Антил ороллари (инглизча: Антиллес) — Вест-Индиядаги архипелаг. Катта Антил ороллари (Куба, Гаити, Ямайка, Пуэрто-Рико) ва Кичик Антил ороллари (Виргиния, Шамолли ва Шамолсиз ороллар, Тринидад, Тобаго ва Барбадос)га бўлинади. Майдони қарийб 220 минг километр². Аҳолиси 30 миллион киши. Антил ороллари ер юзасининг ярмидан кўпи тоғлик. Энг баланд жойи 3175 метр. Катта Антил ороллари даги тоғлар Марказий Америкадаги Кордилера тоғларининг тармоқларидир. Бу тоғлар Куба оролдаги оҳактош платосида туташади. Кичик Антил оролларида сўнмаган Гранд-Суфриер, Монтан-Пеле, Суфриер вулканлари бор. Кубадаги текисликлардан ташқари ҳамма ерда зилзила бўлиб туради. Иқлими тропик, иссиқ, пассат иқлими. Нам кўп, тез-тез довул бўлиб туради. Кўп ерларни саванна ва барг ташлайдиган тропик ўрмонлар қоплаган. Шамолга рўпара ён бағирлар эса доим яшил тропик ўрмонлар билан қопланган. Антил оролларида Антигуа ва Барбуда, Барбадос, Гаити, Гренада, Доминика, Доминикана Республикаси, Куба, Сент-Винсент ва Гренадини, Сент-Люсия, Сент-Киц ва Невис, Тринидад ва Тобаго, Ямайка давлатлари жойлашган, шунингдек АҚСҲ, Буюк Британия, Франсия, Нидерландияга карашли мулклар, Венесуэла ҳудудининг бир қисми бор. 1493-йил Христафор Колумб Сен-Мартен оролни кашф этган. Кюрасао ва Аруба оролларини 1499-йилда испанлар очган. ХВИИ аср бошида голландияликлар Аруба оролни, 1634-йилда эса Кюрасао оролни эгаллаганлар.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил