Амфидиплоидлар (юн ампҳи-ёнида, атрофида, диплоос — жуфт ва эидос — кўриниш, тур), аллотетраплоидлар — турлараро чатиштириш асосида пайдо бўлган дурагайлар хромосомаларининг иккита диплоид тўпламига эга бўлган организмлар. Амфидиплоидлар организм ҳар бир турдан биттадан диплоид хромосомалар тўпламини олади. Туркумлараро аллотетраплоидлар — биринчи марта 20-йил бошида Г. Д. Карпеченко томонидан турп билан карамни чатиштириш орқали олинган. Кейинчалик амфидиплоидлар жавдар билан буғдой тритикале, буғдой билан буғдойиқ — буғдой-буғдойиқ дурагайлари олинган. Амфидиплоидлар дастлабки турларнинг белгиларини мужассамлаштирган бўлади. Масалан, турп билан карам дурагайи рафанобрассика меваси қўзоғининг бир қисми турп, иккинчи қисми эса карам қўзоғига ўхшаш бўлади. Б. Л. Астауров ипак қуртларининг иккита тури (Бомбйх мори ва В. мандарина)ни чатиштириш орқали амфидиплоидларни олиш мумкинлигини исботлайди. Амфидиплоидларнинг ҳар бир хромосомаси ўзининг гомологига эга бўлиши, меёзда жинсий ҳужайраларнинг вужудга келиши нормал кечиши туфайли амфидиплоидлар организмлар серпушт бўлади. Амфидиплоидлар табиий ва сунъий йўллар: уруғланган тухум ҳужайрадаги ёки биринчи авлод (Ф,) дурагайларининг ёш муртаги хромосомалари сонини икки ҳисса орттириш; иккинчи авлодда (Ф2) амфидиплоидликка олиб келувчи редуксияланмаган гаметаларни дурагайлар биринчи авлодида (Ғ,) ҳосил қилиш; аутотетраплоид формаларни чатиштириш ва диплоид гаметаларни қўшиш; Ғ, дурагайнинг археспорий тўқимасида хромосомалар сонини икки ҳисса кўпайтириш ва бошқа натижасида олинади. Табиий шароитда амфидиплоидлар бўлинаётган ҳужайра хромосомаларининг қутбларга ажралиш механизмига турли омиллар (ҳаддан ташқари юқори ёки паст ҳарорат, тўқиманинг механик ёки кимёвий шикастланиши) таъсирида вужудга келади. Ҳужайра бўлинишидаги бузилишлар бўлиниш урчиғи функсиясининг тўхташига сабаб бўлади ва натижада хромосомаларнинг қутбларга ажралиши, яъни навбатдаги ситокинез содир бўлмайди. Селексияда амфидиплоидлардан турлараро дурагайлар пушцизлигини бартараф этишда фойдаланилади. Амфидиплоидлар тур ҳосил бўлиш жараёнида муҳим аҳамиятга эга, улардан қадимги турларни тиклаш (ресинтез) мақсадида фойдаланиш мумкин. Масалан, ёввойи олча (Прунус дивариcа ва Р. спиноса)ни чатиштириш орқали экиладиган олхўри (П. доместиcа)нинг олиниши олхўрини турлараро дурагайлаш натижасида келиб чиққанлигини кўрсатади. Сайфилло Тўйчиев.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил