Акробатика (юнонча, акроботес — оёқ учида юраман, юқорига чиқаман) — 1) гимнастика шаклидаги жисмоний машқлар тури; 2) сакраш, спорт ускуналарига таяниб ёки уларсиз мувозанатни сақлаб бажариладиган, куч, эпчиллик намойиш қилинадиган ва бошқа махсус жисмоний машқлар мажмуаси, спорт тури. Спорт акробатикаси ХХ аср 30-йилларида пайдо бўлди. Бу спорт турида сакраш машқлари қуйидагича бажарилади: айланишлар, дўмбалоқ ошишлар, салто. Бу ҳаракатларни бажарганда спортчи аввало ўз мувозанатини, сўнг шерикларининг мувозанатини сақлаши зарур.1 Акробатика мусобақалари қуйидаги турларга бўлинади: акробатик сакрашлар (эркак ва аёллар);……… аралаш жуфтликлар машқи (эркак ва аёл); эркаклар жуфтлик машқлари; аёллар гуруҳли машқлари; эркаклар гуруҳли машқлари (икки ёки тўрт киши); батут (сакрагич) устида (эркаклар ва аёллар) машқлари. Халқаро спорт акробатикаси федерациясига (1973-йил асос солинган) 29 мамлакат аъзо (1987). 1974-йилдан жаҳон, 1978-йилдан Европа чемпионати ўтказилади. Акробатика спорти Ўзбекистонда 1936-йилдан ривожлана бошлади. Ўзбекистон Республикасида Н.Лакиза, М. Тешабоев, М. Тожиев, Д. Костин, Р. Исянов, В. Бабич, М. Қодирова, Я. Муҳамедов машҳур акробатчилардир; 3) сирк санъати жанри. Миср, Юнонистон, Рим, Византия, Хитой, Японияда қадимдан маълум. Ўрта асрларда акробатика Туркистон масхарабозлик санъатидан ўрин эгаллаб, дорбозликда кенг қўлланган. Бошқа мамлакатларда мим жанрида чиқувчилар (Италияда), жонглёрлар (Франсияда) фаолиятида намоён бўлган. ХВИИИ аср охирларидан сиркда кенг тарқалди. Асосан, динамик ва статик машқларга бўлинади. Динамик машқлар умбалоқ ошиш, тўнтарилиш, салто (турган жойда муаллақ ҳолда умбалоқ ошиб, яна ўз вазиятига қайтиш) ҳаракатларидан; статик машклар турли вазиятда мувозанат сақлаш, чалқанчасига ағдарилиб, гавдани „кўприкча“ қилиш каби машқлардан иборат. Куч акробатикаси (қўлда ёки бошда туриш, мувозанат сақлаш), сакраш акробатикаси (икки ёки ундан ортиқ кишининг сакраши, флик-фляк, салтомортале, ғилдираксимон сакраш ва бошқалар), елка акробатикаси (3 кишидан кам бўлмаган ҳолда, улардан бири елкадан елкага сакрайди), комик акробатикада (масхарабозлар гримда чиқиб тасодифан қоқилиб кетгандек бўлиб, томошабинларни кулдиради, дор, тўрник, батут ва манеж устида кулгили машклар бажаради) ва бошқа акробатика ўйинлари бор. От устида акробатика (чопиб кетаётган от устида машқлар бажариш) замонавий сиркда асосий жанрлардан бири. Ўзбекистон сирк ва эстрада дастурларида акробатикадан кенг фойдаланилади. Махсус (сирк, театр) ўқув юртларида акробатика алоҳида дарслик сифатида ўқитилади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил