Атом массаси (нисбий атом массаси) — атом массасининг атом масса бирлигида ифодаланган қиймати.

Атом массаси, атом оғирлиги — атом массаларининг атом массаси бирликларида ифодаланган нисбий қиймати. Атом массаси ифодасини инглиз кимёгари Ж.Далтон ХИХ-аср бошида фанга киритган. 1961-йилда қабул қилинган нисбий атом массалари бирликлари шкаласига асосан атом массаси бирлиги (атм.м.б.) углерод изотопи атоми ¹²C массасининг 1/12 қисмига тенг. Халқаро белгиси — У. Эле-ментар зарралар, атом ядролари, атомлар, молекулалар массаси бирлиги сифатида қўлланади. Атом массаси кимёвий элементларнинг энг муҳим кўрсаткичидир. Кимёвий элементлар атомларининг тузилиши ва хоссаларининг ўзгариш қонуниятлари Атом массаси билан ўзаро боғлиқ. Бир кимёвий элемент изотопларининг Атом массаси қиймати турлича бўлади. Изотоплар аралашмасидан ташкил топган элементларнинг атом массаси сифатида аралашма таркибидаги изотопларнинг процент миқдорларини ҳисобга олган ҳолда шу изотоплар атом массасининг ўртача қиймати қабул қилинади. Ушбу қийматлар элементлар даврий системасида (масса сони келтирилган трансуран элементлар бундан мустасно) келтирилган. Атом массаси турли физик ва кимёвий усуллар билан аниқланади; улардан энг аниқроғи — масспектроскопиядир. Бу усулда элемент ионлари нисбий зарядларнинг қийматлари, бошқача айтганда, заряд катталигининг ион массасига нисбатан аниқланади. Бунинг учун ионларнинг электр ёки магнит майдонида тўғри чизиқли ҳаракатдан четга чиқиши текширилади. Физик усуллардан яна бири ядро реаксиясига асосланган. Бунда ядрода бўладиган ўзгаришлар натижасида бир атом ядросининг иккинчи атом ядросига айланиши туфайли ажралиб чиқадиган энергиядан фойдаланилади. Кимёвий усуллардан бири — элементнинг бир неча кимёвий бирикмалари молекуляр массасини ва бу бирикмаларнинг кимёвий таркибини аниқлашга асосланган. Атом массасини тақрибан аниқлаш усуллари ҳам бор. Масалан, улардан бири Дюлонг ва Пти қоидасига асосланган. Бу қоидага кўра, элемент атом массасининг ўша элементнинг солиштирма иссиқлик сиғими (С)га кўпайтмаси ўзгармас миқдор бўлиб, у тахминан 6,3 га тенг: АС~6,3[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил