„Алпомиш“ — ўзбек халқ оғзаки бадиий ижодидаги қаҳрамон персонаж. Туркий халқларда оғиздан оғизга ўтиб келаётган бийларнинг сардори. Туркий халқлар орасида кенг тарқалган. „Алпомиш“нинг қорақалпоқ, қозоқ, олтой версиялари достон шаклида, татар ва бошқирд версиялари эртак ва ривоят шаклида бизгача етиб келган. Ўзбеклар „Алпомиш“, қорақалпоқлар „Алпамис“, қозоқлар „Алпамис батир“, олтойликлар „Апип-Манаш“, қозон татарлари „Алпамша“, бошқирдлар „Алпамиша ва Барсин ҳилуу“ деб номлаганлар.алпомишнинг суюкли тори барчинлиги ҳаммага маълумдир.

Алпомиш
Жинс Эркак
Турмуш ўртоғи Барчин
Келиб чиқиши Қўнғирот

Тарихи

Алпомиш, Қозоғистон почта маркаси, 1998-йил
Қозоқ тилида чоп этилган „Алпомиш ботир“ китоби.

Ўзбек достончилиги таъсирида ХХ аср бошларида эртак ва ривоятлар шаклидаги тожик вариантлари ҳам юзага келган. Ўрта аср ўғуз эпосининг муҳим ёдгорлиги ҳисобланган „Китоби Дадам Қўрқут“ таркибидаги „Бамси Байрак“ асари ўзининг сюжети ва композиция қурилиши жиҳатидан „Алпомиш“ достонига яқин туради. „Алпомиш“ дунё эстетик тафаккури тарихида камдан-кам учрайдиган фавқулодда ва ноёб бадиий ҳодисалардан биридир. Унинг фавқулодда ва ноёблиги шундаки, қадимиятда яратилган бу улкан эпос бахшилар томонидан асрлар давомида куйланиб, жонли эпик анъаналарда оғзаки равишда бизгача етиб келди. Шунинг учун ҳам у бугунги кунда қадимиятнинг буюк бир эҳсони, ўзи яратилган даврнинг умумий дунёқараши, айни пайтда жонли анъанавий ижод ва ижро шароитларида халқ оммаси руҳининг об’эктив ҳолатини даврлараро ифодалаб, мазмун ва шакл жиҳатидан гоҳ кенгайиб, гоҳ торайиб, кўплаб вариантларда ва хилма-хил кўринишларда аждодлардан авлодларга етиб келган адабий ёдгорлик, халқ миллий тарихидаги қаҳрамонлик воқеаларининг афсоналар қобиғига ўралган ўзига хос бадиий ифодаси, буюк эпос сифатида баҳоланади. „Алпомиш“ достони бундан минг йил олдин туркий халқларнинг қадим достончилик анъаналари асосида халқ оғзаки ижоди намунаси сифатида яхлит достон шаклини олган бўлсада, аслида „Алпомиш“ достонининг энг қадим қатламлари милоддан аввалги юз йилликларда юртимизда кечган жараёнларнинг бадиий талқинини ўзида акс эттирган. Қўнғирот қабиласининг турли ҳудудларга силжиши ва уларнинг янгидан шаклланаётган халқлар таркибига кира бориши натижасида достон бошқа уруғ ва элатларга ҳам ўтиб, уларнинг эпик анъаналари асосида қайта ишлана бориб, жуда кенг тарқалди ва ниҳоят, унинг яратилишида ота-боболари ишти-рок этган ҳар бир халқнинг ўз эпосига айланди. „Алпомиш“ достонининг огзаки эпик анъаналарда бизгача етиб келган нусхалари ИХ-Х асрларда яратилган. Аммо бундай хулоса достонга асос бўлган сюжет ва етакчи мотивларнинг мифологик ва тарихий-ҳаётий илдизлари қадимги даврларга — милоддан аввалги замонларга тақалишини инкор этмайди. Достон сюжет таркибида исломгача бўлган карашлар ва мифологик қатлам мавжуд. Ундаги мифологик қатлам эса, кад. турмуш тарзининг бадиийлаштирилган ва идеаллаштирилган кўринишларидир. „Алпомиш“ вариантлари 1922-йилдан ёзиб олина бошланган. Ҳозиргача Фозил Йўлдош ўгли, Маҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан, Берди бахши, Саидмурод Паноҳ ўғли, Бўри бахши, Бекмурод Жўрабой ўғли, Мардонақул Авлиёқул ўғли, Абдулла Нурали ўғли, Умир бахши, Ҳайдар Бойча ўғли, Раҳматулла Юсуф ўғли, Ҳодир Раҳим ўғли каби ўттиздан ортиқ достончилардан қирққа яқин вариантлари ёзиб олинган. Достоннинг ёзиб олинган қўлёзмаларининг асл нусхалари Ўзбекистон Фанлар Академияси Тил ва адабиёт институтинннг фолклор архивида сақланади. Бу вариантлар орасида энг мукаммали, бадиий жиҳатдан энг юксаги Фозил Йўлдош ўғлидан ёзиб олингани ҳисобланади. „Алпомиш“нинг Берди бахши, Саидмурод Паноҳ ўғли, Пулкан ва Эргаш Жуманбулбул ўғли, Бекмурод Жўрабой ўғли, Хушбоқ Мардонақулов айтган вариантлари ҳам нашр этилган. „Алпомиш“ достони қаҳрамонлик, мардлик, ватанпарварлик, турли элатлар ва халқларнинг биродарлиги, севги ва садоқат, оила мустаҳкамлиги ва уруғ бирлигини куйловчи улкан эпосдир. Ислом Каримов „Алпомиш“ достонининг 1000-йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида айтганидек: „Алпомиш“ достони бизга инсонпарварлик фазилатларидан сабоқ беради. Одил ва ҳақгўй бўлишга, ўз юртимизни, оиламиз қўрғонини қўриқлашга, дўсту ёримизни, ор-номусимизни ота-боболаримизнинг муқаддас мозорларини ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилишга ўргатади". Достон қўнғирот уруғи бошлиқлари — ака-ука Бойбўри ва Бойсарининг фарзандсизлиги тасвири билан бошланади. Унда Алпомиш, Барчин, Қалдирғочларнинг бир кунда туғилиши, Барчин. Достоннинг етакчи образи (В. Е. Кайдалов асари). Барчиннинг Алпомишга бешиккерти қилиниши, Бойсарининг Бойбўридан аразлаб ўн минг уйли элат билан қалмоқ элига кўчиши, қаҳрамоннинг ёрини олиб келиш учун ўзга мамлакатга сафари, Қоражон билан дўст тутиниб, Барчин шартларини бажариши ва ёрини олиб ўз юртига қайтиши, кейин яна етти йил тутқунда қолиши, зиндондан оти Бойчибор ёрдамида қутулиб, ўз элига умр йўлдоши Барчиннинг зўравон Ултонтоз билан бўлаётган мажбурий тўйи устига келиши ҳам рақибини енгиб, мурод-мақсадига эришиши воқеалари жуда қизиқарли, эпосга хос ранг-баранг бадиий бўёқларда тасвирланган. Алпомиш ва Қоражон, Қултой ва Ёдгорларнинг ўзаро муносабатлари, ҳатто қаҳрамоннинг оти Бойчи-бор билан, энчи ҳарвона туя билан муносабати тасвирида жамият тараққиётининг достонда тасвирланган босқичига хос олийжаноб соддалик, улуғвор вазминлик, патриархал инсонийлик, болаларча беғубор самимийлик ғоятда гўзал мужассамлашган. „Алпомиш“ достони бадиий баркамол асар. Унда ўзбек халқи шеърий даҳосининг буюк қудрати тўлалигича намоён бўлган. „Алпомиш“нинг словак тилида насрий баёни, рус тилида бадиий таржимаси нашр этилган. Ундан парчалар инглиз тилида эълон қилинган. Достон турк тилига таржима қилинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига (1998-йил 13-январ) ҳамда ЙУНЕСКОнинг 1999-йилдаги тадбирлар режасига биноан Ўзбекистонда 1999-йил ноябрда „Алпомиш“ достонининг 1000 йиллиги кенг нишонланди. Сўнгги тантаналар 1999-йил 6-ноябрда Термиз шаҳрида бўлиб ўтди. Шу муносабат билан бу ерда халқаро илмий конференсия ўтказилди, Алпомиш номидаги боғ барпо этилди ва халқ қаҳрамонига ҳайкал очил-ди. „Алпомиш“нинг атоқли халқ бахшилари куйлаган вариантлари қайта нашр этилди. Достон ҳақида ҳужжатли ва бадиий филм, унинг мотивлари асосида театр спектакллари яратилган.

Қадимий туркий тилда ёзилган достон. 1999-йилда Ўзбекистонда „Алпомиш“ достонининг 1000 йиллигини кенг нишонланди. Бу достонда Алпомиш лақабли Ҳакимбек деган қўрқмас паҳлавоннинг амакиси (қайнотаси) билан севгилиси Барчинойни ёвуз Қалмоқлар юртидан қутқариб келиши ва мурод-мақсадига етиши жуда жонли тасвирланган. Алпомиш Қалмоқлар юртида кўп қийинчиликларга, ҳийла-найрангларга дуч келиб, уларни мардона енгиб ўтади. Ўзининг мардлиги, ҳаққонийлиги, тантилиги туфайли Қалмоқлар юртида ҳам, ўз ватанида ҳам адолатни қарор топтиради. Ушбу достонда ўзбекларнинг феъл-атвори жуда маҳорат билан тасвирланган.

Адабиётлар

  • Алпамис [1] (Wайбаcк Мачине сайтида 2015-02-16 санасида архивланган)
  • Алпомиш, Т., 1998;
  • Алпамўш, Т., 1998;
  • Алпомиш (Академик нашр), Т., 1999;
  • Алпамис, Нукус, 1981;
  • Алпамис-батўр, Алма-Ата, 1961;
  • Жирмунский В. М., Зарифов ХТ., Ўзбекский народний героический эпос, М., 1947;
  • Об эпосе „Ал-памиш“, Т., 1959;
  • Жирмунский В. М., Сказание об Алпамише и богатирская сказка, М., 1960;
  • Мирзаев Т., „Алпомиш“ достонининг ўзбек вариантлари, Т., 1968;
  • Хошниязов Ж., Қорақалпоқ қаҳраманлиқ дастани „Алпамис“, Нукус, 1992;
  • „Алпомиш“ — ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси", Т., 1999.
  • Тўра Мирзаев. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил