Чучук сувли аквариум.

Аквариум (лотинча ақуа – „сув“, ариум – „жой“, „хона“) манзарали балиқлар сақлаш ва боқиш учун ишлатилувчи шаффоф деворли идишдир. Баъзан аквариумларда балиқлардан ташқари сувўтлар, сувда ҳам қуруқликда яшовчилар ёки сувда яшовчи сут эмизувчилар боқилиши мумкин. Аквариумни сувли виварий деб ҳам аташган.

Аквариум (лот. ақуа – сув) – 1) сув ҳайвонлари ва ўсимликларини тирик сақлаш ва кўпайтириш учун фойдаланиладиган шиша идиш. Фойдаланиш мақсади ва организмлар учун зарур бўлган шароитга биноан аквариумнинг тузилиши, шакли ва ўлчами ҳар хил бўлади. Аквариум одатда яхлит шишадан ёки синчли металлдан, девори шишадан ясалади. Аквариум ясаш учун баъзан органик шишадан ҳам фойдаланилади: Стандарт аквариум тўғри бурчакли, баландлиги билан эни бир хилда, бўйи энидан 1,5-марта узунроқ қилиб ясалган. Деворга қўйиладиган аквариумнинг олдинги девори эгик бўлади. Аквариум тубига ювиб тозаланган дарё қуми (заррачаларнинг ўлчами 2-4 мм) солинади. Балиқ боқиш учун аквариум суви кислородга тўйинган, ундаги минерал тузларнинг таркиби ва нисбати муайян миқдорда бўлиши лозим. Сувни кислородга тўйинтириш учун аквариумда сув ўсимликлари ўстирилади, ўсимликлар ҳар куни 10-12 соат давомида ёритиб турилади. Ёруғликда ўсимликлар аквариум балиқлари нафас олганида чиқадиган карбонат ангидрид газини ўзлаштириб, кислород ажратиб чиқаради, сувдаги минерал моддаларни шимиб олган Сувни доимо тоза сақлаш учун аквариум девори тозалаб турилади, сув тубига чўккан чиқиндилар олиб ташланади, буғланган сувнинг ўрни тўлдириб турилган. Аквариумда сув юзасида (руччия, салвиния, сув салати ва бошқалар) ва сув қаърида қалқиб турадиган (элодея, урут, людвигия ва бошқалар), сув тубига ёпишиб ўсадиган (валлиснерия, ўқёйбарг, апоногетон, эхинодорус, криптокорина ва бошқалар) ўсимликлар ўстириш мумкин. Аквариумнинг устини шиша билан ёпиб, қопқоқни чети ҳаво кириб туриши учун бир оз очиб қўйилади. Илмий лабораторияларда, баъзан хонадонларда ҳам аквариум суви насос ёрдамида ҳаво юбориш билан кислородга тўйинтирилади, қум ва фаоллаштирилган кўмир орқали ўтказиб тозалаб турилади; 2) илмий тадқиқот ўтказиш ёки намойиш қилиш мақсадида денгиз ёки чучук сув ҳайвонлари ва ўсимликлари намуналарини тирик ҳолда сақлайдиган муассаса бўлган. У сув ҳайвонлари ва ўсимликларининг ҳаёти ўрганиладиган ва намойиш этиладиган илмий муассасалар ва ҳайвонот боғларида (шу жумладан, Тошкент ҳайвонот боғида) барпо этилган. Дастлабки аквариумлар ХИХ асрнинг 2- ярмида қурила бошлаган (Севастопол −1871, Неапол −1872). Денгиз ҳайвонларини ўрганиш учун аквариум одатда денгиз соҳилига яқин жойда қурилади. Энг йирик аквариумлар Неапол, Бомбей, Севастополда қурилган. Денгиз аквариуми баъзан океанариум деб ҳам аталган[1].

Одатда аквариум дейилганда, хонаки аквариум тушунилган. Хонаки аквариум ҳажми кўпи билан 1000 литр бўлиши мумкин. Бундан ташқари, жамоат аквариуми деб аталувчи катта ҳажмли (7500 куб метргача) аквариумлар ҳам мавжуд бўлиб, улар ҳайвонот боғларида, океанариумлардаги йирик денгиз ҳайвонларини сақлаш ва намойиш қилиш учун қурилган.

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил