Спирал галактика М 81

Астрофизика – астрономиянинг осмон жисмлари ва уларни системаларининг физик табиатини, уларнинг келиб чиқиши ва эволуциясини ўрганадиган бўлими. Номидан кўриниб турибдики, астрофизика – бу осмон жисмлари физикаси. Космик моҳиятан жуда катта физик „лаборатория“ бўлиб, унда ердаги физик лабораторияларда кўпинча умуман амалга ошириб бўлмайдиган ва шунинг учун ҳам фанда жуда катта қизиқиш уйғотадиган шароитлар вужудга келади. Тадқиқотларнинг астрофизик методлари уларни лаборатория физикаси методлари лаборатория физикаси методларидан фарқ қилувчи икки муҳим хусусиятга эга. Биринчидан, лабораторияда физик ўзи тажриба ўтказади, текширилаётган жисмларни турли таъсирларга дучор қилади. Астрофизикада фақат пассив кузатишлар ўтказиш мумкин, чунки ҳозирча, масалан, юлдузларда тажриба ўтказишнинг иложи йўқ. Иккинчидан, агар лабораторияда температурани, зичликни, жисмларнинг кимёвий таркиби ва ҳоказоларни бевосита ўлчаш мумкин бўлса, астрофизикада эса узоқдаги осмон жисмлари тўғрисидаги деярли барча маълумотларни улардан келадиган электромагнит тўлқинларни-кўринадиган ёруғлик ва кўз билан кўриб бўлмайдиган бошқа нурларни анализ қилиш ёрдамида олинади.

Астрофизика тадқиқот обектлари, восита ва усулларига кўра қуйидаги бўлимлардан ташкил топган: Қуёш физикаси, сайёралар физикаси, метеор, астероид ва кометалар физикаси, ўзгарувнан юлдузлар физикаси, юлдузлар эволюцияси ва физикаси, Галактика астрономияси, юлдузлараро муҳит физикаси, Галактикадан ташқи астрономия, плазма Астрофизикаси, релятивистик Астрофизика, гамма астрономия, рентген астрономияси, ултрабинафша астрономия, инфрақизил Астрофизика, астрофотометрия, астроколориметрия, астроспектроскопия, нейтрино астрономияси ва бошқа Охирги бир неча ўн йил мобайнида Астрофизиканинг энг катта йўналиши ҳисобланиб келинган радиоастрономия кучли радио телескоплар ёрдамида фундаментал аҳамиятга эга бўлган турли радиоманбалар (пулсарлар, квазарлар, радиогалактикалар ва ҳоказо)ни топиб, уларнинг тузилиши ва радио-нурланиш механизмларини ўрганиб чиқди. Ҳозир у Астрофизикадан ажралиб, астрономия бўлимларидан бирига айланган. Астрофизика фани физика, механика, геофизика, кимё билан ва шунингдек астрономиянинг бошқа бўлимларидан юлдузлар астрономияси, космогония ҳамда космология билан боғликдир. Астрофизика физиканинг турли хил муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беради. Масалан, умумий нисбийлик назариясида башорат қилинган нурнинг гравитацион майдонда эгилиши ёки релятивистик тезликларда фазо ва вақтнинг ҳамда модда хусусиятларининг ўзгариши, элементар зарраларнинг ҳосил бўлиши ва ўзаро тўқнашувлари, ядровий реаксия ва бошқа кўплаб масалалар шулар жумласига киради. Осмон эритқичи нури Ер атмосфера орқали ўтаётганда у миқдорий ва сифатий ўзгаришларга дучор бўлади. Бу ўзгаришларни ҳисобга олишда Астрофизика геофизик маълумотларга таянади.

Коинот моддаси асосан плазма ҳолатда. Космик шароитда плазманинг ионланиш даражаси жуда юқори бўлиб, Қуёш тожи, юлдузлар ядро қисмида, қайноқ газ туманларида деярли тўла ионланиш ҳолатида бўлади. Космик плазма эволюцияси авваламбор магнит майдон тузилиши ва кучланганлигига боғлиқ. Қуёш доғлари, унинг атмосферасидаги тож туйнуклари, пулсарлардан келаётган импулс даври уларнинг ўз ўқи атрофида айланиш даврларига тенглиги, зичлиги катта ҳамда ўлчами эса кичик қатор компакт юлдузлар яқинида содир бўлаётган фаол жараёнлар ва бошқа жисмнинг магнит майдони табиати билан тушунтирилади. Барча юлдузларнинг кимёвий таркиби деярли бир хил, яъни 70 % водороддан, 27 % гелийдан таркиб топган. Кимёвий элементларнинг пайдо бўлиши Коинот ривожланишининг дастлабки босқичлари ва юлдузларда рўй берадиган фалокатли жараёнлар билан боғлиқ. Астрофизика Коинотнинг кимёвий эволюцияси билан ҳам шуғулланади.

Астрофизикада кузатишлар расадхоналарда олиб борилади. Астрофизикада кейинги бир неча ўн йилларда қилинган энг буюк кашфиётлар: 1963-йил „чақалоқ“ галактикалар – квазарлар, 1967-йил ўз ўқи атрофида айланиш даври 2 секунддан кичик бўлган радиоманбалар – пулсарлар, 1965-йил Коинотнинг кенгайиши билан боғлиқ реликтив нурланиш, 1973-йил „Скайлаб“ номли космик стансияда (АҚШ) ўрнатилган рентген телескоп ёрдамида Қуёшнинг рентген нурланиши, 1975-йил қўшалоқ юлдузларда маълум давр билан кучли рентген чақнаши хусусиятига эга бўлган барстерлар кашф этилган. Умуман олганда 70-йилларда ўнлаб космик рентген нурланиш манбалари очилди. Уларнинг кўпчилиги айнан қўшалоқ юлдуз ташкил этувчиларидан бири эканлиги аниқланди. Масалан, Оққуш Х–И(Оққуш юлдуз туркумига кирадиган биринчи рентген нур манбаи) ёки Чаён Х–И. Рентген нур манбалари Галактикамиз марказида жуда кўп ва зич жойлашгани аниқланди. Гамма нур манбаларни ахтариш давом этмоқда. Космик аппаратлар Қуёшнинг ултрабинафша нурини ўрганишга ёрдам беради. Қуёшспектрининг бу қисмида кучли эмиссион чизиклар борлиги кашф этилди. Улар орасида водороднинг Лайман алфа чизиғи, ионланган гелийнинг резонанс чизиклари ва С, Н, О ва Сиионларининг чизиклари бор. Кейинги 20 йилда Қуёшни текширишлар энг салмоқли бўлди. 70-йиллар охирида Қуёш шари қобиғининг 5 мин.ли давр билан сиқилиб-кенгайиб туриши, яъни пулсацияланиши кашф этилди. Бу кашфиёт Қуёшнинг ички қатламларини ўрганишга кенг имкониятлар очиб берди. 80-йиллар охирларида Қуёшнинг тўла энергияси Қуёш фаоллиги билан синхрон ҳолда 11 йиллик давр билан ўзга-риб туриши кашф этилди. Бу ўзгаришлар Қуёш юзига унинг ички қатламларидан чиқиб-ботиб турадиган магнит майдонлар билан боғликдиги аниқланди. Бу кашфиётлар юлдузларда ҳам шундай жараёнлар бормикан, деган муаммони қўйди. Қуёш сингари фаолликка эга бир неча юлдузларнинг пулсацияланиши Астрофизиканинг текшириш режаларида турибди.Космонавтика Астрофизикани фазода экспериментлар ҳам ўтказа оладиган фанга айлантирди[1]. Ўзбекистонда Астрофизиканинг Қуёш физикаси ва ўзгарувчан юлдузлар физикаси, Галактика астрономияси, юлдузлар эволюцияси ва физикаси ҳамда Галактикадан ташқи астрономия бўлимлари бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилади. Астрофизик тадқиқотлар асосан Ўзбекистон Фанлар Академияси Астрономия институтида, Ўзбекистон миллий университети Астрономия кафедраси ва Тошкент педагогика университетида бажарилади. Кузатув маълумотлари эса асосан Китоб астрономик расадхоналари мажмуасининг Майданак тоғ расадхонасида, Астрономия институти Қумбел филиали стансияси ва Тошкент ҳудудида бажарилади. Қуёш атмосферасидаги доғлар ва уларнинг гуруҳдари, турли чақнашлар ҳамда тож туйнуклари табиати ўрганилади. Қуёш физикасининг гелиосейсмология йўналишида унинг ички тузилиши муаммоси бўйича ИРИСва ТОН халқаро дастурлари доирасида илмий тадқиқот олиб борилади. Юлдузлар физикаси йўналишларида эса охирги чорак аср давомида бажарилган кузатишлар натижасида Сомон йўлида қатор „чақалоқ“ юлдузлар ва уларнинг гуруҳ сифатида пайдо бўлган жойлари топилиб тадқиқ қилинган ҳамда бир қанча зич қўшалоқ юлдузларнинг физик хусусиятлари ўрганилган. Галактика астрономияси соҳасида 20 га яқин турли юлдузлар тўдаларининг кинематикаси ва тузилишига оид тадқиқотлар ҳамда Галактикамиз ташкил этувчиларининг эволюцияси ва бенда кўринмас масса эффекти ўрганилган. Галактикадан ташқи астрономия йўналишида галактикалар глобал эволюциясининг коллапс даври учун биринчи бор ночизикли ностационар моделлари тузилиб, уларнинг гравитацион беқарорлиги, спирал ва эллиптик галактикаларнинг пайдо бўлиши муаммолари ўрганилмокда ҳамда заряд йиғувчи кучли матрица ёрдамида Майданак расадхонасида квазарлар мониторинга бажарилмоқда[2].

Манбалар

  1. ↑ Масевич Астрофизика Г.Дутуков Астрофизика В., Эволюция звёзд. Теория и наблюдения, М., 1988; Нуриддинов С. Н., Салоҳиддин Нуриддинов, Исроил Сатторов, Сомон йўли физикаси, Т., 1989.
  2. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент 2000-йил

Ҳаволалар