Алоқа кабели – ахборотларни турли ток частоталарида узатиш учун мўлжалланган кабел. Алоқа кабели орқали телеграммалар, фототасвирлар, телефон сўзлашувлари, телевизион эшиттиришлар, ҳисоблаш марказига келган статик маълумотлар ва бошқа узатилади. Алоқа кабели, асосан, симли алоқа ўрнатишда ишлатилади. Тузилишига кўра, симметрик ва коаксиал узатиладиган частоталар спектрига кўра, паст частотали (10 кГс гача), юқори частотали (10 кГс дан юқори); ишлатилиш соҳасига кўра, узоқ жой билан алоқа (шаҳарлараро) ва маҳаллий алоқа (шаҳар телефон тармоқлари, қишлоқ алоқаси, радиоэшиттириш ва бошқалар); ўтказиш усулига 364кўра, ер остига ётқизиладиган, ҳаводан ўтказиладиган ва бошқа хилларга бўлинади. Симметрик кабелларининг ток ўтказувчи симлари 0,3-1,6 мм диаметрли мисдан ясалади. Изоляцияланган симлар жуфт-жуфт қилиб буралади. Паст частотали симметрик Алоқа кабелининг жуфтлари сони 1 дан 4800 гача, коаксиалларники – 2 дан 20 гача бўлади (ҳар қайси жуфт 3600 гача телефон сўзлашувларини узатиши мумкин).Алоқа кабелининг қобиғи қўрғошин, алюминий, пўлат, пластмасса, металлпластмассадан ясалади. Шаҳар телефон алоқасида сим толалари йигирма-ўттиздан икки минг ва ундан ҳам кўп қуйи частотали Алоқа кабели ишлатилади. Кўп каналли алоқа ўрнатиш учун юқори частотали симметрик кабеллар, телевидение дастурини узатиш учун эса коаксиал Алоқа кабелилар керак. Алоқа кабели мустаҳкам, сифатли ва нуқсонсиз алоқа ўрнатишга имкон беради.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил