Атмосфера босими — атмосферанинг ер сиртидаги барча нарсаларга ва ер сиртига кўрсатадиган гидростатик босими; атмосфера ҳолатини билдирувчи асосий белги. Симобли барометр билан ўлчанади. Атмосфера босими дин/см2, миллибар ёки мм симоб устуни, гПа билан ифодаланади. Денгиз сатҳидаги ўртача атмосфера босими ёки нормал босим 760 мм сим. устунига ёки 1013,25 гПа га тенг. Баландликка кўтарилган сари атмосфера босими камаяди.

Атмосфера босими
Пастки қатламларда тезроқ, юқори қатламларда эса секинроқ камаяди, денгиз сатҳидан 6 км баландликда атмосфера босими ер юзидаги босимнинг ярмини ташкил қилади. Атмосфера босими баландлик билангина эмас, балки ер юзининг бир нуқтасидан иккинчи бир нуқтасига ўтганда, шунингдек вақт ўтиши билан ҳам ўзгаради. Натижада ер юзида босими пастлашган сиклонлар, босими юқорилашган антициклонлар ва тўлқинли босим соҳаларини кузатамиз. Бу соҳада ҳаво температураси, зичлиги ва оқими ўзгаради, шунингдек атмосфера гирдоблари ҳосил бўлад. Бутун ер шарида 5 км баландликдан бошлаб экватордан қутб ҳудудлари томон атмосфера босими камайиб боради.

Адабиётлар