Al-Adid
Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Юсуф ибн ал-Ҳофиз (арабча: أبو محمد عبد الله بن يوسف بن الحافظ; 1151–1171), ал-Адид ли-диналлаҳ (العاضد لدين الله) ҳукмдорлик номи билан машҳур, Фотимийлар сулоласининг ўн тўртинчи ва сўнгги халифаси. 1160-йилдан 1171-йилгача ҳукмронлик қилган ислом дини шиалик мазҳаби Ҳофизийлар бўлимининг йигирма тўртинчи имоми.
| Ал-Адид ли-диниллаҳ العاضد لدين الله | |
|---|---|
| Фотимийлар халифалиги имом–халифаси | |
| Салтанат | 1160–1171 |
| Ўтмишдоши | ал-Файз Бинасруллоҳ |
| Давомчиси |
|
| Туғилиши |
1151-йил 9-май Қоҳира, Фотимийлар халифалиги |
| Вафоти |
1171-йил 13-сентябр Қоҳира, Фотимийлар халифалиги |
| Фарзандлари |
|
| сулола | Фотимийлар |
| Отаси | Юсуф ибн ал-Ҳофиз |
| Дини | Исмоилийлар |
Ўзидан олдинги икки халифа сингари ал-Адид ҳам тахтга болалигида чиқди ва бутун ҳукмронлигини вазирликни эгаллаб олган турли кучли шахсларнинг қўғирчоғи сифатида ўтказди. У Фотимий халифалигини аста-секин емириб бораётган жараёнларга деярли ожиз томошабин бўлиб қолди. Ал-Адидни тахтга ўтқазган вазир Талаъи ибн Руззик 1161-йилда саройдаги фитна қурбони бўлди ва унинг ўрнига ўғли Руззик ибн Талаъи келди. Руззикнинг ўзи эса 1163-йилда Шавар томонидан ағдарилди, бироқ Шавар ҳам мансабда бир неча ойгина фаолият юритиб, Дирғам томонидан ҳокимиятдан четлаштирилди. Қоҳирада кечган ҳокимият учун кечган узлуксиз курашлар Фотимийлар халифалигини заифлаштириб қўйди, бу эса ҳам Қуддусдаги салибчилар қироллигига, ҳам Сурия султонлиги ҳукмдори Нуриддинга мамлакат устидан ўз режаларини амалга ошириш имконини берди. Салибчилар Мисрга бир неча бор бостириб кириб, ўлпон ундирди ва охир-оқибат уни бутунлай босиб олишни мақсад қилган эди. Ўз навбатида, Нуриддин Шаварнинг вазирлик лавозимини Дирғамдан қайтариб олиш уринишини қўллаб-қувватлади ва салибчиларга қарши курашиш учун саркардаси Ширкуҳни юборди. Маълум вақт мобайнида Шавар салибчилар ва сурияликларни бир-бирига қарши ўйнатиб юрди, бироқ 1169-йил январида Ширкуҳ Шаварни ағдариб, Қоҳирани эгаллади ва вазирликни ўз қўлига олди. Орадан кўп ўтмай Ширкуҳ вафот этди ва унинг ўрнига жияни Салоҳиддин вазир бўлди.
Салоҳиддин дастлаб ал-Адидга нисбатан муросали тарзда муносабатда бўлди, бироқ тез орада Миср устидан ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб, аста-секин Фотимийлар тузумини барбод қилишга киришди. Армия сафидаги Фотимийларга содиқ кишилар тозаланиб, уларнинг ўрнига суриялик аскарлар жойлаштирилди. Бу жараён „Қоралар жанги“ деб аталган муваффақияциз қўзғолон билан якун топди. Салоҳиддин оила аъзоларини ҳокимлик лавозимларига тайинлади, фуқаролик бошқаруви идоралари эса кўп жиҳатдан янги тузумга ўтказилди. Ал-Адид эса ҳатто маросимларга оид вазифалардан ҳам четлаштирилди. Ниҳоят, халифалик дини ҳисобланган исмоилийлик аста-секин тугатилиб, унинг ўрнига суннийлик қарор топди. Бу жараён 1171-йил сентябр ойида Аббосийлар олий ҳокимиятининг расман эълон қилиниши билан якунланди. Орадан бир неча кун ўтиб, ал-Адид вафот этди. Унинг оиласи уй қамоғига олинди, исмоилийлар эса Салоҳиддиннинг янги Айюбийлар сулоласи томонидан таъқиб қилинди. Натижада, Фотимийлар тузумининг қулаши ортидан орадан юз йил ўтмай, исмоилийлик деярли бутунлай Мисрдан йўқолиб кетди.
Келиб чиқиши
ХИИИ аср тарихчиси Ибн Халликон томонидан келтирилган маълумотларга кўра бўлажак халифа ал-Адид 1151-йил 9-майда туғилган[1]. Бошқа манбаларда эса унинг 1145 ёки 1149-йилда туғилганлиги айтилади[2]. Ал-Адид У ўн биринчи Фотимий халифаси ал-Ҳофиз ли-Дин Аллоҳнинг (ҳ. 1132–1149) кичик ўғилларидан бири бўлган Фотимий шаҳзода Юсуфнинг фарзанди эди[1]. Юсуф ал-Ҳофизнинг тирик қолган энг катта ўғилларидан бири бўлган, бироқ отаси вафот этгач, қудратли вазир Салим ибн Масал ал-Ҳофизнинг энг кичик ўғли, 16 ёшли Исмоилни халифа сифатида тахтга ўтқазган ва унга аз-Зафир би-Амруллоҳ ҳукмдорлик номини берган[3]. 1154-йилда аз-Зафир ўзининг вазири Аббос ибн Абу ал-Футуҳ томонидан ўлдирилди. Шундан сўнг вазир аз-Зафирнинг беш ёшли ўғли Исони тахтга ўтқазиб, унга Ал-Файз Бинасруллоҳ номини берди ва айнан ўша куни Юсуфни ҳам, аз-Зафирнинг бошқа катта акаси Жибрилни ҳам қатл қилдирди[4].
Бу вақтда Фотимийлар сулоласи таназзулга юз тутган эди. Расмий таълимот бўлган исмоилийлик ақидаси ўз жозибасини йўқотган, ворислик можаролари ва ички парокандаликлар билан заифлашган, сулоланинг қонунийлиги эса тобора Мисрда суннийликнинг қайта кучайиши билан шубҳа остида қолаётган эди[5]. Аз-Зафирнинг тақдиридан маълум бўлганидек, Фотимий халифалари ўзларининг қудратли бош вазирлари қўлида деярли қўғирчоққа айланган эдилар, вазирлар „султон“ унвонини олар, жума хутбаларида ва тангаларда уларнинг номлари халифанинг номи билан ёнма-ён зикр этилар эди[5]. Тарихчи Яаcов Лев Мисрнинг ўша даврдаги аҳволини „Нил бўйидаги бемор одам“ дея таърифлайди[6]. Исмоилий Фотимийлар тузумининг заифлиги уларнинг сунний рақиблари ҳисобланмиш Бағдоддаги Аббосийлар томонидан эътиборга олинган эди. 1154-йилда Аббосий халифа ал-Муқтафий (ҳ. 1136–1160) расмий равишда Суриянинг зангий ҳукмдори Нуриддинни (ҳ. 1146–1174) номигагина бўлса-да Миср ҳукмдори этиб тайинлади[6].
Ҳукмронлиги
Ал-Файзнинг соғлиғи заифлашиб, 1160-йил 22-июлда атиги ўн бир ёшида вафот этди. Ҳали вояг етмаганлиги ва ўзидан ворис қолдирмаганлиги сабабли 1160-йил 23-июлда тўққиз ёшли ал-Адид яна бир қудратли вазир Талаъи ибн Руззик томонидан тахтга ўтқазилди. Халифанинг устидан ўз таъсирини янада мустаҳкамлаш мақсадида Ибн Руззик уни ўз қизларидан бирига уйлантирди[1]. Ал-Адид бутун ҳукмронлиги давомида деярли номигагина ҳукмдор бўлиб қолди, амалда эса қулаш арафасидаги Фотимийлар давлатининг бойликлари устидан ўзаро баҳслашаётган сарой аъёнлари ва қудратли арбобларнинг қўғирчоғига айланди[1].
Ал-Адид ҳақида маълумотларнинг камлиги боис, унинг шахсий фазилатлари бизгача унчалик маълум эмас. Тарихчи Ибн Халликон уни шиаларни қўллаб-қувватловчи ашаддий шахс сифатида тасвирлайди[4]. Тарихчи Wиллиам эса ал-Адиднинг салибчилар раҳбарлари билан учрашувдаги кўринишига доир ягона таърифни келтиради: юзини ниқоб билан беркитган бўлса-да, унинг қиёфаси „ниҳоятда сахий табиатли, энди соқол чиқара бошлаган, бўйчан, қорачадан келган ва бақувват гавдали бир йигит“ сифатида таърифланган[4].