Арриан (Аррианос) Флавий (тахминан 95—175-йиллар ўртаси) — Рим тарихчиси ва ёзувчиси.

Арриан Флавий
Таваллуди тахминан 90—95-йиллар
Никомедия, Вифини провинсияси, Кичик Осиё, Рим империяси
Вафоти 175-йил
Афина, Рим империяси
Фуқаролиги Рим империяси
Касби Тарихчи, ёзувчи, давлат ва жамоат арбоби
Алехандри анабасис, 1575

Таваллуди ва болалиги

Аррианнинг тўлиқ исми шарифи Квинт Энний Флавий Арриан бўлиб, у Кичик Осиёнинг Вифини вилоятининг Никомедия шаҳрида, тахминан эрамизнинг 90—95-йиллари орасида туғилиб, 175-йилда вафот этган. Вифинида асосан Рим ҳукмронлиги даврида келиб қолган қадимги юнонлар яшарди. Аҳоли икки тилда юнон ва лотин тилларида сўзлашарди. Айниқса, Никомедия шаҳри Арриан дунёқарашининг шаклланишида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу шаҳар фақат Вифини вилоятигина эмас, балки улкан Рим давлати тарихида ҳам алоҳида ўрин тутган. Арриан эрамизнинг 112—116-йилларида замонасининг атоқли файласуфи Эпиктет қўлида таҳсил олади[1].

Фаолияти

Арриан Римда яшаб, ҳарбий таълим олади. 131—137-йилларда Каппадокия волийси бўлиб, аланлар ҳужумини қайтарган. Арриан сенатор, элчи ва коҳин ҳам бўлган[2]. Рим империясида сенатор даражасига кўтарилгач Арриан милодий 116-йилида давлат ишлари юзасидан Грецияга боради. Бу императорлик делегациясига Авидия Нигрин раҳбарлик қиларди. Делегация аъзолари орасида Арриан ўзининг билимдонлиги ва дунёқарашининг кенглиги билан ажралиб турарди. Рим давлатининг чегараларига оид қимматли маълумотларни тўплаган. Арриан император таҳсинига сазовор бўлиб, „Императорнинг элчиси“ деган фахрий ном олади. Арриан императорликнинг обрў-эътиборини қозонгандан сўнг милодий 121—124-йилларида императорликда элчи бўлиб ишлайди. Рим императорининг ишончини тўла қозонган Арриан 131—137-йилларда Каппадокия вилоятига ҳоким этиб тайинланади.

Александрнинг ҳарбий тактикаларини қайта ишлаб чиқиш, унинг назарий асосларини ва амалий моҳиятини бойитишни, бу ҳақда йирик асар ёзишни император Адриан 136-йилда Аррианга топширади. Арриан бу ишнинг уддасидан чиқиб, икки қисмдан иборат китоб ёзади. Бу китоб Адрианга жуда маъқул бўлади. Адриан ҳокимлигининг сўнгги йилларида Арриан Римнинг давлат ва ҳарбий ишларидан четлаштирилади. Шундан сўнг у маҳаллий аҳамиятга эга бўлган кичик лавозимларда ишлайди. 147-йилда у Афинадаги кичик бир лавозимга тайинланади. Бу даврда у қизғин ижодий ишга берилади. Афинадаги адабий муҳит билан боғланади. Бироқ унинг Афинадаги ҳаёти бироз қийинлашади. Шунинг учун ҳам, у она шаҳри Никомедияга қайтиб келиб, ўша ерда ҳаёт кечира бошлайди[3].

Ижоди

Фалсафа, тарих, география, ҳарбий ва бошқа масалаларга оид асарлар ёзган (кўпи бизгача сақланмаган) Аррианнинг бизгача етиб келган энг қимматли асари Александрга бағишланган етти китобдан иборат „Александр юриши“ номли китобдир. Аррианнинг „Ҳиндистон“, „Неархнинг ҳарбий юриши“, „Эпиктет ҳақида эсдаликлар“ ҳамда Эпиктет таълимотига бағишланган „Қўлланма“ каби асарлари ҳам сақланган. Унинг „Парфия тарихи“, „Аланлар тарихи“, „Вифиния тарихи“ ва „Александрдан кейинги ишлар“ номли асарларидан ҳам парчалар етиб келган[2]. Арриан ижодида „Қора денгиз тасвири“, „Қизил денгиз қирғоқлари бўйлаб саёҳат“ асарлари алоҳида ўрин тутади. Бу асарлар ўзининг тарихий асоси, муҳим ҳарбий қимматга эга эканлиги жиҳатидангина эмас, балки бадиий тасвир жиҳатдан ҳам таҳсинга сазоворлиги билан ажралиб туради[1].

Марказий Осиё ва Эроннинг қадимий тарихини ўрганишда Аррианнинг „Александр юришлари“ номли асари муҳим аҳамият касб этади. Унда фотиҳнинг Ўрта Осиё ҳудудлари ва бошқа мамлакатларга истилочилик юришлари тарихи батафсил баён қилинган. Асар панегризм-маддоҳлик руҳида ёзилган — муаллиф Александр ва унинг фаолиятити кўкларга кўтариб улуғлайди. Шунга қарамай, у кўпгина қўлёзмалар та расмий ҳужжатлар асосида ёзилганлиги сабабли мавзу бўйича муҳим манбалардан бири ҳисобланади.

Спитаменнинг ўлими ҳақида Арриан қуйидаги ривоятни келтиради: „Скиф-массагетлар енгилганларидан сўнг ўзлари билан бирга иттифоқ бўлиб, душманга қарши жанг қилган бақтрияликлар ва суғдларнинг юкларини талайдилар ҳамда қочадилар. Спитамен ҳам улар билан бирга кетади. Уларга „Александр даштга ҳужум бошлар эмиш“, деган хабар келгач, Спитаменнинг бошини танасидан жудо қилиб шоҳга юборадилар ва шу йўсинда Александр ҳужумининг олдини олмоқчи бўладилар“[4].

Тарихшунослик

Арриан асарларининг рус тилидаги нашрлари ХИХ асрдан таржима қилиниб, аввалига асосан, ҳарбий, кейинчалик умумий тарих фанини ривожлантириш мақсадида амалга оширилган. „Александр юришлари“ асарининг рус тилига таржимаси 1837-йилда Ҳарбий кутубхона ташаббуси билан 1912-йилда Н. Коренков таржимасида Тошкентда, 1962-йилда М.Е. Сергеэнко таржимасида, 1993-йилда Миф нашриёти томонидан қайта нашр этилган. „Ҳиндистон“ (Индика) асарининг рус тилига таржимаси 1940-йилда Қадимги тарих хабарномасида 2002-йилда М. Д. Бесарин таржимасида 2007-йилда Г.А .Таронян таржимасида нашр этилди. „Тактика“ асарининг инглиз тилидаги варианти 1993-йилда Девото томонидан Чикагода, рус тилидаги таржимаси 2010-йил А. К. Нефёдкин ва шу йили С. М. Переваловлар томонидан чоп этилди. Арриан шахси ва унинг биографиясига оид тадқиқотлар эса О. Крюгер, С. Соболевский, Д. Сибукидис, А. Нефёдкин асарларида ва турли энсиклопедия ҳамда луғатларда ёритилган[5].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 Бойназаров Ф. Қадимги дунё тарихи / Дарслик. Т.: „ИҚТИСОД-МОЛИЙА“, 2006. 75-бет.
  2. ↑ 2,0 2,1 Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. 1-жилд: А—Бешбалиқ. Т.:"Ўзбекистон миллий энсиклопедияси Давлат илмий нашриёти", 2000.
  3. ↑ Бойназаров Ф. Қадимги дунё тарихи / Дарслик. Т.: „ИҚТИСОД-МОЛИЙА“, 2006. 77-78-бетлар.
  4. ↑ Дониёров А. Х. Марказий Осиё халқлари тарихшунослиги / Дарслик. Тошкент: НИФ МСҲ, 2020. 63-бет.
  5. ↑ Дониёров А. Х. Марказий Осиё халқлари тарихшунослиги / Дарслик. Тошкент: НИФ МСҲ, 2020. 63-64-бетлар.