Al-Lays
Ал-Лайс ибн Али ибн ал-Лайс (928-йилда вафот этган) – 909-йилдан 910-йилгача Саффорийлар амирлиги амири. Ал-Лайс Али ибн ал-Лайснинг ўғли ҳамда Саффорийлар сулоласининг дастлабки икки ҳукмдори Яъқуб ибн ал-Лайс ва Амр ибн ал-Лайснинг жияни.
| Ал-Лайс | |
|---|---|
| Саффорийлар сулоласи амири | |
|
Амр ибн ал-Лайс ҳукмронлиги даврида зарб этилган танга | |
| Салтанат | 909–910 |
| Ўтмишдоши | Тоҳир ибн Муҳаммад ибн Амр |
| Давомчиси | Муҳаммад ибн Али ибн ал-Лайс |
| Уй | Саффорийлар |
| Отаси | Али ибн ал-Лайс |
Ҳаёти
890-йилда ал-Лайс ва унинг укаси ал-Муъаддал оталари Алини Саффорий амир Амир ибн ал-Лайс қамоққа олгач, озод этишга ёрдам бердилар. Ота ва болалар Хуросонга қочиб, у ерда Саффорийларга қарши етакчи куч бўлган Рофи ибн Ҳарсама хизматига кирдилар. Али 893-йилда вафот этди. Бироқ ака-укалар Рофи хизматида қолишда давом этдилар. 896-йилда Рофе мағлуб этилиб ўлдирилгач, улар Амр томонидан қўлга олинди, аммо Амр уларга яхши муносабатда бўлди.
900-йилда Сомонийлар Амрни қўлга олгач, қул қўмондон (ғулом) Себüк-эри Сейистонда яшириниб юрган ал-Лайс билан алоқа ўрнатишга киришди. Ал-Лайс дастлаб Яъқуб Ибн Лайс Ас-Саффорнинг вориси сифатида кўрсатилган Алининг ўғли бўлгани учун амирликка даъвогарлардан бири саналиши мумкин эди ва қўшин орасида тарафдорлар орттирди. Шунга қарамай, дастлаб Амрнинг вориси Тоҳир ибн Муҳаммадга содиқ қолди. Ал-Лайс 900—901-йилларда Форсни Аббосийлар халифалигидан қайтариб олишга қаратилган муваффақияциз юришда, шунингдек, тахминан 904-йилда бўлиб ўтган яна бир муваффақиятли ҳарбий юришда иштирок этди.
Форс қайта эгаллангач, кейинги бир неча йил давомида ал-Лайс Себüк-эри билан бирга ҳаракат қилди. 907 ёки 908-йилда Себüк-эри ал-Лайсни Макронга қарши ҳарбий юришга юборди. Чунки Макрон ҳукмдори Маъданий Исо ибн Маъдан сўнгги бир неча йил давомида Саффорийларга тегишли хирожни тўламай келаётган эди. Ал-Лайс қарздордан хирожни ундириб олди. Бироқ қайтиб келгач, Себüк-эри уни яна Макронга юборишни буюрди ва итоаткор қилишга мажбур этиш мақсадида унинг ўғлини гаровга олди. Бунга жавобан ал-Лайс Себüк-эри бошқаруви остидаги Кирмонда исён кўтарди ва Тоҳирдан ёрдам олди. Бироқ Себüк-эрининг қўшини яқинлашгач, аскарлар ал-Лайсни тарк этдилар. Ал-Лайс Кирмон шаҳарларини талон-торож қилиш орқали қўлга киритган катта бойлик ҳамда кам сонли тарафдорлари билан Сейистонга қочди.
Ал-Лайс 908-йил охирида пойтахт Зарангга етиб келди ва Тоҳирнинг сиқиб чиқаришга уринишларига қарамай, шаҳарнинг бир қисмини эгаллади. Охир-оқибат Тоҳир ҳудудни тарк этишга мажбур бўлди ва 909-йил март ойида ал-Лайс амир сифатида эътироф этилди. Ҳукмронлигини укаси қўмондонлигида юборилган қўшин орқали Афғонистонда ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашдан бошлади. Бу юриш натижасида Себüк-эрининг укаси Ғолиб қўлга олинди. Шундан сўнг ал-Муъаддал Ғазнага юриш қилиб, акаси юборган қўшимча ёрдам билан йил охирида Афғонистоннинг айрим ҳудудларида ал-Лайс ҳокимиятини ўрнатишга муваффақ бўлди.
910-йил февралида ал-Лайс Зарангдан Себüк-эрига қарши юриш бошида йўл олди. Май ойига келиб жанг майдонида Себüк-эрини мағлуб этди ва асирликдаги ўғлини озод қилди. Шундан сўнг Форсни эгаллаш ишлари жиддий тус олди. Бироқ Себüк-эри халифалик вассали бўлгани сабабли Аббосийлар томонидан қўллаб-қувватланди. Форсдаги ал-Лайс вакили август ойида Муънис ал-Ходим бошлиқ аббосий қўшинларидан томонидан мағлубиятга учради. Натижада, ал-Лайс муроса қилишга мажбур бўлиб, Форсни тарк этиб Кирмонга йўл олди. Шунга қарамай, Себüк-эри Саффорийлар билан сулҳ тузишни рад этди ва Аббосийлар ёрдами билан ал-Лайс ҳамда унинг ўғлини мағлуб этиб, асир олди. Ал-Муъаддал эса Кирмонга қочишга муваффақ бўлди. Асирлар Бағдодга юборилди. Ал-Лайс 928-йилда Раққада вафотигача қамоқда қолди.
Манбалар
Адабиётлар
- Босwортҳ, C.Э. „Тҳе Ṭāҳиридс анд Ṣаффāридс“, . Тҳе Cамбридге Ҳисторй оф Иран, Волуме 4: Фром тҳе Араб Инвасион то тҳе Салжуқс. Cамбридге: Cамбридге Университй Пресс, 1975 — 90–135-бет. ИСБН 0-521-20093-8.
- Босwортҳ, C. Э. Тҳе Ҳисторй оф тҳе Саффаридс оф Систан анд тҳе Маликс оф Нимруз (247/861 то 949/1542-3). Cоста Меса, Cалифорниа: Мазда Публишерс, 1994.