Анисий, Абдураҳим ибн Абдураҳмон Хоразмий – Навоий шеърияти ихлосманд­лари 1471-йилда кўчирган “Оққуюнли мухлислар девони”нинг хаттоти. Оққуюнли ҳукмдорлар Султон Халил (1478) ва Султон Яъқуб (1478–1490) даврида Табриз ва Шерозда фаолият олиб борган. 1460–1494-йилларда шу сулола вакиллари учун қўлёзмалар кўчирган. Қози Аҳмаднинг хаттотлар ва рассомлар ҳақидаги рисоласида, Анисий тахаллусини унга Оққуюнлилар ҳукмдори Султон Яъқуб берганлиги айтилган. Отаси Абдураҳмон Хоразмий ва укаси Абдулкарим Хоразмий ҳам ўз даврининг таниқли хаттотлари бўлишган. Анисий Султон Али Машҳадий билан бирга хаттотликдан Заҳириддин Азҳар Табризий қўлида таҳсил олган. Анисий устози Азҳарнинг хат услубини янада такомиллаштириб, отаси билан ҳамкорликда настаълиқ хатида ўзига хос услуб кашф этади. Мазкур услуб “Услуби Анисий” ёки “Шеваи Анисий” деб аталади.

Саъдийнинг “Бўстон”и, Ҳофиз Шерозий девони, Низомий Ганжавийнинг “Хамса”си ва хаттотнинг ўз шеърлари мажмуаси – “Девони Анисий”ни Анисий кўчирган қўлёзмалар жумласига киритиш мумкин. У Алишер Навоийнинг шеърларини 1471-йил 26-декабр­да кўчириб тугаллаган. Мазкур девонга Навоийнинг, асосан, 1466–1471-йилда ёзган шеърлари киритилган. Навоийнинг ана шу девони тилида Оққуюнли ҳудудида истиқомат қиладиган туркий ўғузларга хос унсурлар ҳам учрайди. Лекин бу девонни хаттот Анисийнинг ўзи тузганми ёки бошқа ихлосмандларми, ҳозирча маълум эмас[1].

Манбалар

  1. ↑ "Алишер Навоий: Қомусий луғат".