Алимқул (тўлиқ исми Мулла Алимқул Ҳусайнбой ўғли) (1831/32—1865) —қипчоқ уруғидан бўлган қирғиз Қўқон хонлигининг муваққат хони (регенти), мингбошиси, амири лашкари (1863—1865).

Ҳокимият учун кураш

Маллахон ҳукмронлиги даври (1858—1862)да Алимқул хонликни идора этишда фаол қатнашиб, эшик оғабоши ва вазир даражасига кўтарилди, Маллахоннинг энг ишончли ва яқин кишиларидан бири бўлиб қолди. Бу даврда Алимқул қипчокларнинг хонликдаги сиёсий мавқеини тиклашга ва мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Маллахон ўлдирилгач (1862), унинг ўрнига Саримсоқхоннинг 17 ёшли ўғли Шоҳмурод хон деб эълон қилинди. У тахтга ўтиргач, отасининг қотилларини топиб ўлдиртира бошлади. Қотилликда қўли бор Тошкент ҳокими Қаноатнинг буйруғи билан Шоҳмуродни ўғирлаб кетадилар. Сўнг Қаноат Худоёрхонни хон деб эълон қилади. Алимқул эса тахтга унинг биродари Султон Муродни ўтқазмоқчи бўлиб, Худоёрхонга қарши кураш бошлайди. Ниҳоят, 1863-йил 9-июлда Алимқул Маллахоннинг ўғли Султон Саййидхонни Қўқон хони деб эълон қилади. Худоёрхон Бухорога кетишга мажбур бўлади. Бунинг эвазига Алимқул „Амири лашкар“ унвонига сазовор бўлди. Шундай бўлсада, Алимқул амалда хонликни ўзи идора қила бошлади.

Россия империяси билан уруш

Подшо Россияси қўшинлари Қўқон хонлиги тасарруфидаги Тошкент ва бўлак шаҳарларга таҳдид қила бошлагач, Алимқул ва Султон Саййидхон қўшин билан Тошкентга келишди (1864-йил 25-ноябр). Алимқул 10 минг кишилик қўшин билан Арис дарёси бўйларига чиқиб, Туркистон ва Чимкент оралиғидаги рус қўшинлари эгаллаган қўрғонларни қайтариб олишга ҳаракат қилди. Туркистон ш. яқинидаги Иқон қишлоғида русларнинг қўшинини енгиб Тошкентга қайтди (яна қаранг Иқон жанги). 1864-йил декабр охирида Алимқул ва Султон Саййидхон Тошкентни тарк этиб, Қўқонга келишди. Черняев бошлиқ рус қўшинлари Тошкентга яқинлашганлиги ҳақида хабар топгач, улар қўшин билан Қўқондан чиқиб, 1865-йил 7-майда эрталаб Тошкентга етиб келишди. Алимқул ва хон қароргоҳи Афросиёб тепалигида жойлашди. Шу куни Мингўрик мавзесида шаҳар ҳимоячилари иштирокида катта машварат ўтказилиб, ғазавот эъ-лон қилинди. Қашқар ҳокими Валихон тўранинг қашқарликлар ҳам бу ғазавотга қўшилажаклари ҳақидаги мактубини Алимқул шаҳар ҳимоячиларига шахсан ўзи ўқиб эшиттирди. Сўнг, Салор канали билан Дар-хон ариғи оралиғи (ҳозирги Пушкин кўчаси)да Алимқул қўшинлари ва шаҳар ҳимоячилари билан рус қўшинлари ўртасида қаттиқ жанг бўлди. Рус қўшинлари енгилиб, Шўртепага чекинди. 1865-йил 9-майда Алимқул қўмондонлигидаги қўқонлик аскарлар ва шаҳар ҳимоячилари Шўртепадаги рус қўшинларига қарши ҳужумга ўтди. Ниҳоятда қаттиқ жанг бўлиб, Алимқул оғир яраланди ва ўша куни вафот этди.

Вафоти

1865-йил 10-майда у Тошкентдаги Шайхонтоҳур қабристонига дафн этилди. Унинг вафоти вақтида ёнида машҳур табиблардан Асадуллабек ёнида бўлиб, уни дафн этишда иштирок этади ва кейинроқ бу ҳақида америкалик дипломат, сайёҳ Южин Скайлерга Тошкентда айтиб беради[1].

Адабиётлар

  • Ҳайдарбек Бобобеков. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил




  1. ↑ Счуйлер Э. Туркистан нотес оф а жоурней ин Руссиан Туркистан, Кҳоканд, Букҳра, анд Кулджа. Волуме И. Неw Ёрк: Сcрибнер, Армстронг & CО.,1877. 93 п