Arhar

Архар, алқор, тоғ қўйи (Овис) – жуфт туёқлилар туркумига мансуб ёввойи қўйларнинг умумий номи. Баъзан муфлон, аркал, арқор, уриал деб ҳам аталади. Архар Ўрта денгиз ороллари, Олд, Ўрта, Марказий ва Шимоли-Шарқий Осиёнинг тоғлиқ ҳудудларида тарқалган. У тоғ ён бағирлари ва қоялар орасидаги бир мунча текис ва очиқ жойларда яшайди. Эркаклари урғочиларига нисбатан йирик (танаси уз. 110-120 см, бўйи 65-125 см вазни 230 кг гача), шохи спиралсимон ёки ҳалқасимон буралган, узун (70-190 см), урғочиларининг шохи ингичка ёки бутунлай бўлмайди. Учта тури: Тяншан қўйи (О. аммон карелини), Европа қўйи (О. мусимон), Осиё қўйи (О. ориэнталис) ва 10 га яқин кенжа тури маълум. Ўрта Осиё, шу жумладан Ўзбекистонда Тян-шан қўйи ва Осиё қўйи учрайди. Тяншан қўйи яқин вақтларгача Тяншаннинг Фарғона тоғларигача бўлган қисмида, шу жумладан Угом, Пском, Чатқол, Талас ва Қирғиз тоғларида кенг тарқалган эди. Ҳозир асосан Чатқол қўриқхонасида сақланиб қолган, дарёларнинг юқори оқимида 2000–3000 м баландликда учрайди, тик қоялар яқинидаги релефи нотекис бўлган жойларни яхши кўради. Баҳорга яқин тоғнинг пастроқ қисмига экин эқилган далаларга тушиб ўтлаши мумкин. Қўчқорининг шохлари спирал-симон буралган (узунлиги 120 см гача) вазни 60–106 кг (баъзан 200 кг гача), узунлиги 170-190 см; урғочисининг шохлари ингичка ва калта вазни 50–54 кг, узунлиги 160-170 см. Осиё қўйи Тяншан, Помир, Ҳимолай тоғларининг Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Афғонистон ва Покистон ҳудудларида тарқалган. Ўзбекистонда бу тўрнинг Қизилқум қўйи, Северсов қўйи Марказий ва Ғарбий Қизилқумнинг Амударё ва Сирда-рё оралиғидаги паст тоғларида ҳамда Помир-Олайнинг Нурота, Оқтов, Молгузар тоғларида сақланиб қолган. Қўчқорининг узунлиги 130 см, бўйи 80 см вазни 70−125 кг, эркагининг шохи ҳалқа шаклида буралган (узунлиги 98-107 см), урғочисиники ингичка, калта, қиличсимон эгилган. Бўйнининг остки томонидаги ёли Тян-шан қўйиникига нисбатан бирмунча калта ва энсиз. Ўзбекистон ҳудудида бу кенжа тур Қизилқумнинг ҳамма паст тоғларида тарқалган эди. Чорва молларининг кўпайиши ва овланиш натижасида унинг ареали кескин қисқариб, ҳозир Нуротанинг ғарбий қисмида ва Марказий Қизилқумда сақланиб қолган. Қизилқум қўйини муҳофаза қилиш учун Нурота тоғларининг марказий қисмида 1972-йил қўриқхона ташкил этилган. Ҳозир қўйларнинг умумий сони 1000 тага етди. Бухоро қўйи, тожик қўйи (О. ориэнталис бочаренсис) Ўзбекистоннинг Туркманистон ва Тожикистон билан чегарадош ҳудудларида, қўшни Афғонистон ва Покистонда тапқалган. Қўчқори бўйнининг остки қисмида қалин ва узун ёли бўлади, шохлари йирик, ҳалқа шаклида буралган (узунлиги 72 см гача), урғочиси кичикроқ, шохлари калта ва бир оз қайрилган. Бухоро қўйининг вазни қизилқум қўйидан камроқ бўлади. Ўзбекистонда Бухоро қўйининг иккита: боботоғ ва бойсун-кўҳитанг популяциялари мавжуд. Қўйлар 300–400 м дан 2200, баъзан 3000 м гача баландликда арча ўсадиган очиқ тоғ ён бағирларида яшайди. Бухоро қўйини муҳофаза қилиш учун Сурхон қўриқхонаси ташкил этилган. Устюрт қўйи, аркал (О. ориэнталис арcал) Манқишлоқ ярим ороли, Каспий денгизининг жарлик соҳиллари, Қорабўғозкўл, Қорақумнинг паст тоғлари ва ўнгирликлари ҳамда Орол денгизининг ғарбий қисмида тарқалган. Ўзбекистонда Қорақалпоғистон ҳудудининг Устюрт қисмида учрайди. Кўчқорининг вазни 58–79 кг, танасининг узунлиги 121-147 см, бўйи 77-98 см; шохларининг узунлиги 92 см гача, бошининг икки ёнида чала ўрама ҳосил қилади. Урғочиси эркагига нисбатан кичикроқ вазни 36–56 кг, шохлари ингичка ва нисбатан калта (узунлиги 25-30 см). Эркагининг бўйни остида қалин ёли бўлади, тумшуғи остида калин юнги (соқоли) бўлиши билан бошқа кенжа турлардан фарқ қилади. Устюрт қўйи чўл шароитига мос-лашган, Қорақум тоғларининг одам ва йиртқич ҳайвонлар ўтолмайдиган тик қияликлари ва жарликлари устида яшайди. Ёзда кечаси ўтлайди, шўрланган булоқ суви билан қаноатланади, қишда ва баҳорда кўпинча кундузи ўтлаб, кўлмак бўлиб қолган ёмғир сувидан ичади. Манқишлоқ 660 ва Устюртнинг ўзлаштирилиши, браконерлик туфайли Устюрт қўйининг сони кескин камайиб кетган, ҳозир бир неча юз қўй Қорақалпоғистон ҳудудида сақланиб қолган. Устюрт қўйини овлаш ман қилинган. Арҳарлар пода бўлиб яшайди. Бўғозлик даври 5 ойга яқин. Май-июнда битта, баъзан иккита бола туғади. Қўзиси 2,5-3 ёшда вояга етади. Арҳар хонаки қўйларнинг авлод боши ҳисобланади. Арҳарни меринос қўйлари билан дурагайлаб майин жунли Қозоғистон арҳар мериноси чиқарилган.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ҳайвон ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |