Википедияда исми Али бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Али ибн Абу Толиб (арабча: عَلِيُّ بْن أَبِي طَالِب‎‎; тах. 600-йил – 661-йил, Кўфа) – исломда „хулафо ар-рошидин“ („тўғри йўлдан борган халафалар“), диндорлар ўртасида „чоҳорёрлар“ деб аталган дастлабки 4 халифадан тўртинчиси. Қурайш қабиласининг ҳошимийлар хонадонидан. Пайғамбар Муҳаммаднинг амакиваччаси ва куёви (Фотима заҳронинг эри). Исломда вужудга келган шиалик ҳаракати бевосита Али исми билан боғлиқдир.

Али

ВИИ аср ўрталарида халифа Усмон ( сиёсатидан норозилик оммавий тус олди. Пайғамбар Муҳаммаднинг барча юришларида иштирок этган, қўрқмас ва содиқ жангчи, ўта тақводор инсон, моҳир нотиқ Али халифаликка муносиб номзод сифатида кўпчиликка маъқул эди. 656 – йил июнда Усмон ўлдирилди ва Али халифа деб эълон қилинди. Аммо саҳобалардан Талҳа ва аз-Зубайр ҳамда Алига нисбатан адоватда бўлган пайғамбарнинг беваси Оиша тарафдорлари унга қарши бош кўтардилар. Қатл этилган Усмоннинг қариндоши Сурия ҳокими Муовия ҳам Алига қарши уруш эълон қилди. 657-йил Фурот дарёси ўнг қирғоғидаги Сиффин деган жойда юз берган жангда Али қўли баланд келган бўлсада, у рақиблари билан келишишга кўнди. Бундан норози бўлган Али аскарларидан 12 минг киши жанг майдонини тарк этдилар ва хорижийлар деб аталган диний-сиёсий оқимни ташкил қилдилар. Хорижийлар рақибларига нисбатан якка террор усулини қўллай бошладилар. 661-йил 19-январда Али Ибн Мулжам деган шахс томонидан масжиддан чиқиш пайтида жароҳатланади ва икки кундан сўнг вафот этади. Исломда Али шахсига муносабат турличадир. Хорижийлар унга ўта салбий муносабат билдирган бўлсалар, шиалар аксинча уни илоҳийлаштириб юборганлар. Аҳли сунна Али шахсига мўтадил ва тўғри баҳо беради. Шубҳасиз, Али Умар ал-Хаттоб сингари ислом ғалабаси йўлида катта хизмат кўрсатган арбоб, ислом аҳкомлари, Қуръон ва унинг тафсирлари ҳамда ҳадис ривоятлари билан боғлиқ кўп масалаларнинг чуқур билимдони бўлган. Али тарафдорлари кейинчалик исломдаги шиалик (араб. – „шиа“ – гуруҳ, бу ўринда „Али тарафдорлари“ мазмунида) оқимини ташкил этганлар. Али шиаларнинг қаҳрамонликлари ва саргузаштларини тасвирловчи жуда кўп ривоятлар тўқилган ва бу суннийлар ўртасида ҳам кенг ёйилган. Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистонда бир неча қадамжо ва мозорлар Али номи билан боғланиб, муқаддаслаштирилган. Ҳақиқатда эса Али Ўрта Осиё ва Эронда ҳеч қачон бўлмаган[1].

Манбалар

  1. ↑ Ҳасанов, Аҳаджон. „Али“ ЎзМЕ. А-ҳарфи[сайт ишламайди] Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.

Ҳаволалар