Atirgulim
| „Атиргулим“ | |
|---|---|
| Қодир Мирашуров қўшиғи | |
| Тил | ўзбекча |
| Нашр қилинган | 1990 |
| Давомийлиги | 3:55 |
| Қўшиқ муаллиф(лар)и | Ибод Саъдулла |
| Бастакор(лар) | Қодир Мирашуров |
| Клипи | |
| „Атиргулим“ ЁуТубеда | |
„Атиргулим“ („Атиргулим, атринг қайга таралади?“ деб ҳам номланади) — тожикистонлик ўзбек санъаткор Қодир Мирашуров ижро этган қўшиқ. Ашула 1990-йил ёзилган бўлиб, Мирашуров репертуаридагига энг таниқли тароналарнинг биридир. Қўшиқ мусиқасини Мирашуровнинг ўзи тожикистонлик шоир Ибод Саъдулла ёзган шеърга басталаган.
„Атиргулим“ Ўзбекистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистонда тўйларда энг кўп ижро этиладиган қўшиқларнинг биридир. Қўшиқ Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси олтин фондига киритилган. Қўшиқни бир неча санъаткор, жумладан, Сардор Мамадалиев ҳамда „Божалар“ гуруҳи кавер қилган. „Божалар“ гуруҳи ижросидаги талқин 2018-йилда эълон қилиниши ортидан „Атиргулим“ қўшиғи янгидан оммалашди: гуруҳ ижросидаги версия ЁуТубеда тўрт йил ичида 20 миллион мартадан ошиқ кўрилди[1].
Шоир Саъдулланинг сўзларига кўра, қўшиқ матнига айланган шеърни ёзиш фикри „ички хиргойи“ натижасида пайдо бўлган. Шеър илк бор 1990-йил Тожикистонда нашр қилинган „Халқ овози“ газетасида чоп этилган. Мирашуров қўшиқни илк бор Жиззахда ёки Сирдарёда тўйда ижро этганини хотирлаган. Мирашуров қўшиқ ёзилиши тарихи ҳақида шундай деган:
Тожикистонда чиқадиган ўзбекча газетани очиб, ичидаги шеърларни ўқирдим. Ибод Саъдуллани у пайтда танимас эдим. Аммо шеърни кўриб, ёқтириб қолиб, қўшиқ қилдим[2].
Шоир Саъдулла ёзган шеърни Мирашуровдан олдин бошқа бир тожикистонлик санъаткор — Шуҳрат Давлатов куйга солган. Аммо Мирашуров ижросидаги версия кўпроқ оммалашган. Саъдулла шеъри қўшиқ матнига айланганидан кейин бирор моддий фойда кўрмагани, шунчаки шеъри унга шуҳрат келтирганидан мамнун эканлигини айтган.
Манбалар
- ↑ „Божалар - Атиргулим“. ЁуТубе (3-апрел 2018-йил). Қаралди: 23-июн 2022-йил.
- ↑ „Бир қўшиқ тарихи: Атиргулим, атринг қайга таралади?“. Озодлик радиоси (27-ноябр 2018-йил). Қаралди: 23-июн 2022-йил.
Ҳаволалар
- „Атиргулим“ ЁуТубеда (Жонли ижро)
- „Божалар“ ижросидаги кавер ЁуТубеда