага кўра, 1034-йилда ҳоким Аҳмад Йиналтегин Варанасига дадил ҳужум уюштирган. Бироқ дарҳол ўлжа билан Панжобга қайтган. Йиналтигин ўлжанинг бир қисмини Масъуд Ғазнавийга юбормаган, султон эса буни исёнкорлик ҳаракати деб баҳолаган. Султон Мас’уд Ғазнавий ўзининг ҳинд қўмондонларидан бири Тилак Райга Йиналтегинни қўлга олишни буюрган. Тилак Рай, асосан, ҳинд ёлланма аскарларидан иборат катта қўшин билан Аҳмадни қувиб борган. Аҳмад Йиналтегин ўлдирилган ва унинг боши Ғазнага олиб борилган[5].

Яна қаранг

Манбалар

  1. ↑ Рамеш Чандра Мажумдар. Анcиэнт Индиа. Мотилал Банарсидасс Публ., 1977 — 344-бет. ИСБН 978-81-208-0436-4. 
  2. ↑ 2,0 2,1 Босwортҳ 1984, с. 647.
  3. ↑ Босwортҳ 1977, сс. 20, 64 „Аҳмад Иналтигин, wҳо ҳад унсуccессфуллй ребеллед тҳере агаинст тҳе султан ин 424/1033“
  4. ↑ Босwортҳ 1975, с. 188.
  5. ↑ Инвасионс фром Гҳазни

Адабиётлар

Ҳаволалар