Aleksandr Karsev
| Александр Карсев | |
|---|---|
| Александр Карсев Василевич | |
| Таваллуди |
1901-йил |
| Фуқаролиги |
|
| Таълими | Ўрта Осиё коммунистик унвериситети |
| Фаолият йиллари | 1918—1938 |
| Мукофотлари |
|
Александр Карсев Василевич (1901-йил, Сталинград — ?) — Фарғонада ҳарбий курслар партбюроси котиби, Наманган шаҳридаги партия комитетининг пленум бюроси аъзоси, Андижон округи партия комитети пленуми аъзоси. Миллати рус, маълумоти ўрта. 1918-йилда партияга аъзо бўлган, 1912—1917-йилларда Сталинграддаги тижорат билим юртини, 1923—1925-йилларда Тошкентдаги Ўрта Осиё коммунистик унвериситетини тамомлаган.
Фаолияти
1901-йилда Сталинград шаҳридаги ишчи оиласида туғилган Отаси Сталинграддаги франсузларнинг „Дюмо“ заводида слесар, машинист бўлиб ишлаган. Кейинчалик нефт синдикати заводида фаолият юритган.
1918-йили Карисиндаги 2-совет полкида ҳарбий хизматни ўтаган. 1919-йилда жанубий фронтдаги 16-отлиқ дивизияда отлиқ комиссар, 1920-йилида эса махсус бўлим коменданти бўлиб хизмат қилган. Будёнийнинг отлиқ корпусидаги 6-отлиқ дивизиясида, Россияга чет эл интервенсияси даврида Краснов, Деникинга қарши жангларда қатнашган. ХХ асрнинг 20-йилларида Бухорода босмачилик ҳаракати кучайиб кетади. Туркиядан Анвар пошонинг Туркистонга келиши ва советларга қарши кураши авж олган пайтда қизил армия Бухорога отлиқ қисмларни сафарбар қилади. Шунда Александр Карсев ҳам Бухорога отлиқ қўшинлар таркибида келади. 1921—1926-йилларда Туркистон фронти 15-отлиқ полк, 8-бўлимда эскадрон командири бўлиб фаолият юритади. 1926—1927 йилларда Фарғонага келиб, шаҳар партия комитети тарғибот-ташвиқот бўлими мудири ўринбосари бўлади. Наманганда шаҳар партия комитети ташкилий бўлим мудири ўринбосари сифатида ишлайди. 1931—1932-йилларда Самарқандда „Правда“ газетаси муҳаррири ёрдамчиси вазифаларида ишлаган. 1932-йилда „Правда востока“ газетаси муҳаррир ўринбосари, 1934-йил ВКП (б) Марказий комитети Ўрта Осиё бюроси, 1934-йил 16-июлидан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети маданият-тарғибот бўлими мудири ўринбосари бўлган. 1935-йил 16-июлидан шу ерда матбуот, тарғибот ва ташвиқот бўлими мудири лавозимларида меҳнат қилган[1].
Фарғонада ҳарбий курслар партбюроси котиби бўлган. Наманган шаҳар партия комитетининг пленум бюроси аъзолигига тайинланган. Андижон округ партия комитети пленум аъзоси, Сталинободда Тожикистон Компартияси Марказий комитети пленум ва бюро аъзоси этиб сайланган. Ўзбек тилида яхши билган, эркин ўқиб ёза олган.
Бухоро республикасининг „Қизил байроқ“ ордени, СССР Ҳарбий револуцион советининг Фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган. СССР Олий суди Ҳарбий коллегияси сайёр сессиясининг 1938-йил октябр ойида Тошкентда бўлиб ўтган йиғилишида Карсев Александр Василевич 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган[2]. Кейиннчалик реабилитация қилинган.
Манбалар
- ↑ Рустамбек Шамсиддинов. Ўзбекистонда советларнинг қатағон сиёсати ва унинг оқибатлари. 1-китоб. Тошкент, „Шарқ“ 2012 — 259-бет. ИСБН 9789943004818.
- ↑ Баҳром Ирзаев. Катта қирғиннинг келиб чиқиши арафасидаги шароит. Тошкент „Фан“ нашриёти 2014 — 160-бет. ИСБН 978-9943-19-284-3.