Ақида (араб.) – диндорлар учун мажбурий ҳисобланган, шак келтирмасдан, муҳокама юритмасдан эътиқод қилиниши лозим бўлган диний талаблар.

Ислом ақидаларининг асоси Қур’онда берилган, ҳадислардаги кўрсатмалар негизида ишлаб чиқилиб, тартибга солинган.

Исломнинг суннийлик ва шиалик йўналиши илоҳиётида эътироф этиладиган ақидалар ёки имон талаблари

Суннийлик 7 та:

  1. Аллоҳнинг ягоналигига
  2. Фаришталарга борлигига
  3. Муқаддас битикларга
  4. Пайғамбарларга
  5. Охиратга
  6. Тақдирга
  7. Инсон қазо қилганидан сўнг қайта тирилишига ишониш

Шиалик йўналиши илоҳиётида 5 ақида тан олинади:

  1. Тавҳид (Аллоҳнинг ягоналиги),
  2. Нубувват (пайғамбар) га ишониш,
  3. Адл (илоҳий тақдирнинг адолатлигига ишониш),
  4. Маод (охиратга ишониш)

Христианликда ақидалар биринчи марта 2-жаҳон собори томонидан қабул қилинган ва у эътиқод тимсоли деб аталган. У худонинг муқаддас учликда (Ота, Ўғил ва Муқаддас руҳда) намоён бўлиши, Исонинг халоскорлик миссияси, унинг тирилиб осмонга кўтарилиб кетиши ва охиратда яна қайтиб тушиши, жами 12 асосий ақидадан иборат. Кейинчалик жаҳон соборлари эътиқод тимсолини Исонинг ҳам илоҳий, ҳам инсоний табиатга эгалиги, иконага сиғиниш шартлиги ҳақидаги ақидалар билан бойитган. Христиан черкови бўлиниб кетгандан кейин ҳар бир конфессия, диний оқим ўз таълимотига бошқа христиан черковлар эътироф қилмаган ақидаларни киритган.

Католицизм аъроф ҳақидаги, Муқаддас руҳ фақат Ота-худодан эмас, балки Ўғил-худодан ҳам пайдо бўлгани, Биби Марямнинг илоҳий тарзда Исога ҳомиладор бўлгани ва унинг жисми осмонга кўтарилиб кетгани, Рим папасининг эътиқод ва ахлоқ ишларида бегуноҳлиги борасидаги ақидани қабул этди. Протестантизм эса руҳонийлик унвонини бериш, муқаддас зайтун мойи суртиш ва бошқа ақидаларни тан олмай, ҳар бир диндорнинг ўз эътиқоди билан гуноҳдан халос бўлиши тўғрисидаги ақидани расм қилди.

Православие черкови янги ақидалар киритишни рад этиб, илгариги ақидалар мазмунини талқин этиш йўлидан борди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил