Алифбе — дастлабки савод берадиган ўқув қўлланмаси. Алифбе босма, ёзма ҳарфлар ва улар ифодалайдиган нутқ товушлари, уларнинг ёзилишини ўзлаштириш, содда бўғин ва сўзларни қўшиб ўқишга ўрганиш ва ўқилаётган нарсани тўғри тушуниш ҳамда содда сўз ва гапларни ёзишга ўрганишга ёрдам беради. Мактабхоналарда флифбе бўлмаган. Унинг ўрнига савод ўрганиш учун махсус тахта қўлланган. Тахтанинг бир томонига тартиб билан араб ҳарфлари, иккинчи томонига эса абжад ёзилган. Талабалар ҳарфларни батамом ёд олгандан сўнг абжадхонликка ва ҳафтиякхонликка ўтар эдилар. Бу усул асосан 1900-йилгача давом этган. Туркистон сарус-тузем мактабларининг ҳамда янги усулдаги мактабларнинг пайдо бўлиши билан алифбе дарслиги юзага келди. 1902-йилда рус-тузем мактабларининг ўзбек синфлари учун биринчи ўзбек алифбеси — „Устоди аввал“ нашр этилди. Бу алифбенинг муаллифи Саидрасул Саидазизов. Китоб 1917-йилгача 17-марта нашр этилган. Шу йилларда Мунавварқори Абдурашидхоновнинг „Адиби аввал“ (ўзбек мактаблари учун биринчи алифбе), Мулла Рустамбек ибн Юсуфбекнинг „Таълими аввал“, П. Бидановнинг „Суллами аввал“, А. Авлонийнинг „Биринчи муаллим“, А. Ибодиевнинг „Таҳсил ул-алифбо“, М. Фахриддиновнинг „Раҳбари аввал“ каби алифбелар нашр қилинган. Кейинчалик Шокиржон Раҳимий яратган „Совға“ дарслиги нашр қилинган. Шунингдек, М. Қодиров ва бошқаларнинг „Катталарга ўқиш“ (1920), Ф. Эрғозиев ва А. Йўлдошевнинг „Алифбе“ (1936) китоблари босилиб чиққан. 1938-йилдан Оқилхон Шарафиддинов тузган алифбе нашр қилинди; мазкур алифбе Қ. Абдуллаева ҳаммуаллифлигида қайта ишланиб нашр этилди ва ўзбек мактабларида ўқув қўлланмаси вазифасини бажарди. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993-йил 2-сентабрда „Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий қилиш тўғрисида“ Қонуни қабул қилингач, бир қанча алифбелар тайёрланди. Хусусан, 1996-97 йилларда Оқилхон Шарафиддинов, Қ. Абдуллаева ва бошқаларнинг „Алифбе“ („Шодлик“), Т. Ғаффорова, Э. Шодмонов, Р. Эштурдиеванинг „Алифбе“ („Савод“), катта ёшдагилар учун Й. Абдуллаевнинг „Ҳамроҳим“, „Совға“, Й. Абдуллаев, Ш. Йўлдошеванинг „Янги алифбо ва имло“ ўқув қўлланмалари чоп этилди.

Яна қаранг

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил