Atlas (mato)

Атлас (араб.-текис, силлиқ) – танда ипи ҳам, арқоқ ипи ҳам табиий ипакдан тўқиладиган бир юзлама силлиқ мато. Танда ипи абрбанди усулида бўяб безатилади. Алоҳида ишлов бериб Атласга жило берилади, шунга кўра у товланиб туради. Илгари мато юзига кудунг урилган, ҳозирги кунда Атлас иссиқ сатхли барабан – каландрдан ўтказилади. Ўзбек Атласлари ранг-баранг нафис гулларга бой, бу гуллар бир-бири билан уйғунлашиб, матода яхлит гўзал бир нақшни ҳосил қилади. Атласнинг табиий ипакдан тўқилган энг аъло нави саккиз тепкили хонатлас деб аталади. Хонатласнинг барча сири унинг тузилиши ва тўқилиш усулидадир. Атласнинг тўқилиш жараёни: тўрт тепкили Атлас тўрт тепкили дастгоҳда, саккиз тепкили Атлас саккиз тепкили дастгохда тўқилади. Тандага гулалар танданинг ҳар саккиз нахи тўқилишда устма-уст келадиган қилиб кўтарилади, нахлар тепкиларга мувофиқ-лаштирилиб, гулалар ўйнағичларга уланади. Тепки босилганда гуланинг бири пастга тортилиб, устма-уст ётган нахлардан бирининг коми очилади ва орасидан биринчи арқоқ ипи ўтади, иккинчи тепки босилса, иккинчи коми очилиб, иккинчи арқоқ ипи ўтади. Шу тариқа саккиз нах орасига саккиз арқоқ ипи устма-уст тушиб, танда ипи матонинг устига томон жойлана бориб тўқима бир юзламага айланади.
Атлас:
- Тушунтириш матнлари бўлган муайян тизимли хариталар тўплами, жилдлар ёки айрим варақлар йиғиндиси шаклида нашр қилинади (қаранг Географик атлас);
- Махсус албомлар – анатомик Атлас ва ҳоказо номи.
„Атлас“ – америка элтувчи ракеталари туркумининг номи; „Атлас“ сайёралар аробаллистик ракетасининг дастлабки икки поғонаси сифатида фойдаланилади. Старт массаси – 125 – 135 т, умумий узунлиги 31 – 35 м. „Атлас-Ажена“ ва „Атлас-Сентавр“ вариантлари мавжуд. „Мидас“, „Самос“ ЕСЙни, сайёралараро автоматик стансиялар „Рейнтер“, „Маринер“ ва бошқаларни парвоз қилдириш учун қўлланади. Ракета двигатели ёнилғиси – суюқ кислород ва керосин.
Қадимда Атласлар дастаки дастгоҳ (қўл дўкон)ларда тўқилган. Ҳозир дастаки дастгохларда ҳам, механик дастгохлар (тўқув станоклари)да ҳам тўқилади. Механик дастгохларни электр двигател ҳаракатлантиради. Ўтмишда Атласнинг бир кийимлиги яхлит ҳолда ҳам, икки бўлакка бўлиб ҳам сотилган. Икки бўлакка бўлинган Атласнинг ҳар бир бўлаги бир тоқа Атлас, иккала тоқаси бир жўра Атлас деб номланган. Атласни тоқа-жўра қилиш 1930-йилларда урфдан қолди. Атлас тўқиш Марғилонда жуда қадимдан ривожланган, бошқа жойларга шу ердан тарқалган. 20 – аср бошларида бу ерда юзлаб Атлас тўқувчи косиблар бўлган, 20-йилларда улар 4 та саноат артелларига уюшган. 1963-йилда бу артеллар бирлаштирилиб йирик корхона – „Атлас“ фирмасига айлантиридди. 1976-йилдан Марғилон Атлас ишлаб чиқариш бирлашмаси. Атлас тўқиш, айниқса, Наманган (Наманган шойи ишлаб чиқариш бирлашмаси), Хўжандда, шунингдек Андижон, Қўқон, Самарқанд шаҳарларида ривож топган. Атласдан аёллар либослари, кўрпа, кўрпачалар, эркаклар кийиғи ва бошқа буюмлар тайёрланади. Энг машҳур Атласлар: „Қора атлас“, „Барги карам“, „Чақирим“, „Яҳудий нусха“, „Номозшомгул“, „Шахмат“ „Қора кўзим“ ва бошқа Ўзбекистон Атласлари республика ҳудудидан ташқари – хорижий мамлакатларга ҳам чиқарилмоқда. 1967-йилда Монреал (Канада)да ўтказилган Халқаро кўргазмада, 1978-йилда Югославиянинг Загреб шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро ярмаркада хонатлас Олтин медал билан мукофотланди. Тошкент Моделлар уйида хонатлас дан тикилган тайёр кийимлар 1970-йилда Япония (Осако)да, 1987-йилда Будапешт кузги ярмаркасида, 1988-йилда Бағдодса, 1989-йилда Ҳиндистон (Дехли)да бўлиб ўтган Халқаро ярмаркаларда, АҚШнинг Вашингтон (1998) ва Чикаго (1999) шаҳарларида хусусий йиғимлардаги ўзбек Атласлари намойиш этилди[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |