Anjir

Анжир (Фиcус cариcа Л.) — тутдошлар (анжиргуллилар) оиласига мансуб субтропик мева тури. Туркия, Жазоир, Европанинг жанубида, АҚШда катта майдонларни эгаллайди, Кавказ, Ўрта Осиё, Қримда ҳам етиштирилади. Ёввойи ҳолда Ўрта денгиз бўйи, Кичик Осиё, Эрон, Шимоли-ғарбий Ҳиндистонда ўсади. Анжир жуда қадимдан маданийлаштирилган ўсимлик ҳисобланади (Осиёда 5 минг йилдан, Европада камида 2 минг йилдан бери). Ботаник тавсифи. Анжир дарахтининг бўйи 4 — 10 метр, шохлари калин, ёйилиб ўсади, новда, барг ва мевасида суцимон шира бор. Барги йирик, 3 — 7 бўлмали, баъзан бўлмасиз, тўқ яшил, орқасида туклари бор. Бир йилда 2 — 3-марта гуллайди (апрел — май, июн — июл, август). Майда бир жинсли гуллардан иборат тўпгули бўлажак „мева“ ичида бўлиб, майда бластофага арилар ёрдамида чангланади, баъзилари эса чангланмасдан (партеногенез) ва уруғ тугмасдан мева қилади. Мевасида 20 — 24% қанд, 0,5 — 4,2% пектин моддалари, 3,4 — 7,4% клечатка, 0,1% гача органик кислоталар, каротин, калсий, темир, фосфор ва бошқа бор. Биологик хусусиятлари. Анжир асосан бир йиллик пишган новда қаламчаларидан кўпайтирилади. 2 — 3 ёшдан мева тугиб, 7 — 10 ёшда ғарқ ҳосилга киради, 50 — 80 йил мева беради, 150 — 200 йилгача яшайди. Бир тупи 50 килограммгача мева қилади. Анжир бир мавсумда икки марта ҳосил беради. Биринчи ҳосил (хоки анжир) анча кам бўлиб июн — июл ойларида, иккинчиси (асосий) ҳосил сентабр ойида пишади. Хўжалик аҳамияти. Ҳўллигича ёки қоқи ҳамда консерва ҳолида истеъмол қилинади, жем, мураббо тайёрланади. Халқ амалиётида Анжир барги узум ва меваларни қуритишда ишқор сифатида, „сути“ тери касалликларини (кал, сўгал, темиратки), чаён ва ари чаққан жойларни даволашда ишлатилади. Агротехникаси. Анжир тўплари совуққа чидамсиз бўлганидан Ўзбекистон шароитида қишда кўмилиб, баҳорда очилади. Анжир намга анча талабчан, енгил ва серунум тупроқда яхши ўсади. Шўрланган ёки шағалли тупроқларда деярли ўсмайди. Анжир тупига 3 — 4 та асосий танали бута кўринишида шакл берилади. Ёзда бир-икки марта шу йили чиққан қалинлаштирувчи новдалар, ғовлаган новдалар, қуриган шохлар кесиб ташланади. Анжирзор боғлар вегетация даврида 9-10-марта суғорилади. Ўзбекистонда кадета, сариқ анжир, қора анжир, чапла ва бошқа навлари кўп экилади. Навлари. Кадота. Меваси ўртача (35 — 40 грамм), думалоқ-нок шаклида, сарғиш, сал тилимли. Эти оч сариқ, жигарранг товланади, юмшоқ, ширин. Тупи 45 — 50 килограмм ҳосил беради. 30% қоқи тушади, қоқи таркибида 71 — 72% қанд бўлади. Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятлари учун раёнлаштирилган. Сариқ анжир Жайдари нави. Меваси йирик (50 — 60 грамм), сариқ, ясси, сал тилимли. Эти серсув, юмшоқ, ширин. 25% қоқи тушади, қоқининг таркибида 63 — 70% қанд бўлади. Тупи 40 — 50 килограмм ҳосил беради. Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятларида тарқалган бўлиб, анжирзорнинг 80 — 90% ини ташкил этади. Қора анжир Меваси ўртача (35 — 45 грамм), нок шаклида, тўқ бинафша рангда, тилимли. Эти сарғиш, юмшоқ, ширин. Тупи 40 — 50 килограмм ҳосил беради. 30 — 35% қоқи тушади, қоқи таркибида 70 — 72% қанд бўлади. Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятлари учун раёнлаштирилган. Чапла. Меваси ўртача (35 — 45 грамм), думалоқ-нок шаклида, оч жигарранг, сал тилимли, сийрак тук билан қопланган. Эти юмшоқ, ширин, ичи ҳавол. 28 — 30% қоқи тушади, қоқи таркибида 70 — 75% қанд бўлади. Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятлари учун раёнлаштирилган. Ад.:Рибаков А. А.,Остроухова С. А., Ўзбекистон мевачилиги, Т., 1967.Рихсивой Жўраев.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |