Андиз (Инула) — қоқидошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўтлар туркуми. 100 га яқин тури бор. Андиз асосан Европа, Осиё ва Африкада тарқалган. Ўзбекистонда 9 тури учрайди. Бўйдор андиз (қора андиз-И. ҳелениум ва сариқ андиз-И. грандис) турлари кўпроқ тарқалган. Бу турларнинг поялари баланд бўйли (1- 2,5 м), бир оз қиррали, тукдор илдизпояси (танаси) йўғон; барглари бутун, чети нотекис, поянинг қуйи қисмида йирик (узунлиги 40-50 см, эни 20-25 см), юқорисида эса майдароқ (узунлиги 10-30 см, эни 3-12 см); гули саватча, гулбанди йўғон, четдаги гуллари уруғчили, ўртадагилари эса икки жинсли, сариқ. Июннинг охиридан сентабр гача гуллайди. Адир ва тоғларда 500-2000 м гача баландликда ўсади. Қора андиз илдизпояси таркибида 3% гача эфир мойи, 44% гача инулин, сапонин ва бошқа моддалар бор. Илдизпоясининг кайнатмаси балғам кўчирувчи дори сифатида ишлатилади. Сариқ андиз ҳам табобатда сийдик ҳайдовчи дори ўрнида қўлланади. Сариқ андиз илдизпоясидан эса левулёза (фруктоза) олинади. Андизнинг баъзи турлари хушманзарали.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил