Алмаий (тахаллуси; асл исми Қори Фазлуллоҳ Миржалол ўғли) (1851/1852-йил – Тошкент – 1894/1895-йил) – ўзбек шоири, таржимон, арабшунос ва хаттот.

Тошкентдаги „Мўйи Муборак“ ва Бухородаги мадрасаларда таҳсил кўрган (1866-67). Турк, форс, араб тилларини ва адабиётини, фалсафа, мантиқ, ҳуқуқ, мусиқа, тибббиёт, хаттотлик илмини ўрганган. Тошкентга қайтгач, Шукурхон мадрасасида мударрислик қилган. Эркин фикрлаши, айрим руҳонийлар билан ихтилофлари туфайли мадрасадан кетишга мажбур бўлган. Умри муҳтожлик ва қашшокликда кечган. Алмаий асарлари ўша даврда тузилган баёзларда учрайди. Уларда жамиятдаги адолацизликка қарши нафрат ифодаланган, вафо, садоқат, ҳалоллик каби фазилатлар улуғланган („Ҳаёт“, „Етти“, „Келсангчи“, „Ярашур“ ва бошқалар). Шоир инсон баркамоллиги унинг илм-маърифатли бўлишида, ундан ўзгаларни ҳам баҳраманд қилишда деб билган, „Калила ва Димна“ ни форсчадан ўзбекчага таржима қилган. Таржиманинг ҳар бир ҳикояти мундарижасига мос фард, маснавий, қитъа, рубоийлар ёзиб киритган ва ўзи настаълиқда кўчирган. Китоб Тошкентда нашр қилинган (1898, 1901, 1913). Арабча „Шарҳи Мулло“ (1879-80) га кирган „Авзон ул-жуму’“ („Вазнлар жам’и“) манзумаси араб шеъриятида қофия санъатини ва айрим грамматик қоидаларни ўрганишда муҳим қўлланма ҳисобланган. Баъзи араб мамлакатларида ҳам ундан дарслик сифатида фойдаланилган. Китобнинг Алмаий кўчирган қўлёзмаси Ўзбекистон Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Тошкентнинг Бешёғоч даҳасида маҳаллий болалар учун очилган намуна иш мактабига Алмаий номи берилган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Ҳаволалар