Alptakin
Алптакин (шунингдек, Афтакин) – бувайҳийларнинг туркий ҳарбий зобити, 973—975-йилларда Ироқда бувайҳийларга қарши мувафаққияциз қўзғолонда иштирок этиб, кейинроқ қўзғолон етакчисига айланган. 300 нафар тарафдорлари билан ғарбга қочиб, Суриядаги ҳокимият бўшлиғидан фойдаланган ҳолда, Дамашқ билан бирга яна бир нечта шаҳарларни қўлга киритган. Алптакин кейинги 3 йил давомида Фотимийлар халифалигининг Дамашқни эгаллаш уринишларига қарши тура олди. Бироқ охир-оқибат халифа ал-Азиз Биллоҳдан мағлуб бўлиб, асир олинган. Мисрга олиб келингач, Фотимийлар қўшини таркибига кирган. Орадан кўп ўтмай, вазир Ибн Киллис томонидан заҳарлаб ўлдирилган.
Ёшлиги ва Бувайҳийларга қарши исён
Алптакин Ироқнинг бувайҳий ҳукмдори Изз уд-Давла Бахтиёрнинг озод қилинган одами бўлган[1]. Алптакин ҳақида 973-йилгача, Бағдод ва Ироқнинг кўплаб ҳудудларини забт этишга муваффақ бўлган туркий зобит Сабуктакиннинг қўзғолонига қўшилгунига қадар ҳеч нарса маълум эмас. Шундан сўнг, Сабуктакин бошлиқ туркий исёнчилар Изз уд-Давла мустаҳкам ўрнашиб олган Восит шаҳрини қамал қилдилар. Сабуктакин қамал вақтида вафот этгач, Алптакин туркларнинг янги раҳбари этиб сайланди. Айни пайтда Изз уд-Давланинг амакиваччаси Адуд уд-Давла бошлиқ бувайҳийлар қўшини Ироқ томон юриш бошлаб, 975-йилда Дияла дарёси бўйидаги жангда қўзғолончиларни бутунлай тор-мор этишга эришган[2].
Сурияга бостириб кириши ва Фотимийлар билан уруш

Бувайҳийлардан мағлубиятга учраган Алптакин тах. 300 нафар сафдошлари билан Сурияга қочиб кетди[3]. У ерда Ҳимс шаҳрини эгаллашга муваффақ бўлди[1]. Шундан сўнг, Алптакин қарматлар билан иттифоқ тузиб, 975-йилнинг қишида Ўрта ер денгизи қирғоқларига бостириб кирди ҳамда Фотимийларнинг Сидон шаҳрини қамал қилди. Алптакин қисқа вақт ичида шаҳарни эгаллашга муваффақ бўлди. Натижада, Фотимийларнинг 4 000 нафар қўшини қирғин қилинди[1]. Кейин Тиберияни эгаллаб, Дамашққа юриш қилди. Шаҳарни қаттиқ қаршиликсиз эгаллаб олди. Бу вақтда Византия императори Иоанн И Цимискес Сурияга қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб бораётган эди. Бу ҳолат Алптакинни ўзи эгаллаган ҳудудларни Иоаннга топширишга мажбур қилди[4]. Бироқ Алптакин дипломатик йўллар орқали византияликларнинг шаҳарни ўз ҳудудларига қўшиб олишга уринишларини бартараф эта олди.
Фотимийлар халифаси ал-Азиз Биллоҳ ўз саркардаси Жавҳар бошчилигида қўшин юборди. Жавҳар Ўрта ер денгизи қирғоқларини қайтариб олишга ҳамда 976-йил июл ойида қамал қилинган Дамашққача кириб боришга муваффақ бўлди[5].
Ушбу ҳаракатларга жавобан қарматлар Алптакинга ёрдам бериш учун қўшин юбордилар. Баъзи манбаларга кўра, Алптакиннинг ўзи қарматларга ёрдам сўраб мурожаат қилган. Бу ҳаракат Жавҳарни 977-йил январ ойида қамални тўхтатишга мажбур қилди[6]. Иттифоқчилар Жавҳарни Рамлагача таъқиб қилдилар. Рамлада иттифоққа Бану Тайй бадавийлари қўшилдилар. Ярқон дарёси бўйида бўлиб ўтган шиддатли жангда Жавҳар мағлубиятга учрагач, Рамлани тарк этиб, Ашкелонга чекинди. Қарматлар 977-йил 12-мартда Рамлага кирди[7]. Алптакин ва қарматларнинг бирлашган қўшини Фотимийлар қўшини чекинган Ашкелонни қамал қилди. 978-йил апрелигача чўзилган узоқ қамал натижасида очликдан қийналган Фотимийлар қўшини тинчлик битими имзолашга рози бўлди. Шартномага кўра, Алптакин Дамашқдан ташқари Фаластинни ҳам қўлга киритди. Фотимийлар ҳукмронлигининг шимолий чегараси эса Ғазо шаҳри бўйлаб белгиланди[7][8]. Шартнома Фотимийларга янада мақбул бўлишини истаган Алптакин Фотимийлар халифасини олий ҳукмдор сифатида тан олишга рози бўлди. Бироқ бу оддий бир расмиятчилик эди, холос. Алптакин ўз назоратидаги ҳудудлардан олинадиган барча даромадларни ўзида сақлаб қолиши белгиланди[7][8].
978-йилда Адуд уд-Давла томонидан ҳудудлари эгаллаб олинган Изз уд-Давла икки укаси ва бошқа дайламий тарафдорлари билан Дамашққа қочиб борди. Уларни Алптакин самимий кутиб олиб, дайламийларни ўз қўшини таркибига киритди[9]. Бу орада ал-Азиз бошлиқ Фотимийларнинг янги қўшини Дамашқ томон юриш бошлади. Рамла яқинида турклар ва Фотимийлар ўртасида жанг бўлиб ўтди. Алптакин фотимийларнинг чап қанотига ҳужум қилиб, кўпчиликни ўлдирди. Бироқ Фотимийлар жанг кўламини ўзгартиришга муваффақ бўлдилар. Улар Алптакин қўшинининг марказий ва ўнг қанотига ҳужум уюштириб, тахминан тах. 20 минг нафар аскарни ўлдирдилар[10][11].
Алптакин жанг майдонидан чўлга чекинишга мажбур бўлди. У ерда чанқоқдан ўлишига бир баҳя қолди. Лекин Тайй қабиласи сардори ҳамда эски дўсти Муфарриж ибн Дағфал ибн ал-Жарроҳ ҳаётини асраб қолди. Муфарриж Алптакинни уйига келтириб, иззат-икром билан кутиб олди. Бироқ ўз уйида эканида Муфарриж хиёнат қилди ҳамда Алптакинни 100 000 олтин динор эвазига ал-Азизга топширди[10][12].
Алптакин Фотимийлар пойтахти Қоҳирага олиб кетилиб, ал-Азиз уни иззат-икром билан кутиб олгач, Алптакинни туркий тарафдорлари билан бирга ўз қўшини таркибига киритди. Бироқ орадан кўп ўтмай, ал-Азизнинг вазири Яъқуб ибн Киллис Алптакинни заҳарлаб, ўлдирди[13].
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 1,2 Гил 1997, с. 343.
- ↑ Кеннедй 2004, с. 224.
- ↑ Кеннедй 2004, с. 205.
- ↑ Романе 2015, с. 73.
- ↑ Гил 1997, с. 348.
- ↑ Гил 1997, сс. 348–349.
- ↑ 7,0 7,1 7,2 Гил 1997, с. 349.
- ↑ 8,0 8,1 Кеннедй 2004, с. 321.
- ↑ Гил 1997, с. 350.
- ↑ 10,0 10,1 Гил 1997, с. 351.
- ↑ Кеннедй 2004, с. 322.
- ↑ Cанард 1965, сс. 482–483.
- ↑ Гил 1997, с. 352.
Адабиётлар
- Cанард, Мариус (1965). "Д̲ж̲аррāḥидс". ин Леwис, Б.. Энcйcлопаэдиа оф Ислам. Волуме ИИ: C–Г (2нд нашри). Леиден: Э. Ж. Брилл. 482–485 б. ОCЛC 495469475. ҳттп://референcеwоркс.бриллонлине.cом/энтриэс/энcйcлопаэдиа-оф-ислам-2/джарраҳидс-СИМ_2013.
- Гил, Моше. А Ҳисторй оф Палестине, 634–1099. Cамбридге: Cамбридге Университй Пресс, 1997. ИСБН 0-521-59984-9.
- Кеннедй, Ҳугҳ. Тҳе Пропҳет анд тҳе Аге оф тҳе Cалипҳатес: Тҳе Исламиc Неар Эаст фром тҳе 6тҳ то тҳе 11тҳ Cентурй, Сеcонд, Ҳарлоw: Лонгман, 2004. ИСБН 978-0-582-40525-7.
- Романе, Жулиан. Бйзантиум Триумпҳант. Пен анд Сwорд Боокс, 2015. ИСБН 978-1473845701.
- Gʻilmon
- Buvayhiylar sulolasi qullari
- Zaharlab oʻldirilganlar
- Fotimiylar xalifaligi generallari
- 10-asr Fotimiylar xalifaligi kishilari
- 10-asrda tugʻilganlar
- 978-yilda vafot etganlar
- Tugʻilgan yili nomaʼlum boʻlgan kishilar
- 10-asr suriyaliklari
- Fotimiylar gʻilmoni
- Buvayhiylar sulolasiga qarshi isyonlar
- Suriya Fotimiylar xalifaligi davrida