Авасим (арабча: العواصم‎‎, „мудофаа иншоотлари, истеҳкомлар“; бирлик ал-ʿāṣима, اَلْـعَـاصِـمَـة, „ҳимоячи“) арабча атама бўлиб, Киликия, Шимолий Сурия ва Юқори Месопотамиядаги Византия империяси ҳамда Умавийлар ва Аббосийлар халифаликлари ўртасидаги чегара зонасининг мусулмон томони шундай номланган[2]. Ҳудуд 8-аср бошларида, мусулмон истилоларининг биринчи тўлқинидан кейин ташкил топган ва 10-аср ўрталарига қадар, яъни Византия юришлари даврида босиб олингунча мавжуд бўлган. Ҳудуд Туғур (اَلـثُّـغُـوْر; бирлик тҳагр, اَلـثَّـغْـر, „ёриқ, туйнук“) деб номланувчи мустаҳкам истеҳкомлар занжири ва Авасим деб номланувчи чегара зонасининг орқа ёки ички қисмларини ўз ичига олиб, чегара вилояти вазифасини бажарган. Византия томонида мусулмонларнинг юришлари клеисура туманлари институти ва акритай чегара қўшинлари томонидан чекланган.

Туғур ва Авасим
اَلـثُّـغُـوْر وَالْـعَـوَاصِـم
ал-тҳугҳūр ва-л-ʿавāṣим
Обект маълумотлари
Тури Мустаҳкамланган чегара ҳудуди
Бошқарувчи Аббосийлар халифалиги (750-йиллар — тах. 930), Ихшидийлар (тах. 935 — 940-йиллар), Ҳамдонийлар (940-йиллар — 962-йиллар), Мамлуклар давлати (14-аср — 1516)
Жойлашуви
Жойлашуви Киликия, Сурия шимоли ва Юқори Месопотамия
Обект тарихи
Қурилиши 8-аср
Қурувчи Аббосийлар халифалиги, Мамлуклар давлати
Фойдаланиши тах. 750-йиллар—тах. 962-йиллар, 14-аср—14тҳ cентурй–1514
Гарнизон ҳақида ма’лумот
Гарнизон тах. 780-йилда 25,000[1]

Туғур атамаси Андалус ва Мовароуннаҳр юришларида ҳам қўлланган ва тарихий тилда сақланиб қолган. Атамани 14-асрда Шимолий Сурия ва Фурот минтақасидаги анъанавий „Авасим ва туғур“дан иборат ҳудудларни назорати остига олган Миср мамлуклари қайта тиклаган[3].

Араб-Византия чегара ҳудуди

Чегара ҳудудининг яратилиши

630-йилларнинг охиридан бошлаб, мусулмонлар Сурияни тезда босиб олгандан сўнг, Киликияда икки куч ўртасида Тавр ва Антитавр тоғ тизмаларининг жанубий ёнбағри бўйлаб, Онадўли платосини Византия назорати остида қолдирган ҳолда Византияликлар ҳам, араблар ҳам даъво қилмаган ва деярли чўл бўлган кенг ҳудуд (арабчада ад-Давоҳи (اَلـدَّوَاحِي, „ташқи ерлар“ ва юнонча та акра (τὰ ἄκρα, „экстремиталар“) деб номланган) пайдо бўлган. Император Ираклий (ҳ. 610–641) ҳам, халифа Умар (ҳ. 634–644) ҳам бу ҳудудда вайрон қилиш стратегиясини амалга ошириб, уни ўз салтанатлари орасидаги муҳим тўсиққа айлантиришга ҳаракат қилган[2][4]. Шунга қарамай, халифанинг асосий мақсади Сурия, Миср ва Шимолий Африкадаги провинсиялари сингари Византияни тўғридан-тўғри забт этиш бўлиб қолиб, 717—718-йилларда Константинополда иккинчи араб қамалининг муваффақияцизлиги ушбу стратегик мақсадни қайта кўриб чиқишга мажбур қилган. Онадўлига босқинлар давом этган бўлсада, забт этиш мақсадидан четлашилиб, икки куч ўртасидаги чегара янада доимий хусусиятга эга бўла бошлади. Кейинги икки аср давомида чегара қалъалари Византия ва Араблар ўртасида алмашиб туриши мумкин эди, аммо араб-Византия чегарасининг асосий контури деярли ўзгармаган[5][6][7]. Шундай қилиб, дастлаб „коваклар, ёриқлар“ маъносини англатган ва ҳақиқий чегара ҳудудларини билдирган „ат-туғур“ (унинг юнонча номи та Стомиа, τὰ Στόμια, „оғизлар/тешиклар“) атамаси „туғур ул-ислом“ (ثُـغُـوْر الْإِسْـلَام, „Ислом чегараси“) ёки „туғур ар-Румийя“ (الثُّغُور الرُّومِيَّة, „Рум чегараси“) каби ибораларда қўлланиб, „чегара“ маъносига айланган[2][8][9].

Кичик Осиёнинг жануби-шарқидаги Византия-араб чегара зонасининг асосий қалъалар кўрсатилган харитаси.

Бу жараён авваллари чўл бўлган ҳудуднинг босқичма-босқич мустаҳкамланиб, айниқса, халифа Абдулмалик (ҳ. 685–705) даврида Византияликлар Киликияни ташлаб кетганидан кейин унинг ўтроқ ва мустаҳкам чегара ҳудудига айланишига олиб келган. Мусулмонлар ташландиқ шаҳар ва қал’аларни қайта эгаллаб, та’мирлаб, ҳудудга кўчиб ўта бошлашган. Бу жараён Умавийлар даврида бошланиб, илк аббосийлар даври, айниқса Ҳорун ар-Рашид (ҳ. 786–809) даврида янада кучайган[2][7]. Шундай қилиб, аста-секин Ўрта ер денгизи соҳилидаги Тарсдан (Арабча Ṭарсūс) Малатя (Арабча Малаṭия, юнонча Мелитене) ва Фуротнинг юқори оқимидаги Камачагача (Арабча Ḥиṣн Камх) чўзилган қалъалар қатори вужудга келган[10][11][12]. Булар стратегик бўғиқ нуқталарда, катта йўлларнинг чорраҳаларида ёки муҳим довонлар яқинида жойлашган[13].

Маъмурий ташкилот ва манзилгоҳлар

Бутун чегара ҳудуди дастлаб Ҳомс Жунди (Мусулмон Сурияси бўлинган ҳарбий маъмурий бирликлардан бири) таркибига кирган. 680-йилдан кейин янги Қиннасрин жундининг бир қисмини ташкил этиб, то Ҳорун ар-Рашид 786-йилда шимол ва ғарбда Византия чегарасидан шарқда Фурот дарёсигача бўлган бутун минтақани, жумладан Антиохия (арабча Антакия), Ҳалаб (арабча Халаб, юнонча Берроиа) ва жанубда Манбижгача (юнонча Ҳиэраполис) бўлган ҳудудда алоҳида Жунд ал-Авасим ташкил этгунга қадар бу ҳолат давом этган. Аввал Манбиж, кейин Антиохия янги вилоятнинг маъмурий марказлари бўлган[2][13][14]. Авасим тўғридан-тўғри Сурия шимоли бўйлаб Баграс, Паяс, Дüлüк (юнонча. Доличе ёки Телух), Искандарун (арабча Искандария), Киррҳус (арабча Қūрус), Раъбан ва Тизин шаҳарларини ўз ичига олиб, Туғурнинг орқасидаги иккинчи мудофаа чизиғи бўлган[2][10]. Ҳақиқий чегара зонаси бўлган Туғур Киликия ёки Сурия (ат-Тугҳūр аш-Шаъмīя, اَلـثُّـغُـوْر الـشَّـأْمِـيَّـة) ва Жазира ёки Месопотамия (ат-Тугҳūр ал-Жазīрīя, اَلـثُّـغُـوْر الْـجَـزِيْـرِيَّـة) қисмларига бўлиниб, улар Аманус тоғлари билан ажратилган. Тарсус ва Малатя тегишли равишда Киликия ва Месопотамия қисмидаги энг муҳим шаҳарлар сифатида шаклланган бўлса-да, Туғур учун умумий ноиб ёки маъмурий марказ йўқ эди. Туғур шаҳарлари турли шаклда Жунд ал-Авасимнинг маъмурий назоратига ўтган ёки алоҳида туманлар сифатида фаолият кўрсатган. 10-асрга келиб Туғур ва Авасим атамалари манбаларда кўпинча бир-бирининг ўрнида қўллангани вазиятни мураккаблаштиради[2][15][16]. Бундан ташқари, 10-аср бошидан Византиянинг Арманистонга юриши муносабати билан Диёр Бакр атрофидаги чегара учинчи қисмга айланиб, ат-Туғур ал-Бакрия (الـثُّـغُـوْر الـبَـكْـرِيَّـة) номини олган[17].

Киликия секторидаги Мопсуэстиа (арабча ал-Масṣīṣа) қайта босиб олиниб, гарнизонга айлантирилган биринчи шаҳар бўлиб, у ерга Умавийлар даврида 703-йилда 300 аскар жойлаштирган, илк Аббосийлар даврида аскарлар сони 4000 нафарга етган. Унинг ортидан 758—760-йилларда Адана, 787/8-йилларда Тарсус эгалланган. Тарсус тезда минтақадаги энг йирик аҳоли пункти ва арабларнинг Византияга қарши энг муҳим базасига айланиб, гарнизонида 4000 нафардан 5000 нафаргача аскар жойлаштирилган. Киликияда ҳарбий аҳамиятдан кўра кўпроқ аҳамиятга эга Айн Зарба (юнонча Аназарбус), Ҳорун ар-Рашид асос солган ал-Ҳāрūния, Талл Губаир ва Канисат ас-Савдо каби муҳим қалъалар ҳам мавжуд эди. Булар Киликия текислиги бўйлаб жойлашган кичикроқ қалъалар билан қўшилиб, уларда ўнлаб одамлардан иборат кичикроқ гарнизонлар бор эди[11][17][18]. Месопотамия чегара ҳудудининг кўпроқ тоғли релефида асосий истеҳкомлар тоғлардаги довонларнинг кириш қисмларини назорат қилиб, нисбатан ҳимояланган водийларнинг унумдор қисмларида жойлашган. Жумладан, Муовия И (ҳ. 661–680 ва Ҳорун ар-Рашид ҳукмронлиги даврида икки марта қайта қурилган Маръаш (юнонча Германикеиа), худди шу тарзда илк Аббосийлар даврида мустаҳкамланиб, 4000 нафар қўшин билан таъминланган Ҳадас (юнонча Адата) ва Умавийлар томонидан мустамлака қилинган, Византияликлар томонидан вайрон қилинган ва қайта тикланган, худди шу тарзда 757/8-йилда 4000 кишилик гарнизон билан таъминланган Малатя. Месопотамия қисмида камроқ аҳамиятга эга бўлган бошқа қалъалар Салағус, Каисум, Ḥиṣн Зибаṭра (юнонча Запетра/Созопетра), Сумаисаṭ (юнонча Самосата), Ҳисн Қалавзия ва Ḥиṣн Зияд кабилар эди. Авасим вилоятининг Дулук ёки Кирр каби баъзи шимолий қалъалари баъзан вилоят таркибига киритилган. Яна шимолдаги нисбатан ҳимояланган қалъа шаҳарлар Қаллиқала (юнонча Феодосиополис, замонавий Арзирум) ва Камача мусулмонлар ҳукмронлигининг энг шимолий ҳудудларини ташкил қилган[17][18][19]. Қудама ибн Жа’фарнинг сўзларига кўра, Туғур ал-Бакрийя таркибига Сумайсат, Ҳани, Маликян, Гама, Хаурон ва Килис кабилар кирган[17].

„... Форс, Месопотамия, Арабистон, Сурия, Миср ва Марокаш чегараларидаги барча йирик шаҳарлардан, бирорта шаҳар йўқ, лекин Тарсусда шаҳарликлар учун ётоқхоналар мавжуд бўлиб, у ерда ҳар бир мамлакатдан келган Эътиқод жангчилари яшайди. Улар Тарсусга етиб боргач, у ердаги гарнизонда хизмат қилиш учун қоладилар. Улар орасида намоз ва ибодат қунт билан бажариладиган амаллар. Ҳамма жойдан уларга садақалар юборилиб, улар бой ва мўл-кўл садақа олишади. Шунингдек, бу ерга ёрдамчи қўшин юбормайдиган султон бўлмаса керак.“
—Ибн Ҳавқалнинг Тарсусни Византияга қарши жиҳод маркази сифатидаги тавсифи[20].

Халифалар Суриядан мустамлакачилар ва оддий аскарлар, шунингдек, форслар, славянлар, насроний араблар ва мусулмон дунёсининг шарқий қисмларидаги шахслар, жумладан Хуросон маҳаллий аҳолиси, туркий Сайāбижа қабиласи ёки Ҳиндистондан жатларни (арабча Зутт) келтириб, ҳудудда аҳоли сонини кўпайтиришган[21][22]. У ерда жойлашган мунтазам қўшинлар камроқ солиқлар (ер солиғи хирож ўрнига ушр), юқори маош ва кичик ер мулклар (қатоий) билан таъминланган. Илк Аббосийлар даврида бу қўшинлар тахминан 25 000 киши бўлиб, уларнинг ярми Хуросондан, қолганлари Сурия ва Юқори Месопотамиядан келган. Улар Византияга қарши жиҳод қилишда диний мотивлар туфайли келган кўнгиллилар билан тўлдирилса-да, кўпинча давлатдан маош олган[18][23][24]. Буларнинг барчаси Аббосийлар ҳукумати зиммасига оғир молиявий юк бўлган. Ҳорун ар-Рашид даврида Киликия секторидан ҳар йили 100 000 олтин динор миқдорида солиқ тўпланиб, унинг барчаси маҳаллий жамоат ишлари, маошлар, жосуслик ва ҳоказолар учун сарфланган. Бундан ташқари, трансчегаравий ҳарбий ҳаракатларнинг харажатлари одатда йилига 200 000 динордан 300 000 диноргача бўлган. Месопотамия секторининг даромади тахминан 70 000 динорни ташкил этиб, марказий ҳукумат ҳар йили истеҳкомларни сақлаш ва чегара қўшинларининг иш ҳақи учун 120 000—170 000 динор қўшимча харажат қилган[25].

Ҳарбий операциялар

9-асрга келиб чегара ҳудудидан Византияга қарши бошланган араб босқинчилик ҳаракатлари аста-секин анъанавий характерига эга бўлиб, давомли ташкиллаштирилган. Қудама ибн Жа’фарнинг ёзишича, араблар босқинининг одатий вақти баҳорда (10-май — 10-июн) отлар учун мўл ем-хашак топиш мумкин бўлган даврда биринчи юриш, бир ойлик дам олишдан сўнг йилнинг энг йирик юриши ёзги босқин (10-июл — 8-сентябр) ва камдан-кам ҳолларда феврал — март ойларида қишги босқин уюштирилган[10][26][27]. Бу босқинларнинг аҳамиятини исломшунос олим Хю Н. Кеннеди қуйидагича та’рифлаган: „Са’ифа (ёзги босқин) халифанинг Маккага йиллик ҳажни ташкил қилиб, унга раҳбарлик қилиш каби рамзий ва анъанавий вазифаларидан бирига айланиб улгурган“[28].

Чегара ҳудудида араблар ва византияликлар ўртасида қаттиқ кураш кечган. Босқинлар ва қарши босқинлар бу урушнинг доимий қуроли бўлган. Шартли чегаранинг ҳар икки томонидаги қалъалар босиб олиниб, вайрон қилинган ёки баъзан ишғол қилинса-да, ишғол ҳеч қачон узоқ давом этмаган. Натижада, минтақадаги кўплаб аҳоли манзилгоҳлари вайрон бўлиб, қайта-қайта кўчиришлар бўлиб турган. Шундай бўлса-да, қишлоқ хўжалиги ва савдога асосланган минтақада, айниқса 9-асрнинг иккинчи ярмида, чегара ҳудудлар Басрани Шимолий Сурия ва ҳатто Константинопол билан боғлайдиган савдо йўли тугунига айланиб, қисқа муддатли фаровонлик ҳақида маълумотлар мавжуд[21][29]. 842-йилдан кейин ва 9-асрнинг кўп қисмида Аббосийлар ҳокимиятининг заифлашуви Туғур устидан назорат аста-секин қайта тикланаётган Византияга қарши курашиб, мустақил курашаётган ярим мустақил чегара амирликлари, хусусан Тарсус, Малатя ва Қаллиқалага ўтишини англатган. 863-йилги Лалакаон жанги Малатяни заифлаштириб, минтақадаги кучлар нисбатини ўзгартирган ва Византиянинг араб чегара ҳудудларига босқичма-босқич бостириб киришининг бошланишини белгилаб берган[30][31][32].

928-йилдан кейин Аббосий халифалигининг сўнгги инқироз даври бошланиши билан мусулмонларнинг чегарадош шаҳарлари назорати Ихшидийлар ва Ҳамдонийлар сулолалари қўлига ўтган. 930-йилларда Жон Куркуас бошчилигидаги византияликлар Малатия ва Туғурнинг Месопотамия секторидаги кўп ҳудудга бостириб кириб, босиб олдилар. Ҳалабнинг Ҳамдоний амири Сайфуддавла (ҳ. 946–967) Византия юришини тўхтата олган бўлса-да, эришилган муваффақият вақтинчалик бўлган. 964—965-йилларда император Никифорос ИИ Фокас (ҳ. 963–969) Киликияни, кейин эса Антиохияни эгаллаб олиши натижасида Ҳалаб Ҳамдонийлари ўлпон тўловчи давлатга айланган[30][33][34][35].

Мамлук — Туркман чегара ҳудуди

13-аср охирида Миср мамлуклари Сурияни забт этгандан сўнг, Сурияни Кичик Осиё ва Кавказдаги туркман давлатлари, жумладан, кейинчалик Усмонлилар империясидан ҳимоя қилиш учун мудофаа зонаси сифатида ат-туғур ва-л-авасимни қайта тикладилар. Аввалги даврда бўлгани каби туғур Сурия ва Месопотамия бўлинмаси, шунингдек, Сурия шимолидаги орқа ҳудудга бўлинган. Мамлуклар Сурия/Киликия томондаги мудофаани ўзларига қарам бўлган Рамазонийлар туркман князлигига ишониб топширган бўлса, Дулқодирийлар князлиги Месопотамия туғурида худди шу вазифани бажарган. Чегара ҳудудини назорат қилиш ва икки қарам бейликларни алоҳида тарзда назорат остида ушлаб туриш учун Мамлуклар еттита стратегик муҳим жой: Тарсус, Аяс, Серфвндикар, Сис, Даренде, Малатя ва Дивриğида гарнизонларни сақлаб қолишган[36]. Аҳмад ал-Қалқашандий Мамлук туғурининг маъмурий бирликларини (ниёбатларини) қуйидагича санаб ўтган: Сурия сектори учун саккизта (Малатя, Дивриğи, Даренде, Элбистон, Аяс, Тарсус ва Адана, Серфендикар ва Сис) ва Фурот секторида учта (ал-Бира, Қалъат Жаъбар ва ар-Руҳо)[3][37].

Яна қаранг

Манбалар

  1. ↑ Кеннедй (2001), пп. 97–98
  2. ↑ 2,0 2,1 2,2 2,3 2,4 2,5 2,6 Стреcк (1987), п. 515
  3. ↑ 3,0 3,1 Ҳонигманн (1987), п. 739
  4. ↑ Каэги (1995), пп. 236–244
  5. ↑ Каэги (1995), пп. 246–247
  6. ↑ Тойнбеэ (1973), пп. 108–109
  7. ↑ 7,0 7,1 Wҳиттоw (1996), п. 212
  8. ↑ Эл-Чеикҳ (2004), п. 84
  9. ↑ Ҳонигманн (1987), п. 738
  10. ↑ 10,0 10,1 10,2 Эл-Чеикҳ (2004), п. 83
  11. ↑ 11,0 11,1 Wҳеатлей (2000), пп. 260–261
  12. ↑ Василиэв (1935), пп. 94–96
  13. ↑ 13,0 13,1 Казҳдан (1991), п. 238
  14. ↑ Wҳеатлей (2000), п. 116
  15. ↑ Ҳонигманн (1987), пп. 738–739
  16. ↑ Wҳеатлей (2000), пп. 116, 260
  17. ↑ 17,0 17,1 17,2 17,3 Ҳонигманн (1935), пп. 42–43
  18. ↑ 18,0 18,1 18,2 Кеннедй (2001), пп. 82, 98
  19. ↑ Wҳеатлей (2000), п. 261
  20. ↑ Тойнбеэ (1973), пп. 114–115
  21. ↑ 21,0 21,1 Стреcк (1987), пп. 515–516
  22. ↑ Wҳеатлей (2000), пп. 116–117, 261
  23. ↑ Wҳеатлей (2000), п. 262
  24. ↑ Тойнбеэ (1973), п. 113
  25. ↑ Василиэв (1935), пп. 96–97
  26. ↑ Тойнбеэ (1973), п. 115
  27. ↑ Wҳиттоw (1996), пп. 212–213
  28. ↑ Кеннедй (2001), п. 106
  29. ↑ Wҳеатлей (2000), пп. 116–117, 262–263
  30. ↑ 30,0 30,1 Стреcк (1987), п. 516
  31. ↑ Тойнбеэ (1973), пп. 110–111, 113–114
  32. ↑ Wҳиттоw (1996), пп. 310–311
  33. ↑ Казҳдан (1991), п. 1479
  34. ↑ Wҳеатлей (2000), пп. 116, 261
  35. ↑ Wҳиттоw (1996), пп. 317–318, 326–329
  36. ↑ Ҳар-Эл (1995), пп. 43–47
  37. ↑ Ҳар-Эл (1995), п. 44

Адабиётлар

Қўшимча ўқиш учун