Амал (арабча — иш, фаолият, ҳаракат) — 1) мансаб, лавозим, ҳунар; 2) меъморликда кўпинча эски иморатларда меъмор ёки устанинг дастхати шу сўз билан бошланади. „Амали усто…“ каби; 3) ҳисоблашдаги тўрт амал — қўшиш, айириш, кўпайтириш, бўлиш; 4) тиббиётда таъсир қилиш. Масалан, чечакка қарши эмланган жой бўртиб, қора қўтир бўлиб кўчиб тушса ёки бирор касалликка қарши дори берилганда бемор соғайиб кеца, дори амал қилган бўлади; 5) ислом илоҳиётида дин ақидаларига ишонишдан ташқари диндор ўз фаолияти ва ҳаракати билан бажариши лозим бўлган барча вазифалар ва савоб ишларни ифода этувчи тушунча. Амал умумий мазмунда диний маросимлар, урф-одатлар билан боғлиқ вазифаларни ўз ичига олади. Қур’онда „амал“ сўзи жуда кўп сураларда келади, бунда мусулмонлар томонидан бажариладиган яхши, фойдали ишлар ҳам, шайтон томонидан одамларга қарши қилинадиган ёмон, зарарли ишлар ҳам тушунилади; 6) мусиқада — ўтмишда куй ёки ашуланинг маълум услубда яратилган шакли. Навоий ва Бобур асарларида, Кавкабий ва Дарвишали Чангийнинг „Рисолаи мусиқий“ асарларида амаллар ва уларни яратган бастакорлар ҳақида маълумотлар берилган. Кавкабийнинг ёзишича, агар бир неча куй тузилмаларида сархона, миёнхона ва бозгўй каби унсурлар бўлиб, унга маълум ўлчовдаги шеър асос қилиб олинган бўлса, амал ҳисобланади. Дарвишалининг айтишича, амал чолғу муқаддима (мустаҳал) билан бошланадиган ашуладир. Унда ўрта регистрда ижро этиладиган миёнхона ва қайтарма қисм — бозгўй бўлиши шарт. Амал ҳозирги Шашмақомда ҳам учрайдиган тароналарнинг йирикроқ шаклидир. Ёзма манбаларда амали тарона ҳам учрайди. Бу тарона шаклидаги амалдир.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил