Al-Qosim ibn Horun ar-Rashid
| Ал-Қосим ибн Ҳорун ар-Рашид | |||||
|---|---|---|---|---|---|
| Аббосийлар халифалиги вориси | |||||
| Ҳукмронлик | 803 – 813 | ||||
| |||||
| Сулола | Аббосийлар | ||||
| Отаси | Ҳорун ар-Рашид | ||||
| Онаси | Қасиф | ||||
| Дини | Ислом, суннийлик | ||||
Ал-Қосим ибн Ҳорун ар-Рашид ибн Муҳаммад ал-Маҳдий (арабча: القاسم بن هارون الرشيد) – Аббосийлар шаҳзодаси, аббосийлар халифаси Ҳорун ар-Рашиднинг учинчи ўғли. Бир муддат Аббосийлар халифалиги тахт вориси бўлган.
Ҳаёти
Қосим Ҳорун ар-Рашиднинг учинчи ўғли бўлиб, Қосиф исмли чўри аёлдан туғилган. Ҳоруннинг тўнғич қизи Сукайна ҳам Қосимнинг туғишган синглиси бўлган[1]. Қосим ёшлигида нуфузли саркарда Абдулмалик ибн Солиҳнинг қўл остида эди. Абдулмаликнинг Ҳорунга таъсири туфайли 802 ёки 803-йилларда Қосим катта акалари Муҳаммад ал-Амин (ҳ. 809–813) ва Маъмун (ҳ. 813–833) вориси устунлигини белгилаб берган „Макка ҳужжатлари“дан кўп ўтмай, халифалик тахтига ворис сифатида учинчи ўринни эгаллади. Шундан кейин Қосим ал-Му’тамин номини олган, бироқ Ҳорун ҳам Абдуллоҳ халифа бўлганидан кейин меросни ўз ўғиллари фойдасига ўзгартириши ҳам мумкинлигини шарт қилиб қўйган. Бундан ташқари, Ҳорун Қосимга Византия империяси билан чегарадош вилоятлар қўмондонлик ва Гиераполдаги ҳукмронлигини топширган[1].
803-йил июл-август ойларида Қосим Онадўлига босқин уюштирди ва Корон стратегик қал’асини қамал қилди, бу вақтда қал’а қўмондони ал-Аббос ибн Жаъфар ибн Муҳаммад ибн ал-Аш’ат эса арабларнинг Синон номи билан машҳур бўлган бошқа қал’ани қамал қилиш учун юборилган эди. Византияликлар Қосимга қал’ани тарк этиши эвазига 320 нафар мусулмон маҳбусни озод қилишни таклиф қилишди ва Қосим бу таклифга рози бўлди[1]. 808-йилнинг феврал ойида Ҳорун ар-Рашид Хуросонга иккинчи сафарини уюштириш учун қароргоҳи Раққани тарк этди ва Қосимни Раққадаги ноиби, Хузайма ибн Хозимни эса унинг маслаҳатчиси сифатида қолдирди[1]. 809-йилда Ҳорун вафот этиб, ал-Амин халифалик тахтига ўтирганидан сўнг, Қосим ал-Авосим ва Жунд Қиннасрин ҳокими лавозимига тасдиқланди. Бироқ Жазира (Юқори Месопотамия) қўмондонлигидан четлаштирилиб, унинг ўрнига Хузайма ибн Хавозим тайинланди[2]. Охир-оқибат, 810-йилда ал-Амин томонидан Қосим барча ҳокимликларидан четлаштирилди ва яшаши учун Бағдодга яқин жойга келтирилди. Унинг барча ваколати Хузаймага берилди[2]. Орадан кўп ўтмай, ал-Амин Хуросонда қўзғолон кўтарган Абдуллоҳ ал-Маъмун билан биргаликда акасининг номи намозда зикр қилинишини ман қилди[2]. Кейинги фуқаролар урушида ал-Маъмун ғалаба қозонди, 813-йилда акаси ал-Аминни мағлуб этди ва ўлдирди. Қосим эса дарҳол халифалик тахтига ворисликдан четлаштирилди[2].
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 Босwортҳ 1989.
- ↑ 2,0 2,1 2,2 2,3 Фишбеин 1992.