Антитиреоид моддалар (тиреостатик препаратлар) — қалқонсимон без фаолиятини сусайтирадиган дорилар; асосан, шу без фаолияти кучайганда тавсия этилади. Антитиреоид моддалар ёдли бирикмаларнинг оксидланишини ва тиреоид гормонлар молекуласига ёд қўшилишини бошқарувчи фермент тизимлари фаолиятини сусайтириб, қалқонсимон безда гормонлар биосинтезини тўхтатиб қўяди (блокада) ва бу безни катталаштиради. Синтетик йўл билан олинган жуда кўп дорилар, асосан тиоурацил, тиомочевина ҳосилалари, парааминосалицилат кислота, сулфаниламид, тиоцианатлар ва бошқа Антитиреоид моддаларга киради. Баъзи ўсимликлар, масалан, карам, шолгом ва бошқада ҳам антитиреоид таъсир кўрсатадиган бирикмалар кам миқдорда учрайди. Синтетик Антитиреоид моддалар тиреотоксикозни даволашда кенг қўлланади.

Адабиётлар

Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил