Anomaliya
Аномалия (юн. аномалиа) — меъёр (норма)дан четга чиқиш (оғиш); умумий қонуниятга зид ҳолат: 1) биология ва тиббиётда — бирор аъзо ёки бутун организм тузилиши ва функсиясининг одатдагидан кўра бошқачароқ бўлиши, нормадан четга чиқиши. Одам ва ҳайвонлардаги аномалиялар туғма (она қорнидаёқ) ва туғилгандан кейин пайдо бўлиши мумкин. Туғма нуқсонлардан мажруҳлик кўпроқ учрайди. Орттирилган аномалия (эшитиш ва кўриш нуқсонлари, ақлий ривожланишдан орқада қолиш) турли касалликлар оқибатида вужудга келади; 2) педагогика ва психологияда — шахснинг жисмоний ва ақлий ривожланишда нормадан четга чиқиши. Болалар аномалиясини махсус педагогика (дефектология) ўрганади. Бош мияда бирор нуқсонни тўлдириб юбориш хусусияти кучли бўлгани учун болаларда Аномалия ҳодисасига қарши кенг педагогик ишлар олиб бориш мумкин; 3) магнит аномалиялар — Ер сиртидаги магнит майдон қийматининг меъёрдагидан оғиши, яъни қиймати магнит Аномалия тарқалиш ҳудудидан анча катта бўлган ҳудудда геомагнит майдонни ифодалайди. Қамраб олинган ҳудуд катталиги бўйича минтақавий, ҳудудий ва чекланган магнит аномалияларига бўлинади; 4) оғирлик кучи аномалияси — амалдаги оғирлик билан ер шарининг тузилишига қараб ҳисоблаб чиқилган оғирлик кучи ўртасидаги фарқ; бу фарқ ер шарининг умумий тузилишига ва кузатилаёт-ган нуқта атрофидаги тоғ жинсларининг зичлигига боғлиқ. Жинслар зичлиги ер шарининг ўртача зичлигидан фарқ қилса, оғирлик кучи аномалияси рўй беради. Оғирлик кучи ва магнит аномалияларини ўрганиш геологик тадқиқотларда, хусусан, фойдали қазилмаларни геофизик усуллар билан қидиришда кенг қўлланади.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |